Яъни, Президентимиз томонидан “Маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилмоқда. Давлатимиз раҳбари шу йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига қилган ташрифлари доирасида “Маҳаллабай” тизими асосида ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва аниқ чора-тадбирлар асосида ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаган эдилар.

Бугунги кунда Фарғонада “Маҳаллабай” ишлаш тизимда ҳар бир маҳаллага тижорат банкларининг масъул ходимларидан иборат доимий вакил бириктирилаиб, улар маҳалла раислари билан бирга хонадонлардаги аҳволни, ишсизлар сони, уларнинг қизиқишлари, ҳудуднинг “ўсиш нуқталари”, мавжуд тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш масалаларини ўрганмоқдалар. Ҳар бир маҳаллани ривожлантириш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилмоқда.

Вилоятнинг Бешариқ туманида ўтказилган тадбир ҳам “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан “Маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйиш ва келгусида амалга ошириладиган вазифаларни бегилаб олишга қаратилди.

Хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари” орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоят, туман-шаҳар ҳокимликларининг мутасадди ташкилотлари раҳбарлари ҳамда масъуллари иштирок этдилар.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров дастлаб вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан Бешариқ туманида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар учун яратилган 200 нафар аёлларга янги иш ўринлари яратган “Sherwood Design” корхонасига ташриф буюрди.

Янги тикувчилик цехи очилиш маросимида сўз олган вилоят раҳбари барча мутасаддилар, “Маҳаллабай” ишлаш тизимига бириктирилган масъулларнинг асосий мақсади фақат янги иш ўринлари яратишга қаратилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Янги иш бошлаган тикувчилик цеҳи фаолияти билан танишган вилоят ҳокими ва тадбир қатнашчилари ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари намуналари билан танишдилар.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари Адиробод массивидаги Ворух-Дашт маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган 100 нафар аёллар бандлигини таъминлаган “Адиробод Ғунчалари” кооперациясининг очилиш маросимида қатнашдилар.

Вилоят ҳокими бу ерда амалга оширилган лойиҳа билан танишар экан, уни янада кенгайтириш, томчилатиб суғориш учун тик артезан қудуқлари қазиш ҳакида масъулларга топшириқлар берди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Х.Бозоров “Ясин қурилиш моллари” цемент заводида ҳам бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Бу ерда заводнинг экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Шу куни тадбир иштирокчилари Бешариқ туманидаги учинчи сектор ҳудудидаги “Файзиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтарига” киритилганлар ҳамда “Маҳаллабай” ишлаш тизими билан танишдилар. Маҳалла фуқаролар йиғинида ишни ташкиллаш тажрибаси билан сектор раҳбари, туман ички ишлар бўлими бошилиғи А.Асқаров таништирди.

Тадбирлар давомида “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги тажрибалар алмашилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

журналист.