Семинарда маҳаллабай ишлаш тизими орқали  маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларда оилавий тадбиркорликни кенгайтириш, аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш ва ишсизликни бартараф этиш, шунингдек, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ва янги тадбиркорликни, жумладан, драйвер лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускорларга кўмаклашиш борасида қилинаётган ишлар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, кейинги пайтда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллаларда бизнесни йўлга қўйиш истагида юрган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган аҳолининг, айниқса, ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи курсларга йўналтириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти.

Шунингдек, ҳудудларда “маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш орқали аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш йўналиши 2020 йилда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз томонидан халқаро тажрибадан келиб чиқиб камбағалликни қисқартиришнинг таъсирчан воситаларини амалиётга жорий этиш, уни ҳисоблашнинг мезон ва усулларини ҳамда узоқ муддатга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқиш каби қатор вазифалар белгилаб берилди. Қолаверса, мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришнинг институционал асослари яратилиб, ушбу масалаларни мувофиқлаштирувчи вазирлик ҳамда шу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб борувчи илмий марказ ташкил этилди.

Бугунги кунда ҳам маҳаллани энг қуйи поғонадаги халқпарвар тузилмага айлантириш, “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётир.