Қайд этилишича, республика бўйича 9 309 та маҳаллада Ёшлар етакчилари лавозимига номзодлар учун “vacancy.argos.uz” порталида танлов эълон қилинди. Танловда лавозимига жами 42 538 нафар номзодлар онлайн ҳужжат топширди (бир ўринга 4,6 нафар). Республика ишчи гуруҳи томонидан номзодлар билан суҳбат ўтказилиб, 9 309 та (100 фоиз) маҳаллалар учун номзодлар танлаб олинди.

Сўнгги йилларда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури, “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари”нинг амалга оширилиши натижасида 596 минг нафар ёшлар бандлиги таъминланди ҳамда 25,7 минг нафар имконияти чекланган ва тиббий ёрдамга муҳтож ёшлар доимий назоратга олинди.

 “Ёшлар дафтари” жамғармаларида маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисмининг 15 фоизи ва ижро ҳужжатларига оид ундирувлар ҳисобидан 382,8 млрд сўм маблағ шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 140 мингга яқин ёшга ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатилди.

 Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, янги ғоялар асосида ишлаб чиқилган инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида 3,3 трлн миқдоридаги маблағларни йўналтириш орқали 132 минг нафар ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилди.