мавжуд ресурслар ҳисобига қандай қилиб барқарор ўсишни таъминлаш мумкин?

Глобал бозорлардаги беқарорлик, логистика занжирларининг узилиши, импортга қарамликнинг хавфли оқибатлари бу саволнинг долзарблигини оширмоқда.

Ана шундай шароитда Президентимиз­нинг 2026 йил 4 февралдаги “Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғри­сида”ги фармони нафақат иқтисодий, балки стратегик тафаккур маҳсули сифатида эъти­бор қозонди. Чунки фармонда белгиланган вазифалар муаммоларни оқибат даражасида эмас, балки илдизидан ҳал этишга қаратил­ган. У ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан чекланиб қолмай, иқтисодиётда яра­тилаётган қўшилган қиймат, саноат занжир­лари аниқлиги ва ҳудудларнинг реал иқти­содий фаоллигини асосий мезон сифатида белгилайди.

Узоқ йиллар давомида кўплаб ҳудудлар, жумладан, Қашқадарё ҳам хомашё етказиб берувчи вилоятлардан бири эди. Дон, гўшт, сут, мева-сабзавот каби маҳсулотлар етиш­тирилар, аммо деярли қайта ишланмас­ди. Натижада ҳудудда яратилиши мумкин бўлган қўшилган қиймат бошқа жойларда шаклланди. Бу ҳолат иқтисодий мантиқ нуқ­таи назаридан ҳам, ҳудудий ривожланиш манфаатлари жиҳатидан ҳам тўғри эмас эди. Президентимиз фармони айнан шу номута­носибликни бартараф этишга қаратилган. Жумладан, саноат кооперациясига оддий ҳамкорликдан ташқари бозор механизмла­рига асосланган манфаатли тизим сифатида қаралмоқда. Аммо мажбурий эмас. Йирик корхоналар учун зарур бутловчи қисмлар, хомашё ва хизматларни имкон қадар ички бозордан харид қилиш орқали кичик ва ўрта бизнес ишлаб чиқариш жараёнига бевосита уланади. Бу, бир жиҳатдан, йирик ишлаб чи­қарувчилар харажатини оптималлаштирса, иккинчи жиҳатдан, ҳудудий тадбиркорлик субъектларига барқарор буюртмалар ман­баини яратади. Айнан шу омил фармоннинг ҳаётийлигини яққол кўрсатади.

Фармонда озиқ-овқат саноатининг драй­вер соҳа сифатида белгиланиши Қашқадарё учун алоҳида аҳамият касб этади. Чунки вилоятнинг табиий иқлим шароити, хомашё базаси ва меҳнат ресурслари бу тармоқни чуқур ривожлантириш учун етарли. Аммо чуқур ривожланиш деганда фақат янги цехлар очиш эмас, балки технологик янги­ланиш, сифат стандартларини жорий этиш, сақлаш, қадоқлаш ва логистика занжирла­рини тўлиқ шакллантириш ҳам назарда ту­тилмоқда. Фармон билан ана шу жараёнлар ягона тизимга боғланмоқда.

Давлат харидлари тизимида жорий этилаётган янги ёндашувлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Маҳаллий ишлаб чиқа­рувчиларга берилаётган нарх преферен­циялари, харидларни лотларга бўлиш, ишончлилик рейтинглари каби механизм­лар оддий тадбиркор учун давлатни реал ҳамкор сифатида кўрсатади. Бу ёндашув, айниқса, озиқ-овқат саноатида фаолият юритаётган корхоналар учун муҳим. Чун­ки барқарор бозорсиз ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳақида гап бўлиши қийин. Фармонда эса айнан шу барқарорликни таъминлаш кўзда тутилган.

Ҳужжатда молиявий ва технологик қўл­лаб-қувватлаш масалаларига ҳам аниқ ва очиқ ёндашилган. Имтиёзли кредитлар, суб­сидиялар, божхона преференциялари аниқ муддат ва механизмлар билан белгиланган. Бу эса тадбиркор учун энг муҳим омил — ишончни яратади. Ишонч бор жойда эса та­шаббус, сармоя ва масъулият бўлади.

Фармондаги узоқни кўзлаган жиҳат­лардан яна бири — кадрлар масаласига эътибор. Бугунги саноатни фақат маблағ ёки техника билан ривожлантириб бўлмай­ди. Малакали муҳандис, технолог, сифат назоратчиси ва бошқарувчи бўлмаса, ҳар қандай лойиҳа қоғозда қолиб кетади. Шу са­бабли фармонда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси алоҳида йўналиш сифатида белгиланган. Бу, айниқса, ҳудудий олий таълим муассасалари зиммасига катта масъулият юклайди.

Мазкур фармон раҳбарлар учун ҳам аниқ хабар беради: энди натижа ҳудудда яратилган реал иқтисодий қиймат билан ўлчанади, ҳисобот билан эмас. Қайси тар­моқда қандай кооперация йўлга қўйилди, қайси маҳсулот импорт ўрнини босди, қайси лойиҳалар иш ўрни очди — мана шу саволлар бош мезонга айланади. Шу билан бирга, фармон раҳбарларга аниқ таянч ҳам беради, яъни ташаббус кўрсатган, масъ­улият билан ишлаган раҳбар учун барча шарт-шароит яратилмоқда.

Президентимизнинг навбатдаги фармо­ни бугунги иқтисодий вазиятда кечиктириб бўлмайдиган, ўз вақтида ва чуқур ўйланган қарор сифатида баҳоланиши лозим. Қаш­қадарё вилояти учун бу ҳужжат хомашё етказиб берувчи ҳудуддан юқори қўшилган қиймат яратувчи саноат маконига айланиш имкониятини беради. Агар фармон маз­муни жойларда тўғри тушунилиб, изчил амалга оширилса, самараси нафақат иқти­содий кўрсаткичларда, балки одамларнинг кундалик ҳаётида ҳам сезилади. Энг му­ҳими, бу ҳужжат давлатимиз раҳбарининг мамлакатни узоқни кўзлаб, масъулият би­лан бошқараётганининг яна бир яққол тас­диғидир.

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,

техника фанлари бўйича фалсафа доктори