Қурилишлар ҳажмининг ошиши табиий тарзда қурилиш маҳсулотларини ҳудуднинг ўзида ишлаб чиқаришни талаб қилаётир. Негаки, кўп қаватли бинолар бунёд бўлишида ишлатиладиган темир-бетон плиталарни четдан келтириш катта қийинчилик ва харажатлар эвазига бўлади. Муқаддам вилоят маркази ҳамда Боғот туманида тадбиркорлар томонидан замонавий технологияларга асосланган темир-бетон плиталар ишлаб чиқарадиган корхоналар бунёд этилганди. Эндиликда вилоятнинг шимолий ҳудудида ҳам ана шундай корхона фаолият бошлади.
“Шедевр Шовот” оилавий корхонаси қуввати минг дона маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги лойиҳани улуғ байрамимиз арафасида ишга туширди. Бу ерда турли ўлчамдаги темир-бетон плиталар ишлаб чиқарилиб, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларига етказиб берилади. Айни пайтда корхонада кичик ўлчамдаги қурилиш ашёлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйиляпти.
Янги корхонада 16 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланди.
Рўзимбой ҲАСАН,
“Янги Ўзбекистон” мухбири