Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Республика туркман миллий маданият маркази Қўмита ҳамда Туркманистонннинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда буюк туркман шоири Махтумқули ижодига бағишланган “Махтумқули ижоди ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик тимсоли” мавзусида маданий - маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Қўмита мутасадди ходимлари, Туркманистонннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, миллий маданий марказлар раислари, Республика туркман миллий маданият маркази фаоллари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва журналистлар иштирок этишди.
Тадбир доирасида туркман миллий маданият маркази томонидан ташкил қилинган Махтумқули асарлари чоп этилган китоблар кўргазмаси, туркман миллий ҳунармандчилик асарлари ва туркман гиламлари кўргазмаси меҳмонлар диққатига ҳавола этилди.
Ўтказилган анжуманнинг мақсади – мамлакатларимизнинг яхши қўшничиликка асосланган ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш орқали қардош халқларимизнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъана ва урф-одатларини сақлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг буюк намояндалари ҳаёти ва ижоди билан ўсиб келаётган ёш авлодни таништиришдан иборат.
Дастур доирасида дастлаб Тошкентдаги Махтумқули барельефи олдида тадбир ташкил қилинди. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг бир гуруҳ ходимлари, Туркманистонннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, Республика туркман миллий маданият маркази ва миллий маданий марказлар фаоллари Махтумқули барельефи пойига гулчамбарлар қўйишди.
Тадбирнинг иккинчи қисми Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида давом этди. Унда Қўмита раиси Рустамбек Курбанов Махтумқули Фироғий ижоди икки қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик риштларини боғлашда муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди.
Анжуман якунида Республика туркман, озарбайжон, қозоқ миллий маданий марказлари фаоллари томонидан тайёрланган концерт дастури иштирокчиларга яхши кайфият бахш этди.