“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан барча истеъмолчиларга бир маромда суюлтирилган газ етказиб бериш тизими йўлга қўйилган бўлиб, йил бошидан бери аҳолига 64 минг 581 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Маълумки, совуқ об-ҳаво вақтида суюлтирилган углеводородли газнинг бир қисми оғир қолдиққа айланади ва ёнувчанлигини йўқотади. Шу боис ундан фойдаланиш мумкин эмас. Бугунги кунда “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг “Музработ”, “Жарқўрғон” ҳамда “Бойсун” газ тўлдириш шохобчаларида оғир қолдиқ тўкиш ишлари доимий равишда олиб борилмоқда.

— Ёз кунларида кунига ўрта ҳисобда 30–40 дона газ баллонидан оғир қолдиқларни тўксак, куз-қиш мавсумида бу сон 70–80 донани, баъзида 95 донани ҳам ташкил этади,—  дейди “Жарқўрғон” газ тўлдириш шохобчасининг оғир қолдиқ тўкувчи чилангари Қурбонов Абдурашид. – Оғир қолдиқни тўкишда ҳар бир тўкилаётган маиший газ баллони аввал тарозидан ўтказилади, оғир қолдиқдан бўшатилгач, яна тортилиб, сўнгра махсус китобга қайд этиб борилади.

Ўтган йил давомида “Узун” газ тўлдириш шохобчасида 18 минг 066 дона маиший газ баллонларидан 16,527 тонна оғир қолдиқ тўкиб олинган бўлиб, шундан 14,380 тоннаси утилизация қилинган.  “Жарқўрғон” газ тўлдириш шохобчасида 2023 йилнинг 10 ойи давомид  19 минг 360 дона баллондан 9,639 тонна оғир қолдиқ тўкилганини кўрсатмоқда. “Музработ” ГТШда эса ўтган 10 ой давомида 371 мингга яқин маиший газ баллонга суюлтирилган газ тўлдирилди. Шундан 26 минг 380 донасида оғир қолдиқлар борлиги аниқланган. Тўкилган қолдиқ миқдори 14.638 тоннани ташкил этиб, шундан 13.050 тоннасини утилизация қилишга эришилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали “Денов-Хайрабод” ва “Қумқўрғон-Оқжар” газ тўлдириш станциялари хизматидан фойдаланади ва у ерда ҳам ҳар бир маиший газ баллондан оғир қолдиқ тўкилиши назоратга олинган.  Ўтган 2023 йилнинг 10 ойи давомида вилоят бўйича 211 минг 732 тадан ортиқ маиший газ баллонлардан оғир қолдиқ тўкиб олинган.

— Тўкиб олинган оғир қолдиқлар биржа орқали савдога қўйилиб, самарали фойдаланилмоқда, — дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг суюлтирилган газ бўйича ўринбосари Ферузбек Атамуродов. — Натижа эса газ тўлдириш шохобчаларини янада мукаммаллаштириш, ишчи-ходимларга шароит яратишга йўналтирилган.

Маиший газ баллондан фойдаланишда унинг яроқлилик даври мавжуд бўлиб, маиший газ баллонлари биринчи марта 5 йилга, кейин эса уч йилга синовдан ўтказилади. Ҳозирда ҳар бир ГТШ қошида махсус синов цехлари мавжуд бўлиб, ўтган йилда 50 642 дона маиший газ баллонлари синовдан ўтказилган.

Мутахассисларнинг айтишича, синовдан ўтказишдан олдин маиший газ баллони оғир қолдиқдан бўшатилиб, махсус ускунага ўрнатилади. Сўнгра баллон сув билан тўлдирилади. Маиший газ баллон 25 килограмм босим остида 12–15 дақиқа синалади. Босим остида синаш вақтида маиший газ баллон ҳолати кўздан кечирилади. Агар баллонда сув сизиб чиқиши, ишиш ҳолати сезилса, ушбу баллон яроқсиз ҳисобланади ва утилизация қилинади. Синовдан ўтган баллонларга тепа қисмидаги махсус ёрлиққа синов муддати муҳрланади. Барча иш якунига етгач, уларни бўёқлаб, сўнг фойдаланиш учун топширилади.

Шу ўринда истеъмолчиларга алоҳида таъкидлашни истардикки, суюлтирилган газ баллонида ҳосил бўлувчи оғир қолдиқни ўзбошимчалик билан тўкиш мумкин эмас, уни тўкиб олувчи махсус жойлар ва ускуналар бор. Оғир қолдиқни тўкманг ва ҳаётингизни хавф остига қўйманг.