Энг аввало, бу борадаги амалий ишларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида зарурий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан,  Президентимизнинг 2019 йил 30 июлдаги «Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларга туртки бўлди.

Фармонга асосан, Олий Мажлис Сенати раиси раҳбарлигида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилди ва ушбу масала бўйича «Миллий маърузачи» институти жорий этилди. Сўнгги уч йилда 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жавобгарлик нормасини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодексига қўшимчалар киритилди.

Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ давлат департаменти, «Cotton Campaign» ва «Human Rights Watch» халқаро ташкилотлари тавсияларини инобатга олган ҳолда одам савдоси ва мажбурий меҳнат соҳасида Ўзбекистоннинг позициясини яхшилашга қаратилган «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди ва мазкур йўналишдаги тизимли ишлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.

Сир эмас, бундан бир неча йиллар аввал ижтимоий соҳа вакиллари, хусусан тиббиёт ходимларини турли хил кўринишдаги мажбурий меҳнатга, жамоат ишларига жалб этилиши оддий ҳол эди.

Хўш, бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида мажбурий мехнатни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар қониқарлими, мазкур тизимга тааллуқли барча бўғиндаги раҳбарлар масъулиятни ҳис этиб, иш олиб бормоқдами?

Айнан шу саволларга ҳолис жавоб топиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссиясининг режасига асосан қуйи палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан жорий йил февраль ойида тиббиёт ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган барча турдаги ишларга жалб қилиниши ҳолатлари Фарғона ва Андижон вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Ўрганиш якунлари Қонунчилик палатаси депутатлари, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзолари, Фарғона ва Андижон вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, ижро ҳокимияти вакиллари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси вакиллари иштирокидаги қўмитанинг видеоконференция тарзида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Андижон ва Фарғона вилоятлари бандлик бош бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида Мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг жойлардаги ижросини таъминлаш мақсадида тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилган.

Жумладан, 2020 йил давомида Фарғона вилоятида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича барча шаҳар ва туманларда жами 68 та баннерлар ўрнатилиб, аҳолини ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида 10 000 та флаерлар ҳамда 2200 та услубий қўлланмалар тарқатилган. Андижон вилояти бандлик бош бошқармаси томонидан ҳудудларда 554 та ҳуқуқий тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилган бўлиб, уларда жами 13218 нафар фуқароларнинг иштироки таъминланган.

Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам 2020 йилда Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссияси томонидан тасдиқланган “йўл харитаси”га мувофиқ, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда давлат идоралари раҳбарлари, фермер хўжаликлари, пахта тўқимачилик кластерлари раҳбарлари ва иш берувчиларни жалб қилган ҳолда вебинар шаклида ўқув семинарлари ўтказилган.

2020 йил ўтган даври мобайнида Фарғона вилоятида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 6 та корхона, ташкилот ва маҳаллий ҳокимликнинг 7 нафар раҳбари ҳамда масъулларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддалари билан маъмурий жарима жазолари қўлланилган.

Андижон вилояти бандлик бош бошқармаси томонидан 2020 йил давомида жойларда 320 та мониторинг тадбирлари ўтказилган бўлиб, ушбу тадбирлар давомида 19 та салбий, шундан 5 таси меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ҳолатлари аниқланган. Мониторинг тадбирлари давомида 57 та ҳолатда бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар киритилган.

Депутатлар қайд этганидек, ўрганилган ҳар икки вилоятдаги тиббиёт муассасаларида ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари яққол кузатилмаган бўлса-да, аноним ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, айрим муаммолар мавжуд эканлиги аниқланди. Хусусан, пандемия даврида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда тўловсиз тунги навбатчилик ишларига жалб этиш, кичик тиббиёт ходимлари муассасасига тегишли ҳудудда хизмат вазифасидан ташқари ободонлаштириш ишларига жалб этилиши, тиббиёт ходимларини соҳага оид газета ва журналларга мажбурий обуна қилиш ҳолатлари кузатилган. Тадбирда мазкур ҳолатлар бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқлари ва тегишли мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.