Шогирдлар камоли — устозлар жамоли
Бироқ ўтмишда улар орасида хушовозлари, пири созлари юлдуздек порлаб, халқона ибора билан айтганда, “мана-ман”, деб яққол кўзга ташланиб турадиганлари, таассуфки, унча кўп эмас.
ХХ асрнинг олтмишинчи йилларида Бола бахши, Ҳожихон Болтаев, санъатни баланд мақомга кўтарган Комилжон Отаниёзов, лирик қўшиқларига ошуфталарни оҳанрабодай тортган Фахриддин Умаров, соҳир нолалари билан қўшиқ шайдоларини “Ўхшайди-ку”латиб юборган Таваккал Қодиров, дуторини “қул-қул”латиб “Индамади”си билан кўнгилларни сел қилган Неъматжон Қулабдуллаев, ўзининг бас-баритон овозию торнинг энг тепасида ҳеч қайси ҳофиз ишлатмайдиган “бас” аталгувчи қўшалоқ симни автоматдай дириллатиб, дилларни зириллатган Комилжон Баратов кабилар ана шундай беназир ҳофизлар тимсолида мавқе топишган.
Номи тилга олинган ҳофизлар халқ онгида шаклланган анъанавий тасаввурларни тамомила ўзгартириб, миллий санъатимизга янгича руҳ киритдилар. Янги ҳаво миллионлаб мухлислар қалбини забт этди, суюкли ҳофизларга айлантирди. Натижада концертлари замонавий тилда “аншлаг” бўлиб, уларга довруқ келтирди. Бироқ, “Шуҳрат – офат” экан. Айни ҳолат узоққа чўзилмади. Салоҳиятининг фавқулодда рўёбга чиқиши, оммабопликнинг таъсир доирасидан қўрққан собиқ тузум идеологияси тарафидан бундай етук санъаткорларнинг турли важ-корсонлар билан ёмонотлиққа чиқарилиши, улар атрофида турфа уйдирмалар тарқатилиши оқибатида Комилжон Отаниёзов фалажга, Фахриддин Умаров ва Таваккал Қодиров тақиққа, Комилжон Баратов ҳибсга йўлиқтирилди.
Бир ёмоннинг бир яхшиси бўлганидай, ўзи суйган ҳофизларни соғинган, янги оҳангларни қўмсаган халқ толеига Яратганнинг инояти ила янги-янги иқтидорлар, сеҳрли овозлар, хуш ёқувчи нафаслар пайдо бўлди. Хоразмдан Олмахон Ҳайитова, Ортиқ Отажонов, Тўрткўлдан Отажон Худойшукуров, Тошкентдан Бахтиёр Тўлаганов, Хайрулла Лутфуллаев, Андижондан Ўринбой Нуралиев, Шерали Жўраев, Нуриддин Ҳамроқулов, Фарғонадан Солижон Маматов, Қобилжон Юсупов, Назиржон Назаров, Қашқадарёдан Тожиддин Муродов, Бухородан Аҳмаджон Шукуров ва бошқа янги нафас, янги овозлар қўшиқчилигимиз бўшлиқларини тўлдира бошлашди. Сир эмаски, улар ўз йўналишларини топишида ўзларидан аввалги устозлар мактаби ҳал қилувчи омил бўлган. Ўз камоли билан устозлар жамолини кўрсатган шогирдларнинг олдинги сафларида исми жисмига мос Камолиддин Раҳимов ҳам бор эди.
У 1943 йил 12 январда Наманган шаҳрида туғилган. Тошкент маданият институтини тугатган ҳофиз ашула сабоқларини, даставвал, Ваҳобжон Абдуллаевдан ўрганган. Наманган маданият уйи қошидаги Уста Рўзиматхон номидаги ашула ва рақс ансамблида хонанда, мусиқа раҳбари, бадиий раҳбар бўлиб ишлаган. 26 йил давомида эса вилоят театрида яккахон хонанда вазифасида фаолият юритиб, самарали ижод қилди.
Услубда ўзига хослик сирлари
Ўзининг халқчил ашулалари билан миллионлаб мухлислар қалбини ишғол этган манзурнафас ҳофиз Камолиддин Раҳимовнинг тез орада тилга тушиши, довруқ қозониши, водийдан то пойтахту воҳа, қўшни мамлакатлар, бора-бора хориждаги шинавандалар дилини эгаллашининг омиллари, синоатлари, ўзига хосликлари нимада эди?
“Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, деганларидек, Камолиддин Раҳимов ўз йўлини топишида кўп устоз кўрди, улардан ҳунар ва одоб дарсларини ўзлаштирди. Устозларининг юриш-туриши, муомаласи, қисқаси, характерини синчиклаб ўрганди. Қайси фазилат ёқса, ўзига юқтириш, аксинча, ёқмаганларидан йироқлашишни бош мезон қилиб олди. Ҳатто бир гал суҳбатлашаётиб, шахсидаги ажойиб устунликни кимдан ўрганганини сўраганимда устозлари Юнус Ражабий, Орифали Махсумов, Маъруфхўжа Баҳодиров, Фахриддин Умаров, наманганлик Нури махсум, Ваҳобжон Абдуллаев, Сотволди Йўлдошев, Насриддин Мажидовнинг ўгит-йўриқлари асқотганини миннатдорлик билан қайд этганди.
Камолиддин ака тақво-эътиқодда ҳам собит, иймон-диёнатда барқарор, намоз-ниёзда қойим, чин маънода, мўмин-мусулмон банда эди. Ўтган аждодлар, устозлар руҳини тиловат, эҳсону хайрли юмушлар билан хушнуд этишни канда қилмасди. Болалик қадрдонлари, қариндош-уруғлари, шогирдлари, ҳатто “фанат” мухлислари ҳолидан доимо бохабар турар, кун тартиби тиғиз ва бандлигига қарамай, эзгуликларга вақт ажратар, ҳафсала қиларди.
Ҳар йили пойтахтдан тўй мавсумини якунлаб келганида (одатда аксарият Рамазон ойи олдидан) машинаси юкхонасига ўзи билган ночор оилаларга, камхарж хонадонларга, яқинларига, устоз ва шогирдларга қарийб бир ой – Рамазонга етадиган қозон қайнагулик бозор-ўчарни ташкиллаштириб, тарқатганига гувоҳ бўлганман. Қиш фасли остонасида йигирма-ўттиз жуфт калиш, ҳасса, чопонларни таниш масжид имомлари орқали эҳсон соҳибини билдирмаслик шарти билан эҳтиёжманд кимсаларга ҳадялар улашганидан ҳам воқифман.
Камолиддин ака камтаринликда намуна эдики, шуҳрат чўққисида турган паллаларда ҳам бировга калондимоғлик ёки беписандлик қилганини сезмаганмиз, десам муболаға эмас. Ҳар гал Камолиддин ака ҳақида ўйлаганда ва у билан суҳбат қурганимда “Буюклик – оддийликда”, деган ҳикмат ёдимга тушаверади. Халқ шоири Эркин Воҳидов чойнак ва пиёла манзараси ифодаланган “Камтарлик” шеърини худди Камолиддин акага атаб ёзгандай туюлаверади.
Дарҳақиқат, Камолиддин ака одамийлик нақши эди. Одамга ботадиган бирор хатти-ҳаракатини, очиғи, пайқамаганмиз. “Беайб – Парвардигор”, дейдилар. Камолиддин аканинг феълида кимлардир айб, камчилик санагани ҳам, ашаддий мухлиси бўлганимизданми, биз учун фазилатдек эди. Шундай ўйга чўмарканман, кўнглимдан сурурли фикрлар кечади. Башарти, оилада, жамоада, маҳалла-кўйда, қариндош-уруғлар, яқин-йироқлар орасида, жамиятда ҳаддини, босар-тусарини билиб, ўзига гард юқтирмаган ижодкорнинг шахсий хислатлари учун унвон ёки мукофот жорий этилса, унга, ҳеч шубҳасиз, устоз Камолиддин ака Раҳимов муяссар бўлишига иймоним комил. Зеро, ҳофизга давлат мукофотлари – “Эл-юрт ҳурмати” ва вафотидан сўнг “Фидокорона хизматлари учун” ордени берилгани ҳам бежиз эмас, албатта.
Яхшиларга ёндашган инсон
Санъаткорлар тўғрисида гап очилганда, ўзига хос мактаб яратган, дейиш расм бўлган. Камолиддин Раҳимов ҳар бир қўшиғида мактаб яратган санъаткор!. Етуклик, устозларга садоқатли шогирдлик, шогирдларга талабчан ва ғамхўр устозлик, ота-онаси ва халқига муносиб фарзандлик, солиҳ ва солиҳа ворисларига меҳрибон оталик, ўз соҳасининг миридан-сиригача биладиган қомусий билимдонлик, қўйингки, намуна дорилфунунини яратган, асл бахтга эришган санъат дарғаси, бўлганини тан олмаслик иложсиз. Акс ҳолда, Камолиддин Раҳимовнинг ўзи бу қадар севимли, қўшиқлари бу даражада дилтортар бўлмасди.
Радиода ёки магнит тасмасида исми эълон қилинмай, қўшиғи бошланмай, мусиқаси янграши ҳамоноқ созни ўзгача жаранглатиши, танбурона ингратишидан торни айнан Камолиддин аканинг сеҳрли бармоқлари чертаётгани синчков мухлисларга аён бўлардики, ноёб ҳодисадан ҳангу манг турардик. Аллома навозанда Турғун Алиматов “Торни озар устаси Багатир ясасин-у, ўзбек ҳофизи Камолиддин сайратсин-да!” дегани, Багатирнинг Бокудаги устахонасида Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимовнинг тор ушлаб турган портрети илиб қўйилгани фикримизга далилдир. Ўша даргоҳда ҳофизнинг “Кўчамдан жонон ўтганда” қўшиғининг бошланишидаги нолага қулоқ солган уста Багатир ансамблда танбурни ким чалганига қизиққани, ваҳоланки, ансамбль ва танбур ҳам эмас, фиғоний нолаларни Камолиддин Раҳимов уста Багатир ясаган торда чалганини эшитганида, ишонмагани ҳам рост.
Маълумки, Камолиддин Раҳимовнинг уста Олим Комилов, Қаҳрамон Дадаев, Тожиали Олимов каби доирачиларга рағбатидан ўз ижодини доира чалишдан бошлаган. У ўз даврининг қўшиқчилари уста Нури қори, Сотволди Йўлдошев, Абдурашид Воҳидовларга доира чалган. Доирачиликдан етишиб чиққани учунми, ҳофизлар ичида энг усули бисёрликда, тағин мураккаб ва тескари усулларда қўшиқлар ярата олиш, Хоразм сувораларини ҳам бемалол уддалашида Камолиддин акага етадигани саноқли.
Ардоқли ҳофиз ёрқин истеъдодининг нодир маҳсуллари – “Ул ёра ишонмайдур”, “Соғинсам отажоним”, “Кўчамдан жонон ўтганда” каби ашулаларни машҳур Жўрабек Муродов ва Шерали Жўраев ҳам севиб ижро этишгани унинг истеъдодига бўлган ҳурмат ва эътирофнинг гўзал жавобидир. Камолиддин аканинг нурли қисматига хос яна тўртта муҳим жиҳатга тўхталмасам, мушоҳадаларим бамисоли кемтик қоладигандай.
Биринчидан, ўзи басталаган “Жунун водийси”, “Севасанму?”, “Кутарман зор” каби ўнлаб қўшиқларини Камолиддин акага тортиқ қилган буюк бастакор Саидхўжа Холдорхўжаевнинг ҳам ҳофиз камолотида мислсиз улуши бор.
Иккинчидан, Камолиддин Раҳимовбоп ғазаллари билан Фузулий, Жомий, Навоий, Бобур, Машраб, Махтумқули, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ҳамда Чустий, Шўхий, Рашид Халил, Нуриддин Бобохўжаев, Робиддин Исоқов, Қурбоной Убайдуллаева, Ҳакимжон Турсунов, Мамажон Парпий, Ёқуб Аҳмаджон каби наманганлик ҳамюртлари ҳам ўз шеърлари билан унинг қўшиқларига қанот бағишлашган. Нокамтарликка йўйманг-у, “Ёдимда қолди”, “Оввора қилма”, “Мен сизни тушимда кўриб тураман”, “Отажон”, “Қўмсаш”, “Яхшиларга ёндошиб”, “Эл ичра назар топдим” ва бошқа ўнлаб ижодий намуналаримни забардаст хонандамиз ижро этганидан ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Шунга суяниб, баралла айтиш мумкинки, Камолиддин Раҳимов Шарқ халқлари, жумладан, ўзбек мумтоз ва замонавий шеърияти, шунингдек, Наманган шоирларининг беғараз тарғиботчиси эди.
Учинчидан, фаолиятини Камолиддин ака билан бошлаган актёр ва хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турдали Сайдуллаев ҳам жўровозликда унга узоқ йиллар елкадош бўлганини ҳамкорликда яратган қатор-қатор дилрабо қўшиқлар ҳаққи унутмаймиз. Жўровозликдаги қўшиқлар ўзбек радиоси олтин фондидаги бебаҳо дурдоналардан ҳисобланади. Камолиддин Раҳимов қўшиқларини магнит тасмаларига муҳрлашда заҳматкашлар – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нуриддин Аминжонов, овоз созловчилар Зайниддин Жўраев, Юсуфжон Умаралиевнинг хизмати таҳсинга сазовор.
Тўртинчидан, шогирд тарбиялашда ҳам у киши ибрат намунаси эди. У устозлик қилган элга манзур иқтидорларни санаб адоғига етиш мушкул. Зеро, юқорида таъкидлаганимиздек, “Шогирдлар камоли – устозлар жамоли”. Ўғли Ҳусанбой Раҳимовнинг ҳозирда ота касбини дадил давом эттираётгани от изини той босишига яққол далолатдир.
Буюкликка элтган омиллар
Камолиддин Раҳимовнинг камолотга эришишида жонажон азим Тошкент муҳитининг, у ердаги дўстларининг, санъатимиз пешволарининг, мухлисларнинг, Шукур ота Раҳматов, уста Носирхон Турсунов, Абдураззоқ Набиев, Ҳамиджон Тоҳиржонов, ўз муаллифлик кўрсатувларида, хусусан, “Дийдор ширин”да Камолиддин Раҳимов сиймосига ихлосмандлик билан қарайдиган моҳир сухандон Муслимбек Йўлдошев ва бошқаларнинг ҳиссаси ўчмасдир.
Камолиддин ака бирор тўй ёки маросимда марҳум ижодкорлар қўшиғини айтиб, шунинг ортидан беш-тўрт сўм топган бўлса, буни қарз ҳисоблар, холироқ лаҳзаларида ўшалар ҳаққига дуои фотиҳа ўқиб, гўё қарздан ўзини фориғ қилар эди. Камолиддин аканинг қадду бастида салобат, чеҳрасида нур, қалбида меҳр, бармоқларида сеҳр, қадамида барака барқ уриб тургани шундандир, эҳтимол.
Наманган довруғин ёйган қўшиқлар ва дунё бўйлаб янграган овоз
Қобилият эгалари санъатга икки хил йўсинда кириб келишади. Биринчиси ёниб, иккинчиси тутаб. Ёниб кириб келганлари мангу ёнади, теваракка ҳам қўр ва тароват бағишлайди. Иккинчи тоифалар эса фақат тутайди. Биз ҳикоя қилаётган қаҳрамонимиз биринчи тоифага мансуб, ёниб, юракларга тафт бахш эта олгани кундек равшан.
Олтмишинчи йиллар охирларида ўзининг “Ҳаргиз”, “Қошига ўсма қўйиб”, “Севасанму?”, “Севганинг ростму” қўшиқлари билан мухлислар юрагини муҳаббат васфи билан алангалатгани оташин илҳом, улкан истеъдод, заҳматли меҳнат ҳосиласидир. Билъакс, ҳофиз куйдан-куйга, хонишдан-хонишга, кундан-кунга, йилдан-йилга, концертдан-концертга тўхтамай ўсди, нуфузи ошди. Концерт дастурлари гавжумликда олқишу қарсаклар оғушида ўтди.
Гул шаҳри булбули репертуарининг муқим – “Намангандан кетар бўлсам”, “Наманган тановори”, “Шаҳри Намангон”, “Наманган манзумаси”дек жозибадор қўшиқлари диллардаги ғурур, фахр-ифтихор туйғусини жўштиргани билан қимматли.
Луғатимизда “назаркарда” деган сўз учрайди. Бу эътиборга тушган, улуғлар назаридан ўтганларга ишлатиладиган пурмаъно сўзлардан. Камолиддин Раҳимов, ҳеч истисносиз, ана шундай рутбага эришганлардан эди. Бу нисбатни олишда ҳам салоҳияти асқотганига заррача гумон йўқ. Ҳофизнинг Наманган тоғлари-ю боғлари, дилбар гўшаларидан илҳомланиб яратган “Кўчамдан жонон ўтганда”, “Қошингиз қаросиму”, “Лаълихон”, “Гоҳ-гоҳ кўриниб”, “Наргиз” каби юзлаб ҳароратли қўшиқлари Наманган довруғини оламга ёйгани инкор этилмас аксиомадир.
Ҳофиз водий, Ўзбекистон ёки собиқ иттифоқ миқёсида, қўшни республикалардан ташқари Япония, Бирлашган Араб Амирликлари, Афғонистон каби хорижий давлатларга қилган гастрол сафарлари мобайнида жаҳонда янграган овози миллатимиз ва элимизга нуфуз келтирган. Маданий саёҳатларга тайёргарлик учун мўлжалланган ажнабий тиллардаги ашулалари ҳам унинг бисотини безайди.
Келажак авлод учун ўрнак
Шу йил бошида вилоят мусиқали драма театрида марҳум Камолиддин Раҳимов таваллудига 80 йил тўлиши муносабати билан хотира кечаси ташкил этилгани, маънавий бой ҳофизнинг ибратли ҳаёти ва ижоди жамланган китоб ҳам нашр қилингани вужудимни ҳаяжонга чулғади.
– Менинг Матлуба бўлишимда Камолиддин Раҳимовнинг беқиёс хизматлари бор, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Матлуба Дадабоева. – Олим бўлиш, катта поғоналарга чиқиш мумкин, лекин устозимиздек ҳассос инсон йўқ. Ёш санъаткорларга ҳам қўллари кўксида салом берарди, дуо қиларди. Менга ҳам дуоларини олиш насиб этган. Одоб, ахлоқ, эътиқодга чақирадиган ва асрларга татийдиган асарларини биз кўзимизга суртамиз.
Тадбирда Камолиддин Раҳимов қўшиқларини издошлари, таниқли хонандалар талқин этишди. Ҳайратланарлиси, бу қўшиқларни Фарғона, Бухоро, Хоразм йўлида куйлайдиганлар ижро қилса-да, ҳаммаси айнан Камолиддин Раҳимов қочиримлари ва дардли нолаларини чиқариб куйлади.
– Камолиддин аканинг новаторлиги шундаки, у умрбоқий асарлар яратди, ўзбек мусиқа меросида янги саҳифа очди. Устознинг услубидаги тароналар, махсус тор чертиш қирралари ҳозиргилар учун дастуриламал, келажак авлод учун ўрнакдир, – дейди “Мақом санъати” маркази бош директори, профессор Сойибжон Бегматов.
Истардикки, ўзбек қўшиқчилигининг бетакрор намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳиби Камолиддин Раҳимов хотирасини абадийлаштириш, унинг номини Наманган ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат мактабига қўйиш, маҳобатли майдонда ҳайкал-бюстини ўрнатиш, музей ва ижод мактабини очиш, ўлмас асарларини ёш авлодга ўргатиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, методик қўлланмалар яратиш фурсати келди.
Зиёвиддин МАНСУРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Наманган вилоят бўлими раҳбари,
“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби