Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан ташкиллаштирилган Жанубий Корея - Ўзбекистон бизнес ассоциацияси (КУБА) делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида КУБА раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон кеча Ўзбекистон мактабгача таълими вазири Агрипина Шин билан учрашди.

Тадбирда вазирлик томонидан илгари сурилаётган мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш доирасида бўйича лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Жанубий Корея мутахассислари томонидан ишлаб чиқилаётган «Edu Link» дастурининг мазмуни ва асосий функциялари бўйича қўшма тадбирлар атрофлича кўриб чиқилди.

Вазирга лойиҳани тайёрлаш ва уни жорий йил 1 сентябрда расмий тарзда ишга тушириш бўйича тайёргарлик ва тарғибот режалари тўғрисида маълумот берилди. Жанубий кореялик сармоядор лойиҳа Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик ва икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 29 йиллик саналарига ўзига хос туҳфа бўлишини алоҳида таъкидлади.

Мулоқот чоғида, шунингдек, Тошкент шаҳрида Жанубий Корея стандартлари асосида олий ўқув юрти очиш, Фарғона ва Наманган вилоятларида мактабгача таълим муассасаларини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди, истиқболдаги режалар белгилаб олинди.

Учрашув якунида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ва лойиҳани белгиланган муддатда ишга тушириш бўйича ишчи гуруҳнинг тизимли фаолиятини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди, деб хабар беради «Дунё» АА.