Йиғилишда вазир халқ таълими муассасаларини 2022/2023 йилги куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари жойларда талаб даражасида олиб борилмаётганини танқид қилди.
Хусусан, халқ таълими тизимида 10 мингдан ортиқ мактаб мавжуд бўлиб, уларнинг моддий-техник ҳолати ва инфратузилмаси ўша ердаги маҳаллий ҳокимлик раҳбарлари томонидан мувофиқлаштирилиши лозимлиги, тизим раҳбарлари эса ҳокимликлар билан муаммоларни ҳал этиш масалаларини тезкорлик билан амалга ошириши зарурлиги айтилди.
Йиғилишда республика ишчи гуруҳлар томонидан жойлардаги ижтимоий объектларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилиб, қатор камчиликлар аниқланаётгани тилга олинди.
Жумладан, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги “Ойбек” маҳалла ҳудудида жойлашган 58-мактаб ва унинг филиалларига 20 тонна яроқсиз кўмир етказиб берилгани, иситиш қозони умуман яроқсиз ҳолатда экани, мактаб ота-оналар томонидан олиб келинадиган ўтин ёрдамида “буржуйка” печкалар ёрдамида иситиб келинаётгани танқид қилинди.
Вилоятнинг Қамаши туманидаги 85-мактаб филиали аҳволи ҳам ўта ачинарли ва таъмирталаб ҳолатда экани, иситиш тизими йўқлиги, Наманган вилояти Уйчи туманидаги 4-мактаб қозонхонасидаги тақсимлаш қутисида носозлик аниқлангани қайд этилди.
Вазир ҳар бир ҳудуддаги халқ таълими бошқарма бошлиқлари ва туман халқ таълими бўлими мудирлари мактабларда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича аниқланган муаммони туман ҳокими билан биргаликда тезкорлик билан ҳал қилиш бўйича кафолат хати тақдим этиши юзасидан топшириқ берди.
Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида сусткашликка йўл қўйган соҳа масъулларига тегишли интизомий жазо чоралари қўлланди.
Шунингдек, ўқитувчиларни ўз хизмат вазифасидан ташқаридаги ишларга жалб қилмаслик бўйича ҳудудий раҳбарлар яна бир бор огоҳлантирилди. Ўқитувчи ва устозлар фақат мактабда таълим сифатига жавоб бериши кераклиги, дарс мазмуни уларнинг биринчи ва ягона вазифаси бўлиши лозимлиги тушунтирилди.
Ҳудудий масъуллар мактабларда интизом масалаларига алоҳида эътибор бериш кераклиги, таълим жараёнига боғлиқ мурожаат ва муаммоларни жойлардаги мутасаддилар ўрганиб, ҳал этиши лозимлиги, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган тизимга доир танқидий материалларга ўз вақтида муносабат билдириш, келтирилган муаммоларни тезкор ўрганиш бўйича барча даражадаги раҳбар ва масъуллар қатъий огоҳлантирилди.