Ўрганиш якунлари бўйча Бухоро давлат университетида ўтказилган йиғилишда вилоятдаги педагогларнинг аттестация жараёнида қайд этган натижалари, ютуқ ва камчиликлари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда инспекция ахборот хизмати.
Сўнгги уч йилда вилоят мактабларидаги олий тоифали педагоглар сони икки баробар ошган. Бугунги кунда вилоят мактабларида ишлаётган 26 минг 145 нафар олий маълумотли ўқитувчининг олти фоизи олий тоифали. 2018 йили бу кўрсаткич 2,6 фоиз этди. Шунингдек, ўқитувчиларнинг 17,7 фоизи биринчи тоифали, 29,6 фоизи иккинчи тоифали. Бу республика миқёсида бошқа ҳудудларга қараганда яхши кўрсаткич саналади.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбаев вилоятда олий тоифали ўқитувчилар улуши қисқа муддатда қандай ошганига изоҳ бериб, жумладан, шундай деди:
— Ўрганиш давомида мактаблар ўқитувчилари вилоятдаги малакали педагоглар ташкил этган нодавлат малака ошириш курсларида тоифа синовларига тайёргарлик кўрганига гувоҳ бўлдик. Улар ҳудудий малака ошириш марказида ололмаган билимларини айнан шу курсларда олган. Шу боис бу курсларнинг натижадорлиги ўқитувчилар томонидан кенг эътироф этилмоқда. Бу яна бир бор педагоглар малакасини оширишга хусусий секторни кенг жалб этиш бўйича билдирилган ташаббус тўғрилигини тасдиқлайди.
Йиғилишда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази фаолиятидаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Хусусан, марказда ўқитувчининг малака оширишдан кейинги фаолиятини ўрганиш ва таҳлил қилишнинг мукаммал электрон портфолио тизими ишлаб чиқилмагани, кимё, биология ва физика фанларидан ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминланмагани, амалий фанлар (технология, тасвирий санъат ва чизмачилик, мусиқа)дан тингловчилар учун амалий машғулотларни ўтказиш учун жиҳозларнинг мавжуд эмаслиги, аксарият тингловчиларнинг минимум талаб даражасида АКТдан (40–50 фоиз) фойдаланишни ва чет тилини (80–90 фоиз) билмаслиги малака оширишни самарали ташкил этиш имконини бермаётгани таъкидланди.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ушбу марказга янги раҳбар тайинлангани ва мазкур камчиликларни бартараф этиш учун ҳаракатлар бошланганини қайд этди.