Ватандошимиз малайзиялик иш берувчи томонидан унинг фуқаролик паспорти олиб қўйилганлиги, иш маоши тўланмаганлиги ҳамда унга нисбатан жисмоний босим ўтказилаётгани тўғрисида дипломатик ваколатхонага мурожаат қилган.

Юртдошимизнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида элчихона саъй-ҳаракатлари натижасида Н.Э.нинг хорижга чиқиш паспорти иш берувчидан қайтариб олинди.

Малайзия ҳуқуқ-тартибот органлари фуқаро Н.Э.нинг шикоят аризаси асосида иш берувчига нисбатан жиноий иш қўзғатди. Маҳаллий суд томонидан фуқаронинг кўрсатмалари олиниб, унга Ўзбекистонга қайтишига рухсат берилди.

Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси вакиллари ва Малайзия Ички ишлар вазирлиги Миграция департаменти вакиллари кўмагида Н.Э. Куала-Лумпурдан Тошкентга қайтарилди.

Ўзбекистон элчихонаси ватандошларимизни Малайзияга сафар қилишдан олдин ёлғон ваъдаларга алданиб қолмасликка, осон иш топишга оид таклифларга ишонмасликка ҳамда ушбу мамлакатга кириш ва унда бўлиб туриш чоғида маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақиради.