Тадбирда икки мамлакат илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарияти ва илмий ходимлари иштирок этди.
Малайзия вакиллари Ўзбекистонда Ислом цивилизациясининг бой меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга юқори баҳо берди.
Хусусан, Имом Бухорий халқаро стипендия дастури иштирокчиси, Малайзия Халқаро Ислом университети бўлим бошлиғи, «Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида жойлашган Ўзбекистон ва Трансоксиана олимларининг қўлёзмалари» мавзуси тадқиқотчиси, профессор Муҳаммад Саид инсоният тамаддунининг кўплаб соҳаларига фундаментал ҳисса қўшган Марказий осиёлик олим ва мутафаккирларнинг бой илмий меросини қайд этди. Шу нуқтаи назардан минтақа тарихига оид нодир қўлёзмаларни ўрганиш ва каталоглаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Тадқиқот ишлари давомида Малайзиядаги Саййид Муҳаммад Нақиб Аттос кутубхонасида сақланаётган Ўзбекистон ва Мавороуннаҳр олимларининг араб тилида битилган қўлёзмалари каталоги яратилди. Унда Ислом ҳуқуқи, Қуръон тадқиқоти, ҳадис, араб тилининг мантиқ ва грамматикаси каби 20 та йўналишда 150 та қўлёзма асар ҳақидаги маълумотлар жамланган.
Тадбир якунида мазкур каталогни ўзбек тилига таржима қилиш, ушбу нодир нашрларнинг факсимил нусхаларини яратиш ва қўлёзмаларни бошқа тилларга таржима қилиш масаласини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар, шунингдек, Малайзия ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари, жумладан, Индонезия, Сингапур, Бруней, Филиппин, Вьетнам, Камбоджа ва Таиланддаги кутубхоналарда Ўзбекистон тарихига оид қўлёзмаларни қидириш ва каталоглаштириш ишларини давом эттиришга тайёр эканини билдирди.