Жорий йил бошидан шу кунгача интернет тармоғида кенг полосали уланиш тармоқларини кенгайтириш мақсадида 490 мингта порт ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 2,5 миллионга етказилди. Оптик толали алоқа линияларини кенгайтириш лойиҳаси доирасида режалаштирилган объектларга қадар жорий йилда карийб 9 минг километр оптик толали алоқа кабеллари ётқизилди. Оптик алоқа линияларининг умумий узунлиги 45,3 минг километрдан ошди.

Бу, ўз навбатида, ёш авлоднинг замонавий билим олиши, беморларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш салоҳиятини ошириши билан аҳамиятлидир. Бу йўналишдаги ишларни Самарқанд мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, вилоят бўйича 871 километр оптик толали алоқа кабеллари ётқизилди ҳамда вилоят бўйича жами ётқизилган оптик толали алоқа кабеллари узунлиги 3 900 км.га етди.

Йил якунига қадар 600 километрдан зиёд оптик толали алоқа кабелларини ётқизиш, кенг полосали портлар сонини 50 мингдан зиёдга ошириши режалаштирилган.
Вилоят бўйича монтаж сиғими 37 мингдан ошадиган 101 та кичик мини станциялар ўрнатилди. Натижада, АТСларнинг умумий сиғими 148,7 тага етказилди. 97,2 мингта абонент улаш имкониятига эга бўлган 52 та замонавий ОЛТ телекоммуникация қурилмалари ва монтаж сиғими 8,4 мингтага тенг бўлган 506 та SWITCH қурилмалари ўрнатилди. Натижада, кенг полосали портларнинг умумий сиғими 273,9 мингтага етказилди.

Оптик толали алоқа кабелларини ётқизиш, АТСлар сиғимини ва кенг полосали Интернет портлари сиғимини ошириш учун жами 57,08 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Ҳаракатлар стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлашда энг устувор вазифаларидан бири сифатида ижтимоий соҳа объектлари, умумтаълим мактабларини 80 фоиз, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини йил охиригача 100 фоиз тезкор интернетга улаш вазифаси қўйилди.

Ярим йил давомида вилоятдаги 214 та халқ таълими объектлари, 237 та мактабгача таълим объектлари ва 111 та соғлиқни сақлаш объектларига оптик толали алоқа кабеллари ётқизилди. Натижада, 863 та ижтимоий соҳа объектларигача 1 049,2 километр оптик толали алоқа кабеллари ётқизилиб Интернет тармоғига уланган халқ таълими объектлари сони 428 тани, мактабгача таълим объектлари сони 276 тани ва соғлиқни сақлаш объектлари сони 159 тани ташкил этди. Бажарилган ишларнинг лойиҳа қиймати 16,78 миллиард сўмни ташкил этди.

Мобил алоқа операторлари томонидан 2020 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида 95 та база таянч станциялари ишга туширилди ва 187 та база таянч станциялари модернизация қилинди. Натижада жами ўрнатилган база станцияларининг сони 2 446 тага етди ва Самарқанд вилоятидаги аҳоли пунктларининг 98,9 фоизи мобил алоқа билан қамраб олинди. Ярим йил давомида база станцияларни ўрнатиш ва модернизация қилиш лойиҳаларининг умумий қиймати 150,77 миллиард сўмни ташкил этди.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ахборот технологиялари ва коммуникациялари хизматлари ҳажми 331,2 миллиард сўмни ташкил этди (ўсиш 109,4 фоиз). Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида фаолият олиб бораётган корхоналар сони эса 40 тага ошиб, жами 448 тани ташкил қилмоқда.

Йил якунига қадар 423 та халқ таълими, 301 та мактабгача таълим ва 170 та соғлиқни сақлаш объектларигача оптик толали алоқа кабелларини ётқизиш ва юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаш, 135 та мобил алоқа база станцияларини ўрнатиш ва 225 тасини модернизация қилиш, 15 та шаҳар ва туманларда Рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш режалаштирилган.

Буларнинг бари вилоят аҳолисини сифатли алоқа билан таъминлаш билан бирга, масофавий давлат хизматлари, тадбиркорлик соҳасининг бевосита ривожланишига туртки беради.