Мазкур санани муносиб нишонлаш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб юртимизда “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда.

Тадбирнинг асосий мақсади – ўсиб келаётган ёш авлод онгига Ватанга муҳаббат, юрт тақдири учун дахлдорлик ҳиссини сингдириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, китобхонликка фаол жалб қилишдан иборат.

Шунингдек, иштирокчилар Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” боғида турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари иштирокида Мустақиллик монументига гулчамбар қўйишди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва дин ишлари бўйича қўмиталар раҳбарлари ва ходимлари, миллий маданий марказлар ҳамда диний конфессия вакиллари иштирок этишди.

Бағрикенглик ҳафталиги» доирасида ўтказилаётган  тадбирлар аҳоли, айниқса ёш авлодни республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни яна-да мустаҳкамлашга хизмат қилади.