Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (ПҚ-33-сон, 30.01.2025 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;
  • фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;
  • давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;
  • маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;
  • фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;
  • давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;
  • маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш.