Унинг устуворлигини таъминлашда эса давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти ғоят катта.
Бунинг учун аввало, судьялар одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-умидлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши керак. Шу боис, кейинги йилларда юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар қилинди.
Фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш, давлат органларининг халқ учун хизмат қилишини таъминлаш давлат сиёсатининг асосий мақсадларидан бири бўлиб, бу борада маъмурий судларнинг ташкил этилиши тизим ривожланишида муҳим қадам бўлди ва у бугун амалда ўзини тўлиқ оқламоқда.
Зеро, маъмурий судлар фуқаро ёки тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ноқонуний қарорлар, ҳаракатлардан ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
Ўтган қисқа даврда улар ҳаётий зарурат сифатида фаолият кўрсатишга ҳақли эканини исботлади. Маъмурий судлар томонидан чиқарилган адолатли қарорлар туфайли қанчадан-қанча кўнгиллар обод бўлди, хонадонларга қувонч ва шодлик қайтди.
Хусусан, 2017 йилда фуқаролар давлат органлари қарорлари ва мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Ушбу турдаги шикоятларни кўриб чиқиш янги ташкил этилган маъмурий судлар ваколатига киритилди.
Маъмурий судлар тизимини ташкил этилганидан бери – 2017-2023 йил биринчи ярмида жами 94 967 та оммавий низо кўрилган бўлиб, 57 671 та иш бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланган. Жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг 8.474 та қарорлари ноқонунийлиги сабабли ҳақиқий эмас деб топилган. Натижада фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
2023 йил 26 апрель куни қабул қилинган “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ушбу соҳада янги даврни бошлаб берди.
Мазкур қонуннинг асосий мазмуни давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга қаратилган.
Ҳужжат билан суд тизимида “ягона дарча” принципини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар, қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш тизими жорий қилинди. Илгари судларга аризалар фақатгина таалуқлилик тамойили асосида қабул қилинарди. Эндиликда судлар барча турдаги аризаларни қабул қилиб, агарда қабул қилинган ариза мазкур суд фаолиятига таалуқли бўлмаса, ариза тегишли бўғим судларига юбориладиган бўлди.
Шу билан бирга, фуқаролар томонидан давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга аризалар (шикоятлар) берилган тақдирда, давлат божини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлаш имконияти яратилди.
Кейинги йилларда мамлакатда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар шунчаки эмас, балки халқ манфаати йўлида олиб борилаётгани эътиборга молик. Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд идораларига нисбатан ишончи ошишига, суд қарорларининг барқарорлигини таъминлашга замин яратаётир.
Бир сўз билан айтганда, маъмурий судларнинг ташкил этилиши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга, асосийси аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилаётир.
Гулрух АГЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати