Тошкентда Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан (GIZ) Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш дастури доирасида ташкиллаштирилган “Немис маъмурий ҳуқуқининг доктринаси ва Марказий Осиё мамлакатларида маъмурий тартиб-таомиллар институти шаклланиши” мавзусидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Республикамизда 2016 йилдан бошланган маъмурий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлар давомида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ишларига оид масалаларда фуқароларнинг фаол иштироки, маъмурий камчиликларни таҳлил қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Ҳуқуқ устуворлиги, очиқлик ва ҳисобдорлик давлат органлари фаолиятининг янгича иш услубига айланди. 

– Анжуман мавзуси умумий маъмурий ва оммавий ҳуқуқнинг энг муҳим соҳасидаги қонунчиликни минтақа мамлакатларида ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов. – 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Маъмурий ислоҳотлар концепцияси маъмурий тартиб-таомиллар воситасида давлат органлари, жисмоний, юридик шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни ўзгартиришга қаратилган. Шунингдек, 2017 йилда Ўзбекистонда маъмурий судлар тизимининг жорий этилиши билан ижро ҳокимияти органлари қарор ва ҳаракатлари устидан суд назоратининг янги тартиби жорий этилди. Анжумандан кўзланган асосий мақсад, GIZнинг Марказий Осиё давлатларида маъмурий тартиб-таомиллар институти шаклланишида эришган ютуқларини инобатга олган ҳолда, турли ҳуқуқий масалалар борасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Украина ва Озарбайжондаги ҳамкасблар ўртасида тажриба алмашишга қаратилган. Бу давлатлар илмий доктринаси маъмурий тартиб-таомилларнинг фаол тарафдори ҳисобланади.

Анжуманда германиялик мутахассислар маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун қўлланилишига оид амалиёт борасида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, умумий маъмурий ҳуқуқнинг мазмун-моҳияти, Германия тажрибасининг Марказий Осиё давлатларида қўллаш мумкин бўлган жиҳатлари муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари анжуман материаллари Президентимизнинг 2020 йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросига қаратилган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни тайёрлашда ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.