Мазкур қишлоқ хўжалиги кластери тасарруфидаги Бўстон туманининг Улуғбек массивида жойлашган 27-бўлимнинг 9 гектарлик экин майдони тумандаги Маориф, Кўҳинур, Мустақилликнинг 15 йиллиги ва Ғолиб маҳалла фуқаролари йиғинларининг “Темир дафтари” рўйхатида турган эҳтиёжманд оилаларнинг 30 ёшгача бўлган фарзандларига ҳамда “Ёшлар дафтари” рўйхатида бўлган ишсиз ёшларнинг 60 нафарига, шунингдек, қишлоқ хўжалиги кластерига қарашли пахтани қабул қилиш ва қайта ишлаш заводида ишловчи ишчиларнинг фарзандларидан 30 нафарига 10 сотихдан ер ажратиб берилди.
Уларга ер ажратиб беришда кластер экин майдонларининг энг серунум ерларидан берилишига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, ер берилаётган ёшларнинг ҳужжатлари кластер маъмурияти томонидан рўйхатга олиниб, қонуний расмийлаштирилди. Энди улар бу ерда бемалол полиз ва сабзавот экинлари экиб, етиштиради. Ўзлари ва оиласи иқтисодини юксалтириб, оилавий даромадини оширади. Ўз ўрнида бу ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаб, улар ўртасида ишсизлик билан бирга бекорчиликдан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олади.
Янада эътиборлиси шуки, “Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси пахта тўқимачилик кластери маъмурияти ер ажратиб берилган ёшларга янада қулай имкониятлар яратяпти. Бунда ёшларга ер ажратишдан ташқари уларга экин экиш учун уруғликларни етказиб бериш, экинларни етиштиришдан бошлаб, ҳосил олишга қадар бўлган мавсумий агротехника тадбирларини амалга оширишда амалий ёрдамлар кўрсатишни ўз зиммасига олган. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги кластерининг тажрибали агрономи ва иқтисодчи мутахассиси ёшларнинг деҳқончилик ва иқтисодий кўникмаларини шакллантириш учун ўз тавсия ва маслаҳатларини бериб боришга бириктирилди.
Илҳомжон ТОЖИБОЕВ