Ёшларнинг билим ва савиясини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш, иқтидорли талабаларни фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълим муассасаларида бир қатор танловлар, спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бу ишларнинг барчаси шу пайтга қадар шакллантирилган мавжуд тизим ва механизмлар доирасида ташкил этилмоқда. Қолаверса, маънавий-маърифий соҳадаги ишларнинг самарадорлиги, таъсирчанлиги, замонавийлиги жиҳатидан ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Шундай бўлса-да, бугунги глобаллашув ва тезкор ахборот асрида, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларга ҳамоҳанг сўз эркинлиги туфайли ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларининг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни кескин фаоллашди. Бундай паллада ёшларнинг таълим-тарбияси борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш эҳтиёжи пайдо бўлди. Албатта, бундай мураккаб вазиятда ишлаш, натижага эришиш учун, энг аввало, шароит ва юқори малакали  кадрлар керак.

Яқин йилларгача олий таълим муассасасида психолог, тарбиячи-педагог, декан ўринбосарлари, тьюторлар фаолияти тўлақонли йўлга қўйилмаган эди. Борлари ҳам жамоатчилик асосида ишларди. Ҳозир 3 мингдан ортиқ янги тьюторлик ўрни мавжуд. Натижада ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлар самарали фаолият кўрсатиш учун таянадиган зарур куч ва салоҳиятга эга кадрлар, мутахассислар армияси пайдо бўлди. Бундан ташқари, ҳар бир олий таълим муассасасида алоҳида психологлар, талабалар турар жойларида тарбиячи-педагоглар, факультетларда декан ўринбосарлари фаолият кўрсатмоқда.

Олий таълим муассасаларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарали тизимини жорий этиш мақсадида аксарият олий таълим муассасаларида шартнома асосида профилактика инспектори лавозими жорий этилди. Шунингдек, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорларга биринчи проректор мақоми берилди. Бир сўз билан айтганда, соҳани бошқариш ҳамда фаолиятни мувофиқлаштириш учун катта жамоа шакллантирилди ва ҳар бир талаба билан индивидуал ишлаш механизми яратилди.

Энди яратилган шароитга мос равишда ёшлар таълим-тарбияси борасидаги ишларни ягона тизим ва механизмлар асосида ташкил этиш лозим. Бунинг учун соҳадаги долзарб вазифалар, муаммолар ва уларнинг ечимига алоҳида тўхталиш ўринлидир. Зотан, кейинги пайтларда талабалар билан боғлиқ юзага келаётган ҳолатлар олдимизда ҳал этилиши зарур бўлган масалалар турганини кўрсатмоқда.

Биринчидан, олий таълим муассасаларида ўтказилаётган бирёқлама, зерикарли ва “қолипга солинган” анъанавий маънавий-маърифий тадбирлар бугунги кунда ўзини оқламаётгани тобора равшанлашиб бормоқда. Мазкур тадбирларнинг талабаларни қамраб олиш даражаси жуда паст ва ҳар доим бир хил контингентни кўриш мумкин. Шу боис, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш мажбурий эмас, балки талабаларнинг хоҳиш-истакларига ҳамоҳанг, қизиқишларига мос бўлишига алоҳида эътибор қаратиш муҳим.

Таълим сифатини оширишда ҳам талабалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши керак. Замон талабларига мос бўлмаган фан ёки сифатсиз дарс берадиган ўқитувчи ёхуд дарс сифатидан қониқмайдиган талаба мавжуд экан, таълимдан ҳам, тарбиядан ҳам натижа кутиш мантиқсизликдир. Шунинг учун олий таълим муассасасида талабаларнинг муаммоларини доимий ўрганадиган ва бартараф этиб борадиган тизимни йўлга қўйиш мақсадида ёшларнинг муассаса фаолияти бўйича билдирган холис муносабатларини (feedback дастури) умумлаштириш асосида бажарилиши шарт бўлган “Муаммоларни бартараф этиш дастурини”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бу борада хориж тажрибаси сифатида ҳар бир курс вакилларидан ташкил топган “Курс қўмиталари” (Course committees) фаолиятини ташкил этиш ҳам самара беради.

Натижада олий таълим муассасасининг ўз ривожланиш стратегиясини ёшлар истаклари билан ҳамоҳанг белгилаши, уларнинг муаммоларини мунтазам ўрганиши, таълим йўналиши учун мақсадли, самарали, таъсирчан ва фойдали ишлар кўлами кенгайиши, талабаларнинг ўқув юртида нофаол истеъмолчилар эмас, балки фаол иштирокчи сифатида намоён бўлишига эришилади.

Иккинчидан, аслида маънавий-маърифий соҳадаги энг катта муаммо соҳа қамровининг кенглиги, тарбия методикасининг мавҳумлиги ва тарбиявий ишлар самарадорлигини баҳолашнинг илмий асосланган мезон ва кўрсаткичлари мавжуд эмаслигидадир. Олий таълим муассасаларидаги  маънавий-маърифий ишларни ташкил этишга масъул ходимларнинг кўпинча ишни хўжакўрсинга ташкил этиши, тадбирларни ҳисобот учун номигагина ўтказиши оқибатида натижадорликка эришиш иккинчи даражага тушиб қолмоқда.

Маънавий-маърифий соҳа қамрови кенг олингани, юқори турувчи ташкилотлар томонидан такрорий ёки сон жиҳатдан кўп топшириқларнинг берилиши, талабаларнинг хоҳиши инобатга олинмасдан мажбурий тадбирларга жалб қилиниши, соҳада аниқ чегара ва ягона иш дастурининг мавжуд эмаслиги ишларни тизимли ташкил этишга имкон бермаяпти. Аслида мана шундай камчиликлар, номигагина ўтказилаётган тадбирлар ва уларнинг ёшлар эҳтиёжи, қизиқишидан келиб чиқиб ташкил этилмаётгани фарзандларимизнинг маънавият тушунчасидан безиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Ҳар бир олий таълим муассасасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини баҳолашнинг илмий асосланган мезон ва кўрсаткичлари ишлаб чиқилиши муҳим. Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлар ва профессор-ўқитувчилар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни соҳага оид янгиликлардан хабардорлиги, чет тилларни билиши, АКТ саводхонлиги, ижтимоий тармоқлар ва ОАВдаги фаоллиги, нотиқлик қобилияти, ижтимоий-сиёсий воқеликларга нисбатан асосли муносабат билдира олиши каби муҳим мезонлар билан бирга маънавий-маърифий ишлари натижадорлиги кўрсаткичларига кўра, баҳолаш лозим. Қолаверса, шу асосда уларга даража, мақом бериш, рағбатлантириб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Шунда соҳадаги ҳар бир мутахассис ўз вазифасини самарали бажаришга ҳаракат қилади, аниқ натижага интилади.

Хориж тажрибасига кўра, ҳар бир талабанинг ўқиш давридаги ижтимоий фаоллиги баҳолаб борилади ва бу битирувчининг портфолиосида ҳам ўз аксини топади. Энг муҳими, битирувчининг ижтимоий фаоллиги акс этган портфолиоси иш берувчилар томонидан ҳам инобатга олинади ва қадрланади. Ушбу масала бўйича ҳам керакли ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш зарурати мавжуд.

Учинчидан, талабалар контингентининг ошиб кетгани олий таълим муассасаларида ўқув аудиториялари етишмаслигини келтириб чиқарди. Ҳозир деярли барча давлат олий таълим муассасаси икки сменали ўқишга ўтган. Натижада қўшимча аудиториялар яратиш ҳисобига ОТМларда талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга кўмаклашувчи маънавий-маърифий маконлар (спорт иншоотлари, кутубхона, маданият масканлари, медиамарказ, маънавият хоналари) камайиб бормоқда.

Талабани таълим билан банд қилиш бир кунда бор-йўғи 4,5 соат (3 пара)ни ташкил этмоқда. Аксарият талабаларнинг фаол вақти деярли самарасиз ишга сарфланяпти. Йигит-қизлар энг кўп вақтини ўтказадиган талабалар турар жойидаги маданий шароит, бўш вақтини самарали ташкил этиш учун жозибадор масканлар камайиб кетмоқда. Бунинг асосий сабаби аксарият талабалар турар жойи эски типда қурилган бўлиб, жорий таъмирланган. Талабанинг дарс тайёрлаши, қўшимча маданий ва спорт-соғломлаштириш ишлари билан шуғулланиши учун хоналар камлик қилади. Мавжудлари ҳам эҳтиёж ортгани сабабли турар жой хоналарига айлантирилган.

Таҳлилларга кўра, олий таълим муассасаларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қиладиган масканлар (спорт иншоотлари, маданият муассасалари)нинг жами кунлик сиғими 150 мингга яқин талабага мўлжалланган. Муайян сабабларга кўра, олий таълим муассасаларининг 10 тасида спорт зали, 11 тасида маданият маскани ва фаоллар зали мавжуд эмас.

Кутубхона ва компьютер хоналарига эга бўлмаган олий таълим муассасаларида эса маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Юқоридаги ҳолатлар бугунги кунда олий таълим муассасаларида талабалар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун маданий шароитларни янада яхшилаш заруратини англатмоқда.

Тўртинчидан, ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар олаётган ахборотнинг мазмуни, савиясига нисбатан ортда қоляпмиз. Бугун айнан ижтимоий тармоқлар катта минбарга айлангани, ёшларни шу минбарга чиқаётганлар тарбиялаётганини ҳисобга олишимиз керак. Албатта, ОТМлар томонидан фаоллар залида 100-200 талаба учун ўтказилган тадбир билан ижтимоий тармоқларнинг 100 минглаб ёшларимиз онгу шуурига таъсирини таққослаб бўлмайди.

Агар ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ахборотнинг ёшлар тарбиясига салбий таъсирини пухта ўрганмасак, бу жараёндан ортда қолсак, маънавий-маърифий соҳада сезиларли бўшлиқ юзага келиши эҳтимоли катта. Шунинг учун ижтимоий тармоқларнинг ёшларга таъсирини жиддий ўрганиш, таҳлил ва тадқиқ қилиш, шу асосда аудиторияларда ташкил этиладиган эски шаклдаги, етарли самара бермайдиган, қуруқ маърузабозликдан иборат тадбирларга барҳам бериш вақти келди. Улар ўрнига ижтимоий тармоқларни муттасил кузатиб борадиган, ахборотларни таҳлил қиладиган, зарур ҳолларда тегишли ахборотга тезкор муносабат билдириш кўникмасига эга малакали мутахассислар иштирокидаги давра суҳбатлари, брифинг, пресс-клуб, очиқ мулоқот шаклидаги  замонавий тадбирларга эътибор қаратиш лозим.

Бешинчидан, талабаларни ОТМга келган кунидан танлаган ўқув юртидан фахрланишга ўргатиш, соғлом муҳит яратиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида самимий муносабат ўрнатиш, “устоз”, “олий таълим муассасаси талабаси” деган юксак мақомга ҳар томонлама муносиб бўлиш, масъулият билан ўзида юксак ахлоқий сифатни намоён этишига эришиш муҳим масалалар сирасига киради.

Бу анъана илғор хорижий давлатлар таълим тизимида самара бермоқда. Масалан, Гарвард университетида талаба ўқишга киргач, унга “Шараф кодекси” тақдим этилади. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. У ерда университетнинг нуфузи, фахрий битирувчилари ва муҳит билан бирга талаба учун қўйиладиган мажбуриятлар кўрсатилади. Талаба шу кодексга риоя қилишга ёзма розилик билдиради. Олий таълим муассасаларида қабул қилинадиган “Одоб-ахлоқ кодекси” ана шундай қимматли ҳужжатга айлантирилиши лозим.

Олтинчидан, сўнгги пайтларда ОТМларда кузатилаётган нохуш ҳолатлар, суиқасд билан боғлиқ фожиаларнинг олдини олиш учун талабаларнинг руҳий-психологик ҳолатини баҳолаш, уларнинг муаммосига ташхис қўйиш ҳамда шу асосда зарур психодиагностика, даволаш-профилактика ишларини йўлга қўйишимиз зарур.

Еттинчидан, талабалар ва ўқувчиларнинг маънавий-маърифий тарбияси борасидаги мавжуд муаммоларни ўрганадиган, таҳлил қиладиган ва илмий асосланган замонавий тарғибот методларини, шу асосда соҳа мутасаддилари учун зарур услубий тавсиялар ишлаб чиқадиган, олий таълим тизимида маънавий-маърифий ишларнинг устувор йўналишларини белгилаб берадиган “ақл марказлари” фаолиятига зарурат сезилмоқда.

Бугун ҳар бир олий таълим муассасасида талабаларни эркин фикрлаш, ижодкорлигини намоён қилиш, дунёқарашини мустақил кенгайтиришга хизмат қиладиган маънавий-маърифий, илмий-ижодий муҳитни яратиш, хорижий тажриба асосида тарбиянинг замонавий шакл ва услубларини амалиётга жорий этиш, сифат ва самарадорликка алоҳида урғу берсаккина кўзланган мақсадларга эришишимиз мумкин.

Ушбу масалаларнинг самарали йўлга қўйилиши пировард натижада ўта хавфли бўлган турли иллатлар — “оммавий маданият”, ОИТС ва гиёҳвандлик, одам савдоси, коррупция, миссионерлик ва прозелитизм, экстремизм ва терроризм, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик, ахлоқсизлик, турли ёт ғоялар ва ахборот хуружларига қарши курашиш орқали ёшлар ҳаётини, тақдирини, келажагини тўғри ўзанга буришда муҳим аҳамият касб этади. Маънавиятнинг, маънавий тарбиянинг муҳимлиги ҳам, тарғиботни замонавий шакл ва услубларда ташкил этишнинг зарурати ҳам, бугунги глобаллашув шароитидаги долзарблиги ҳам айнан шу хавф-хатарларнинг мавжудлиги ва унга қарши кураш воситаларининг аҳамияти юқори экани билан белгиланади.

Лазиз МИНГИШОВ, 
олий таълим, фан ва инновасиялар вазирлиги 
маънавий-маърифий ишлар бошқармаси бошлиғи.