Нишонда – онг ва қалб

Онг ва қалб учун кураш авж олаётган экан, маънавият ва маърифат институтлари курашчи сифатида олдинга чиқади, маънавий-маърифий тарғибот долзарб аҳамият касб этиб боради. Яъни, аҳоли, айниқса, фарзандларимизнинг онгу-шуурини бегона ғоялар, мақсадлар мўлжалга олган экан, биз бу объектни олдинроқ эгаллашимиз, улар олдида кучли маънавий-маърифий қалқон яратишимиз, уларни бегона иллатлар учун эмас, аксинча, ўз юрти равнақи учун сафарбар этишимиз лозим бўлади.

Шу ўринда маънавият ва маърифат сўзларига эътибор қилайлик. Нима учун булар қўшиб айтилади?

Маънавият – арабча “маъни” маъносини ифодалайди. Маърифат категориясининг эса ўзаги “маориф” сўзи бўлиб, “ўқийман, биламан” деган маъноларни англатади. Бу сўзларни биргаликда қўллашдан мақсад – инсоний фазилатлар ва билим доим ёнма-ён бўлишини англатиш ҳамда уларни эзгу мақсадга йўналтиришга ундаш.

Маънавий тарғибот маълум бир ҳудуд ёки маълум бир гуруҳда жамланган одамлар онгига маънавий тушунча ва тамойилларни сингдириш, уларнинг маънавий қиёфасини бойитишга қаратилган тизимли ва мақсадли маърифий фаолиятни ифодалайдиган жараён. Иккинчи томондан, одамларни ёки уларнинг маълум бир қатламини маънавий тажовузлардан огоҳликка чақириш мақсадида мавжуд таҳдидлар ва уларнинг моҳияти тўғрисида тушунча ва фикр шакллантиришдан иборат. Шу билан бирга, уларда юксак маънавий ғояларни шакллантиришга қаратилган назарий ва амалий ҳаракатларни англатади.

Одамлар онгида юртни жипслаштиришга кўмаклашадиган инсоний туйғулар қарор топиши, жамиятда олижаноб фазилатлар устувор бўлишида маънавий-маърифий тарғибот муҳим аҳамият касб этади. Аслида бундай тарғибот таълимнинг ҳам, тарбиянинг ҳам муҳим кўринишидир.

“Тарғибот” атамасининг ўзагини “рағбат” сўзи ташкил этади ва инсонни бирор ҳаракатга рағбатлантиришни назарда тутади. “Ташвиқот” тушунчасининг ўзаги эса “шавқ” сўзидан олинган бўлиб, кишида бирор нарсага шавқ, ишонч туйғуларини уйғотишга йўналтирилган. Демак, тарғибот-ташвиқотдан кўзланган асосий мақсад – нафақат билим орттириш, балки кишини бирор-бир хатти-ҳаракатга ундашдан иборат.

Маъруза ўқисангиз... далиллар қўлингизда бўлсин

Кишилар қалбига янгича тафаккур, янги ғояларни сингдириш узоқ, баъзида йиллаб давом этадиган жараён. Шунчаки маъруза ўқиб, билим берган билан ёки қайсидир қонун ҳужжатларини жорий қилган билан жамиятда янгича тафаккур ёки янгича ёндашувни шакллантириб бўлмайди. Бунинг учун кучли тарғибот ва ташвиқот ишлари зарур. Тарғибот эса шундай қудратки, Абдулла Орипов шеърида айтилганидек:

Темур тиғи етмаган жойни

Қалам билан олди Алишер..

Ҳар қандай ҳолатда ҳам тарғиботнинг ўқи – ғоя, нишони – инсон онги ва шуури бўлиб қолади. Лекин қуроли турли-туман бўлиши мумкин. Белгиланган ғоя, мақсад, унинг аҳамияти, объектнинг кўлами, хусусияти каби омиллар ҳисобга олинган ҳолда маънавий-маърифий тарғибот усуллари, йўналишлари танлаб олинади.

ХIХ асрнинг саксонинчи йилларида бошланган жадидлар ҳаракатини эслаб кўрайлик. Исмоилбек Гаспиринский Қримда шу ҳаракатнинг асосчиси ҳисобланса, Маҳмудхўжа Беҳбудийни Ўрта Осиёда дастлаб етакчилик қилган олим сифатида кўрсак бўлади. Гап шундаки, жадидлар аҳолининг дунёқараши ва билими замон талабидан ортда қолаётгани, уларнинг онги ва қарашларини ўзгартирмай туриб, жамиятни ривожлантириб бўлмаслигини англаб етганди. Жадидчиликнинг асосий ғоя ва мақсадлари қуйидагилар эди: Туркистонни ўрта асрларга хос қолоқлик ва диний хурофотдан озод этиш, шариатни ислоҳ қилиш, халққа маърифат тарқатиш. Улар шу йўлда дастлабки қадамларни босди ва маърифий тарғибот учун бир қатор йўналишларни белгилаб олишди.

Жумладан: 1) янги усул мактаблари очиш; 2) қобилиятли ёшларни чет элда ўқитиб, билими, тажрибасини ошириш ва уларни ўз жамиятимиз учун хизмат қилдириш; 3) маърифий жамиятлар тузиш орқали фаолиятларини аниқ тартиб ва йўналишларга солиш, фаолиятни қонунийлайтириш; маданий тараққиётни ривожлантириш мақсадида театр труппалари очиш ва улардан тарғибот воситаси сифатида фойдаланиш; 4) газета ва журналлар чоп этиш орқали хабардорлик ва илм даражасини ошириш; 5) Бухоро ва Хивада конституциявий монархия ва Парламент тузиш, кейинчалик демократик республика тузиш учун унинг асосларини яратиш.

Улар бу йўналишларни мавжуд вазият ва эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда белгилашган. Тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамиша осон ва силлиқ кетавермаган, қаршиликлар бўлган. Хусусан, ўша даврда янги мактаблар очишга, Оврупо халқларига оид кийинишга маҳаллий муллалар мутлақо қарши чиқишган.

Бугунги кунда турли оқимга хизмат қиладиган мафкуралар хуружи тарғибот-ташвиқот ишларини мураккаблаштиради. Бундай ҳолатда мафкурага қарши мафкура, асослар ва фактлар билан қуролланиш муҳим аҳамият касб этади. Айтайлик, жадидлар ҳам янгиликка қарши бўлган муллалар ва уларнинг тарафдорларига жавобни асосан динимиздан олишган. Жумладан, илмни Чинга бориб бўлса ҳам ўрганинг, деган ҳадиси-шарифдан фойдаланишган. Демак, тарғиб қилаётган ғоянинг асословчи далиллари ҳамиша қўлимизда бўлиши керак.

Мақтов бўшаштиради, ваҳима эса...

Тарғиботнинг икки анъанавий йўли мавжуд. Биринчиси – инсоний фазилатларни улуғлаш, шу соҳада ютуққа эришган инсонларни ибрат қилиб кўрсатиш. Иккинчи йўл эса иллатларни қоралаш, улардан халос бўлишга чақириш, бу борадаги ҳалокатли натижаларни мисол қилиш орқали амалга ошади. Иккинчи восита биринчисига нисбатан таъсирчанроқ. Масалан, жиноятнинг олдини олиш масаласини олайлик. Чунки бу жамиятда маълум даражада маънавий муҳит даражасини намоён этадиган кўрсаткич ҳисобланади.

Биз агар инсон жиноят содир этмаса, у оилада ва жамиятда қандай ўрин топиши, ҳурмат қозонишини кимларнингдир мисолида тушунтиришга урғу берамиз. Жиноят кам содир этилган мамлакатларга дунёнинг муносабатини ҳам кўрсатамиз ва мисол келтирамиз. Бу биринчи усул.

Иккинчисида эса, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, жиноят содир этган одамнинг жамиятдаги ўрни, жиноятчилик ривожланган мамлакатларга дунёнинг муносабатини қайд этамиз. Иккинчи ҳолат инсонни огоҳликка ундайди. Чунки психологик жиҳатдан қараганда ҳам сокинлик, мақтов каби нарсалар инсон руҳиятини сокинлаштиради, бўшаштиради. Инсонда таажжуб, ваҳима уйғотадиган хабар, гаплар эса унинг руҳиятини сергак ҳолда ушлайди.

Албатта, иккала усулни уйғунлаштирсак-чи, деган савол туғилиши табиий. Тарғиботда аслида ҳар иккисидан ҳам фойдаланилади. Ҳар иккисининг ўз ўрни ва таъсир даражаси бор.

Бугун жамиятни маънавий янгилаш масаласи қўйилмоқда. Зеро, иқтисодиётда ёки технология соҳасида ҳар қанча ютуққа эришмайлик, агар эл-юрт фаровонлиги, тинчлиги, Ватан ва жамият равнақи етакчи ғоясига айланган, ҳар қандай ёт ғоя ва мафкуравий хуружларга қарши турадиган халққина ўз юртини ҳар тарафлама тараққий эттириб, жаҳон саҳнида нафақат муносиб ўрин олади, балки етакчилар қаторидан жой эгаллайди.

Маънавий-маърифий тарғибот усуллари, шакллари, воситалари эса худди қуролланиш пойгаси сингари йил сайин турлича аҳамият касб этиб бораётганини унутиб бўлмайди. Бугунги услубимиз, воситамиз эртага эскириб қолади, маънавий хуружлар бизникидан кучлироқ восита ва шаклларда кириб кела бошлайди. Шунинг учун бу борада илмий ва амалий изланишларни ҳам, ҳаракатларни ҳам бир дақиқа бўлсин тўхтатиб бўлмайди.

Дастлаб қора-сариқ ранглар намойиш этилади, кейин...

Маънавий-маърифий тарғибот самарадорлигини таъминлашда аввало, аудитория тўғри танланиши керак. Гоҳида бутун жамоани тўплаш шарт эмас, манзилли ёндашувнинг ўзи кифоя қилади. Мавзунинг мазмунига қараб, аҳолининг маълум бир қатлами ёки касб-кор эгалари танлаб олинса натижа самарали бўлади.

Ғоянинг аниқ йўналтирилгани ва мавзу ҳажмининг маълум бир вақтга ажратиб олингани ҳам муҳим омил саналади. Юқорида таъкидлаганимиздек, ғоялар тарғиботи учун гоҳида йиллар талаб этилади. Қолаверса, тарғиботчининг билим ва ғоя билан қуролланганлик даражаси ва ишонтириш қобилияти катта аҳамиятга эга.

Одатда тарғибот натижаси ҳам тезда кўринмаслиги мумкин, бундай тезкорликни кутиш ғояни ҳам, унинг тарғиботини ҳам обрўсизлантириб қўяди.

Баркамол фарзанд соғлом оилавий муҳитда вояга етади. Бунга эришиш учун – биринчи навбатда, маънавий тарғибот-ташвиқот ишларини ота-оналар онгига, уларнинг фарзандларига бўлган муносабатини ўзгартиришга йўналтирмоқ зарур. Демак, тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам худди маънавий тарбия сингари узлуксизлик касб этиши лозим. Биз унга етказган маълумот, ғоя томдан тараша тушгандай бўлмаслиги керак. Мана шу ўринда шўролар ҳукуматининг тарғибот усулларини эслаб кўрайлик. Очиғи, бу усулларга менсимасдан қараш нотўғри. Чунки бу усуллар йиллар давомида пишиб шаклланган. Айтайлик, даставвал қайсидир уяли алоқа компаниясининг қора-сариқ ранглари намойиш этила бошланди. Аввалига сиз бу рангли чизиқлар нимани англатишини билмадингиз, лекин улар шуурингизга сингиб бўлди. Шундан сўнггина энди бу хусусиятлар ёнида компания номи ёзуви ҳам пайдо бўлади.

Демак, маънавий-маърифий тарғиботда кетма-кетлик, яъни такрорланмай, давомийлик касб эттириш муҳим аҳамият касб этади.

Умуман олганда, маънавий-маърифий, мафкуравий тарғиботни амалга оширишда турли воситалардан фойдаланилади. Масалан, мавжуд таълим тизими бу борада энг асосий воситалардан биридир. Чунки, бу тизим орқали қамровни кенг олиш имконияти мавжуд. Бунда таълим-тарбия асосида олиб борилади. Таълим усуллари, воситалари ҳам тарғиботга хизмат қилдирилади.

Маълумки, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, ахборот жамиятни мафкура билан қуроллантиришда, дунёқарашни шакллантиришда, тасаввур ва билимларни тўлдиришда етакчи унсурга айлана борди. Бугунга келиб, ахборот алмашинуви ва тарқатилиши шу қадар тезлик касб этдики, гўё улар онгнинг бўш жойини биринчи бўлиб эгаллаш бўйича мусобақалашаётгандай кўринади. Улар объект қамровини кенгайтириш учун ҳар қандай усул ва жозиба йўлларидан фойдаланишга ҳаракат қилишади.

Ҳиссиёт, ўй, фикр уйғунлиги

Бадиий адабиёт ва санъат аҳли эса инсон туйғуларига таъсир кўрсатиш орқали тарғиботни амалга оширадиларАдабиёт ва санъат инсон туғилибди-ки, у билан бирга. У даставвал буларга кўнгил очиш воситаси сифатида қараган бўлса, энди у қаҳрамонларига тақлид қилади, уларнинг ортидан эргашади. Адабий асар, фильмлар, қўшиқлар, ижтимоий роликларга сингдирилган ғоя, ҳаракатлар, кийиниш услубларида ҳам акс этиш орқали мухлис, томошабин ёки ўқувчини ортидан етаклаш қудратига эга. Шу ўринда Чўлпоннинг адабиёт ҳақида айтган фикрларини эслаб ўтиш жоиздир. “Ҳа, тўхтамасдан ҳаракат қилиб турғон вужудимизга, танимизга сув, ҳаво нақадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар билан кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар. Адабиёти ўлмаған ва адабиётининг тараққиётига чолишмаган ва адиблар етиштирмаган миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолиб секин-секин инқироз бўлур”.

Maърифий-маънавий йиғинлар, суҳбатлар каби мақсадли тарзда ташкил этиладиган тадбирларда объект мавзуга мос равишда танлаб олинади.

Жамоат жойларидаги кўргазмали воситалар, шиорлар, реклама ва анонслар орқали сўзлар, ҳикматлар, усуллар, воситалар, ранглар, овоз ва оҳанглар танланишида маълум бир ғояни сингдириш кўзда тутилади.

Халқимиз тўйни яхши кўради. Бу каби тадбирларни ўтказиш, ташкил қилиш жараёнида миллий, диний ғоялар билан бирга бошқа ғоя ва мафкура ҳам тарғиб қилиниши мумкин. Варақалар, буклетлар, китоблар тарқатиш ҳам тарғиботнинг энг самарали воситаларидан саналади.

Бундан ташқари, замон, имконият ва мавжуд ижтимоий муҳитдан келиб чиқиб, маълум бир гуруҳлар, ҳаракатлар, кучлар маърифий-маънавий тарғибот ва ташвиқотнинг ўзига хос усулларидан фойдаланади. Тарғибот эса икки хил: ошкора ва яширин тарзда олиб борилиши мумкин. Юқорида ошкора тарғиботни кўрдик.

Ниқобдаги тарғиботдан эҳтиёт бўлинг!

Яширин тарздаги тарғибот-ташвиқот ҳам икки хил кўринишда бўлади.

Tўғридан-тўғри яширин йиғинлар ўтказилганида яширинча варақа ва китоблар тарқатилиши билан мақсадга эришилади. Ниқобланган яширин кўриниш эса анча хавфли ҳисобланади. Бунда ошкора тарғибот замирига яширин мақсад ва ғоялар сингдирилади. Масалан, жамият учун бирор керакли маҳсулот ёки бирор буюм рекламаси остида маълум бир ғоя яшириниши мумкин. Реклама маҳсулотининг орқа фонида, реклама қилувчининг кийиниши, ҳаракатлари ва талаффузида, рекламанинг тагости мазмунида мана шундай ниқобни кўриш мумкин. Масалан, мушукларнинг “кит-кат” озуқаси рекламасини олайлик. Умумий нуқтаи-назардан қаралганда, мушуклар учун озуқа маҳсулоти реклама қилиняпти. Лекин бу реклама остида “Мана, бизнинг юртимизда ҳатто мушуклар шундай озиқланади”, деган ўша юрт жозибаси яширин. Ёки бир ичимлик рекламасини намойиш этадиган йигитнинг оғи тиззасида турган шалвор кийиб олгани-ю, қўлларини бигиз қилиб, африкалик санъаткорларга хос қилиқ ва ҳаракат қилиши – миллий ғоя ва қадриятларга мутлақо зид бўлган тарғибот бўлиб, унда ошкора тарзда ичимлик, яширин тарзда эса Ғарбга хос саёқ ҳаёт тарғиб қилинаётганини англаш мумкин. Бу каби ниқобланган тарғиботлар айрим фильм ва сериалларда, санъаткорлар чиқишларида ва кийинишларида, панноларда, айрим тадбир ва йиғинларни ташкил этишда ҳам кўринади.

Тарғиботда ҳамиша реаллик, ростга ёндашиш лозим, негаки битта ёлғон аралашган жойда ростга ҳам шубҳа билан қаралади.

Бугунги мураккаб маънавий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларнинг устувор йўналишларини, кимга ва нимага қарши қаратилганини аниқлаш, аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, маънавий тажовузлар моҳиятини очиб бериш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Фақат ана шундай асосда аҳоли, айниқса, ёшларни ўз фикрига эга, маънавий тажовузларга қарши собит тура олишга қодир, иродали, фидойи, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашга эришиш мумкин.

Шаҳло АҲРОРОВА,

ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти катта илмий ходими,

фалсафа фанлари доктори(PhD)