Республика Маънавият ва маърифат марказида мазкур фестивални юқори савияда ўтказиш юзасидан республика ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда тегишли давлат ва жамоат ташкилотларидан масъуллар иштирок этди, деб хабар бермоқда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ахборот хизмати.
Фестиваль доирасида “Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс сари!” мавзусида конференция, “Маърифат улашиб” акцияси ва “Янги Уйғониш даври китоб ва кутубхоналардан бошланади” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб китоб кўргазмалари, “Фаол фуқаро” дебат клуби, “Ҳар бир нуроний — беш нафар ёшга мураббий” учрашувлари, “Бир зиёли — бир маҳаллага маънавий ҳомий” мавзусида амалий семинарлар, давра суҳбатлари, “Менинг фарзандим — Ўзбекистон фахри” шиори остида республика анжумани, “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” танлови, “Мақом кечалари” концерт дастури, “Маърифат тур” лойиҳалари сингари байрам тадбирлари, маданий, маънавий-маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари, хайрия концертлари ўтказилиши белгиланган.
Ишчи гуруҳ йиғилишида “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов фестивални ташкил этиш ва ўтказишга оид бажарилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
— Бугунги тезкор давр олдимизга маънавият масаласи наинки бир идора ёки ташкилот, балки юртимиздаги барча вазирлик, корхона ва муассасанинг кун тартибидаги долзарб вазифаси бўлмоғи лозимлиги талабини қўймоқда, — деди “Ўзбеккино” миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев. — Шу боис бундай кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда барча ташкилотларнинг фаол бўлиши, ўзаро ҳамжиҳатлиги ушбу масъулиятли вазифани юқори савияда бажаришимизда муҳим роль ўйнайди. Айни мақсадда биз ҳам фестиваль доирасида ҳудудларда тарихий ва замонавий кино ва сериалларимиз намойишини ташкил этишни кўзда тутганмиз.