Чунки айнан шу ғояларнинг асосида ўтмиш, бугунги кун ва келажакни бирлаштириб турувчи тараққиёт ғояси ётади. Ҳар қандай ахлоқий ёки сиёсий ишончнинг асосида ҳам, унинг қадр-қиммати, инсониятнинг ўтмишдан келажакка томон йўлини жадаллаштиришга бўлган салоҳияти ётади.

Қатағон қурбонлари бўлган оталаримиз, оналаримиз орзу қилган миллий тикланиш бугун Янги Ўзбекистонда рўёбга чиқмоқда.

Давлатимиз раҳбари буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши масаласини илгари сурган.

Маънавият ҳар қандай миллат учун беқиёс қадрият, унинг руҳи, ўзлигининг ифодасидир. У халқнинг тарихи, тили, маданияти, урф-одатлари ва ахлоқий мезонларини ўзида мужассам этган маънавий кўзгудир. Ушбу илдизлар миллатни асрайди, унинг тараққиёти ва бардавомлигини таъминлайди. Шу боис, маънавиятни асраш ва авлоддан-авлодга етказиш ҳар бир халқ учун энг олий бурч ҳисобланади.

Тарихга назар солсак, юртимизда ҳам маънавият учун курашган, унинг поклигини, миллатнинг ўзлигини сақлаб қолиш учун жонини фидо қилган инсонлар кўп бўлган. Айниқса, ХХ аср бошларидаги маърифатпарварлар – Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Авлоний ва бошқалар ана шундай буюк мақсад йўлида жасорат билан кураш олиб борганлар.

Маънавият фидойилари – миллат маърифатчилари, улар юртнинг руҳий уйғониши, халқнинг маънавий таянчи ва келажак йўлбошчилари.

Бугун юртимизда маънавият фидойилари, зиёлилар ва илму маърифат аҳлининг фаоллиги, ташабускорлиги ортиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Давлатимиз томонидан уларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибор — халқнинг маънавий юксалишига бўлган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Шу билан бирга, тарихнинг оғриқли саҳифалари ҳам бор. 1937–1938 йиллардаги сиёсий қатағонлар даврида юзлаб ўзбек зиёлилари “халқ душмани” деган ёлғон туҳматлар билан қамоққа олинди, сурғун қилинди ёки отиб ташланди. Улар аслида миллатнинг руҳий уйғониши, миллий озодлик ва маърифат йўлини ёритган фидойи шахслар эдилар.

Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний каби буюк зиёлилар ўз асарлари ва амалий фаолияти орқали миллатнинг маънавий тикланиши учун илм, ҳунар ва озод фикрнинг аҳамиятини уқтирганлар. Улар халқни уйғотиш, эркин фикрлашга ундаш ва тараққиёт йўлига етаклаш орзуси билан яшаганлар.

Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи миллий ўзликни англаш, тарихдан ибрат олиш ва Ватанга муҳаббат руҳини тарғиб этган асар сифатида халқ қалбида мустаҳкам жой олди. Абдулла Авлоний эса ўзининг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида ахлоқ, тарбия ва маърифатни жамиятнинг таянчи, миллатнинг қутқарувчиси сифатида талқин қилди. Унинг “Миллатни тараққий эттирмоқ учун ҳар бир фарзанд илмга интилмоғи шарт”, деган сўзлари бугун ҳам ўз қийматини йўқотмаган.

Бу буюк зотларнинг барчасини бирлаштирган умумий ғоя – маънавият ва маърифат орқали миллатни асраш, миллий онгни тиклаш ва ўзликни сақлаб қолиш бўлган. Улар мустамлакачилик ва мафкуравий босим шароитида ҳам миллат шаънини, тилини ва маданиятини ҳимоя қилдилар.

Она заминимизда етишган бундай ватанпарвар зиёлиларнинг меҳнати, фидойилиги ва садоқати бугунги мустақил ва обод жамиятнинг маънавий асосларини яратди. Улар қалдирган илму маърифат мероси халқимиз учун руҳий дастуриламал бўлиб қолмоқда.

Дарҳақиқат, бирлашган, меҳнатсевар ва билимли халқ – мамлакатнинг энг катта бойлиги, келажак авлод учун ифтихор манбаидир. Инсоннинг қадри унинг ўзлигини англаши, юртига садоқати ва маънавий дунёси билан белгиланади.

Шу боис ҳалқ онгида маърифат, ахлоқ ва миллий ўзлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни жамият ҳаётига чуқур сингдириш — маънавият фидойилари, маърифатчиларининг асосий мақсадидир.

Янги Ўзбекистон – маънавият қайта тикланган замин 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, инсоният тарихининг қадимги, ўрта, янги ва энг янги даврларида ҳам билим, тафаккур, илм-фан ва тарбияга бўлган ҳурмат ва эҳтиром доимо юксак даражада бўлган. Жамият тараққиёти, давлат қудрати ҳамда инсон ҳаётининг мазмун-моҳияти кўп жиҳатдан айнан шу мезонлар асосида белгилангани тарихий ҳақиқатдир. Айнан шу омиллар туфайли буюк цивилизациялар вужудга келган, улкан илмий кашфиётлар, маданий ютуқлар ва интеллектуал юксалишлар содир бўлган.

Мамлакатимизда ҳам тарихий меросга таянилган ҳолда миллий тикланиш ва тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида айниқса, маънавият ва маърифат масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани алоҳида эътиборга лойиқдир. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки жамиятда чуқур илдиз отган маънавий-ахлоқий қадриятлар, кенг дунёқараш ва соғлом тафаккурга эга авлодсиз ҳар қандай ислоҳотлар самара бермайди.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда инсон омили, унинг билим ва тарбияси, маънавий камолотга эришиши асосий ўринга қўйилмоқда. Таълим тизимининг тубдан янгиланиши, илм-фан соҳасига қаратилаётган эътибор, маданият ва санъатни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар бунинг яққол исботидир.

Хусусан, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш, уларга миллий ғурур, ватанпарварлик, тарихий хотира ва маънавий қадриятлар руҳини сингдириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айлангани бежиз эмас. Зеро, кучли ва тараққий топган жамиятни қуриш – аввало, юксак маънавиятли инсонни тарбиялашдан бошланади.

Шу маънода айтиш жоизки, бугунги Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори – бу халқнинг маънавий уйғониши, ўз тарихий илдизларига қайтиши, миллий ўзлигига чуқур ҳурмат билан қараши, замонавий билим ва технологияларни эгаллаши орқали уйғун ривожланиш йўлига чиқаётган жамиятдир.

Зеро, Янги Ўзбекистонни барпо этиш — фақат иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар эмас, балки маънавий уйғонишни ҳам англатади. Бу жараёнда:

мактаб ва олий таълим тизимида миллий қадриятларга асосланган таълим мустаҳкамланмоқда;

тарихий хотира, урф-одатлар, миллий меросга эҳтиром кучаймоқда;

давлат тилининг мавқеини юксалтириш, китобхонликни оммалаштириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Маънавий тикланиш асосида – инсон қадри, унинг ахлоқий ва маънавий камолоти, миллий ўзлигини англаши ётади. Бугунги ёшлар учун яратилаётган шароитлар – бу илгари орзу бўлган имкониятлардир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, шубҳасиз, маънавият ҳар қандай жамият тараққиётининг маънавий йўлчироғи, миллатнинг юраги ва руҳий таянчи ҳисобланади. Тарихга назар ташласак, юксак маданият ва цивилизация яратган ҳар бир халқнинг ортида буюк маънавий бойлик, фикр ва маърифатга эҳтиром туғён уриб турганини кўрамиз.

Бизгача етган бу юксак қадриятлар — бугунги авлод учун катта бойлик, бир пайтнинг ўзида масъулиятдир. Қатағон қурбонлари ўз ҳаётларини эзгу орзулар йўлида фидо қилдилар. Улар орзу қилган маънавий юксалишни рўёбга чиқариш эса бугун бизнинг вазифамиздир.

Маънавиятсиз миллат — юзсиз миллатдир. Миллат ўз юзини, ўзлигини йўқотса, унинг келажаги ҳам сўнгу ҳолга тушиши мумкин. Шу боис, маънавиятни асраш, уни авлоддан-авлодга етказиш, миллий ғоя ва умуминсоний қадриятлар асосида бойитиш – бугунги кунда ҳам, эртанги кун учун ҳам долзарб вазифа бўлиб қолади.

Биз кичкина бир ўзгариш билан катта маънавий юксалиш сари қадам қўя оламиз. Бу эса ҳар биримизнинг қалбимиздан, тафаккуримиздан ва фаол позициямиздан бошланади.

Маънавий юксалиш – бу нафақат давр талаби, балки Ватан, миллат ва келажак олдидаги буюк бурчимиздир.

Сабохат Жуманиёзова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими