Давлатимиз раҳбари жорий йил бошида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида «Биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади» – дея сўз юритиб, буюк аждодларимиз, хусусан, жадидлар фаолиятини ўрганиш, уларнинг эзгу ғояларини замонамизга мос ҳолда давом эттириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканлиги ҳақида алоҳида таъкидлаган эди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази мазкур ғоя асосида «Она юрт фидойилари» рукни остида миллат фидойилари бўлган жадидчиларимизнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи китобларни нашр этишдек эзгу ишни бошлаб юборди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исъҳоқхон тўра Ибрат, Абдурауф Фитрат, Боту (Маҳмуд Ҳодиев) каби тараққийпарвар адибларимизнинг машаққатли ва шарафли ҳаёти ва ижодига бағишлаб чоп этилган китобларнинг тақдимотига бағишланган маънавий-маърифий тадбирда шу ҳақда сўз борди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат тил ва адабиёт университети профессори, филология фанлари доктори, Баходир Каримов, Ўзбекистон Миллий университети профессори, филология фанлари доктори Ҳамидулла Болтабоев, Ўзбек тили адабиёти ва фольклор институти директори Зайнобиддин Абдурашидов ва бошқалар сўзга чиқиб жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндалари яратган ўлмас асарлар моҳияти, Ватанни озод ва обод қилиш, халқни ҳурриятга олиб чиқиш ҳамда маърифатли қилиш йўлидаги эзгу мақсадлар йўлида қилинган саъй-ҳаракатлар хусусида ўз фикр ва мулоҳозаларини билдиришди.
Айниқса, жадидларнинг миллий маънавиятимиз равнақидаги хизматлари беқиёс бўлганлиги шунинг учун ҳам, уларнинг юрт шон-шуҳрати, истиқлоли учун курашдаги хизматлари эъзозланиши, қадрланиши, ҳозирги ва келгуси авлодлар қалбида чуқур из қолдириши муҳим аҳамият касб этишини қайд этиб ўтдилар.
- Ҳар бир авлоднинг аждодлари ва ўзидан кейин келадиган янги авлодлар олдида бажариши лозим бўлган бурч, вазифа ва мажбуриятлари бўлади, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов. – Миллатни маърифатли қилиш йўлида жонини қурбон қилган жадид боболаримиз олдида, бугунги авлод вакилларининг шарафли вазифаси, уларнинг амалга оширган ишларини ўрганиш ва биздан кейинги авлодларга етказишдир. Жадидларнинг миллий маданиятимиз равнақидаги хизматлари беқиёс. Чунончи, Беҳбудий, истиқлол учун курашнинг олдинги сафларида борган яловбардорлардан бўлган. Авлоний, миллат истиқболи, равнақи, эзгу нияти билан яшаган. Фитрат, ўз она диёрини озод ва ҳур кўришни орзу қилган. Улуғ адиб Чўлпон, «Адабиёт яшаса – миллат яшайди» шиорини юрагига жо қилиб жонини фидо қилган. «Она юрт фидойилари» рукни остида нашр этилаётган жадидларимизнинг китоблар халқимизни илмга чорлайди, маърифатга ошно қилади, маънавиятни юксалтириб боради.
Дарҳақиқат, китоб инсон ақлини чархлашга, идрокини теранлаштиришга, тафаккурини ўстиришга хизмат қилиб, зарарли ғояларининг юртимизга кириб келишининг олдини олишда ва адашганларни тўғри йўлга қайтаришда нурли боғич бўлади ва «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори остида бахтли келажак қуришда катта маънавий озуқа бўлади.
Гуличеҳра Дурдиева