Унга кўра, манфаатлар тўқнашуви давлат ташкилоти ходимининг, унинг яқин қариндошларининг ва унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатлари билан фуқароларнинг, ташкилотнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган ёхуд юзага келиши мумкин бўлган вазият, дея таъриф берилмоқда. 

Давлат ташкилоти ходимлари манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чоралар устидан юқори турувчи давлат ташкилотига, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда;

 Давлат ташкилоти ходимлари мавжуд манфаатлар тўқнашувида ўзининг иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилинишидан олдин бевосита раҳбарига ёки махсус бўлинмага хабар бериши, бундан ташқари, давлат ташкилотининг бошқа ходимлари бўйича ўзига маълум бўлган манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериши мажбурий этиб белгиланмоқда. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланмоқда ва Агентликка  қуйидаги ваколатлар берилмоқда: 

давлат ташкилотларининг манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича давлат ташкилотининг фаолиятини ўрганиш;

манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари тўғрисидаги хабарнома, тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация ҳамда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлаш;

манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, битим, буйруқ ва бошқа ҳужжатни бекор қилиш тўғрисида давлат ташкилотига тақдимнома ёки уларни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш. 

Манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда:

давлат органи ходимларининг манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлиги учун – БҲМнинг 3 баравардан 5 бараваригача миқдорда жарима (такроран бўлса – БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача);

мансабдор шахсларнинг ушбу вазиятни тартибга солмаганлиги учун – БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача миқдорда жарима (такроран бўлса – БҲМнинг 10 баравардан 15 бараваригача) жазосини белгилаш назарда тутилмоқда. 

Бунда маъмурий баённома тузиш ва судга юбориш ваколати Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юклатилмоқда.