Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар қилди.
Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилишни давом эттириш бўйича йўл харитаси лойиҳаси ҳам муҳокама этилди. Лойиҳада коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари рўйхатини шакллантиш, хорижий давлат мансабдор шахсларига ва халқаро ташкилотларининг вакилларига пора берганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш, коррупция ҳолатлари тўғрисида аноним хабар йўллаш ва уларни кўриб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Жиноят кодексига мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш, Халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган қарзлар ва молиявий ёрдамлар сарфининг ошкоралигини таъминлаш учун очиқ маълумотлар базасини шакллантириш масалалари ҳам ўрин олган.
Йиғилишда коррупцияга қарши курашишда Миллий кенгаш ва ҳар бир идоранинг фаоллигини ошириш бўйича бир қатор муҳим йўналишлар белгилаб олинди. Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш ва унинг лойиҳасини кенг жамоатчилик, фуқаролар ўртасида оммавий муҳокамасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини мажбурий равишда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибини жорий қилиш бўйича ишларни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.
9 декабрь — "Халқаро коррупцияга қарши кураш” кунига бағишлаб ташкил этилаётган Антикоррупция ҳафталиги доирасидаги ҳар бир тадбирда аҳолимизнинг фаол иштирокини таъминлаш масаласи устувор бўлиши кераклиги таъкидланди
Кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан ҳам тегишли қарор қабул қилинди.