Темирйўлчилар бу йилги касб байрамини Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг турли ҳудудларида халқимиз фаровонлиги, давлатимизнинг иқтисодий юксалиши, қолаверса, келажаги учун катта наф берадиган лойиҳаларни амалга ошириш билан кутиб олишяпти. Улардан бири пойтахтимизда бунёд этилаётган ер усти ҳалқа метросидир. Хусусан, Қўйлиқ – Қурувчилар йўналишида 5 та бекат фойдаланишга топширилган бўлса, 13 ҳамда 14-бекатларда давом эттирилаётган бунёдкорлик ишлари йил якунига қадар битказилиши режалаштирилган.
Йирик лойиҳалардан яна бири Қизилқум саҳросининг қоқ ўртасидан ўтган ва 2017 йилда қурилган Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш ишларидир. Умумий узунлиги 465,5 километрли темир йўл лойиҳаси тўлиқ якунлангач, тармоқ тасарруфидаги пўлат изларнинг электрлаштирилган қисми қарийб 50 фоизга етади.
Электр поездининг унумдорлиги анъанавийсига нисбатан 4,5 баробар юқори. Шунга яраша, йўлнинг самарадорлиги анча ошади. Масалан, поездларнинг юқори тезлиги соатига 250 километргача бўлганда йўловчиларнинг Тошкентдан Урганчгача етиб бориш вақти 14 соатдан 6 соатга, Бухородан Хивагача 8 соатдан 3 соатгача қисқаради. Бу аҳоли ва меҳмонларга катта қулайлик яратиб, туризм ривожида ҳам муҳим омил бўлади.
Ҳозирги лойиҳага ҳамоҳанг тарзда Нукус шаҳригача бўлган темир йўлни ҳам электрлаштириш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида Тошкент билан Нукус ўртасидаги қатнов вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси мутахассислари Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи, Амударё устидан ўтадиган янги темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўпригини ҳам бунёд этмоқда. Бу кўприк нафақат Қорақалпоғистон ва Хоразмни янада яқинлаштиришда, балки бутун мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади.
Жамият тасарруфидаги “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонасининг 13-кўприкқурилиш отряди жамоаси томонидан Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Назарбек шаҳарчаси ҳудудидан ўтган темир йўл ва автомобиль йўллари кесишмасида янги ва замонавий йўлўтказгич қурилиши ҳам тугатилиб, фойдаланишга топширилди. Бу эса ушбу ҳудудда турадиган ва мазкур йўналишдан фойдаланадиган одамлар учун катта қулайлик яратди.
Бу каби лойиҳалар соҳа ходимларининг залворли меҳнати туфайли рўёбга чиқмоқда. Бу яхши. Бироқ бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замонда қўлга киритилган ютуқлар билан кифояланиб қолиб бўлмайди. Янада катта марралар, вазифалар устида ишлаш, одамлар узоғини яқин қилиш, сифатли хизмат кўрсатиш билан рози қилиш давр талаби, тараққиёт кафолати, халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлиши демакдир. Шундай экан, бугунги замон нафасини ҳис қилган темирйўлчилар катта масъулият ва янгича ёндашувлар асосида ишлашга интилмоқда. Магистралларда юк ва йўловчи қатновларини ошириш ҳамда хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаган ҳолда тизимда янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш устида изланмоқда.
Анъанага кўра, бу йилги касб байрами арафасида ҳам 76 минг темирйўлчидан бир гуруҳи соҳа ривожига қўшаётган фидойи меҳнати учун тақдирланди. Узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилаётган 29 киши “Фахрий темирйўлчи” кўкрак нишонига, фахрий ёрлиқларга сазовор бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари республика кенгаши томонидан юзлаб энг илғор темирйўлчилар моддий рағбатлантирилди.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири