“Тeмур тузуклари”даги “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир” ва “Салтанат ишларининг тўққиз улушини машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтириш зарур”, деган сўзлар бугун ҳам нақадар долзарб эканини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.
Давлат ва жамият бошқарувида билим, илм ва маърифатга асосланган ёндашув ҳаётий заруриятлигини ҳар биримиз кўриб турибмиз. Тараққий этган қайси давлатни олмайлик, тадрижий ривожланишида инсон қадрини улуғлаш, инсон омилидан оқилона ва самарали фойдаланиш натижасида улуғ мақсадларга эришилган.
Мамлакатимизда 2019 йилдан эътиборан “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан қонунчиликка доир ҳужжатлар, жумладан, давлат дастурлари, Президентнинг фармон ва қарорлари лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этиб келинмоқда.
Мен шундай муҳим жараёнларга ўз ҳиссамни қўшиш, оддий фуқаролик бурчимни бажаришга ҳаракат қиламан. Хусусан, 2019 йилда йўналишли таксилар фаолиятини рақамлаштириш билан боғлиқ таклифим инобатга олиниб, давлат дастурида ўз аксини топган бўлса, 2021 йил — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури лойиҳасига маҳалла институти фаолиятини такомиллаштиришда Давлат хизматлари агентлигидаги текин ва пулли хизматларни айнан маҳаллада йўлга қўйилиши ҳам мақсадга мувофиқ, деб берган таклифим инобатга олинди.
Чунки аҳолига хизмат кўрсатишда транспорт хизматларига кетадиган сарф-харажатлар қисқаради. Шунингдек, ҳудуд иқтисодий ривожланишига ижобий самара беради. Бундан ташқари, давлат органларининг хизмат сифатини маҳаллабай ташкил этиш ва уни маҳаллабай мувофиқлаштириш имконини беради, деган таклифим ҳам давлат дастури бандларида инобатга олинди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси муҳокамасига ҳам 40 дан ортиқ таклиф тақдим этдим. Улардан маҳалла институти фаолияти самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш билан боғлиқ таклифим қабул қилинди.
Маҳаллаларда социологик ва аналитик таҳлил бугунги кунда сув билан ҳаводек зарурлиги, бундай таҳлиллар маҳалла институти самарадорлиги ҳамда жамоатчилик назоратини ошириш имкони бериши ҳақида эди таклифим.
Зеро, ҳар бир маҳаллада социологик ва аналитик таҳлиллар ўтказилиши миқдор ва сифат кўрсаткичлари шаффоф бўлиши, ахборот алмашинувида очиқ ва ошкораликни таъминланишда муҳим аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда, оддий фуқаро, кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари шундай муҳим ҳужжатларда акс этиши “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодасидир.
Шаҳриёр ХОЛБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси
Самарқанд филиали бош мутахассиси