Шу маънода, мамлакатимизда журналист кадрларни тайёрлашга ахборот сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралаётгани қувончли ҳодиса.
Президентимизнинг 2018 йил 24 майдаги қарорига мувофиқ, мутлақо янги тамойиллар, замонавий шарт-шароит ва таълим дастури асосида мутахассислар тайёрлайдиган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилгани медиа соҳаси ривожидаги муҳим қадам бўлди. Ўз йўналиши бўйича Марказий Осиёда ягона университет мамлакатимизда журналистика мактабини шакллантириш, оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Зеро, озод ва мустақил юртда тараққиётни, демократик қадриятларнинг амалда бўлишини цензура ва босимларсиз ижод қиладиган, халқимизни қийнаётган оғриқли муаммоларни дадил кўтариб чиқиб, ечим топа оладиган журналист кадрларнинг янги тўлқинигина таъминлай олади.
Ахборот – тараққиёт барометри
Дунёнинг ривожланган барча мамлакатлари кучли, кенг қамровли ахборот тизимига эга. Қаерда ахборот айланиши суст бўлса, тараққиёт ҳам суст кечади. Собиқ иттифоқ даврида ҳам, ундан кейинги даврда ҳам журналистикага қалами ўткир, тили аччиқ одамлар керак бўлмай қолди. Сўз эркинлиги анқонинг уруғига айланди. Журналист кадрлар танқислиги юзага келди. Малакали мутахассислар бошқа соҳаларга ўтиб кетди. Ваҳоланки, мукаммал ахборот тизимисиз ривожланиш мушкул. Сўз эркинлиги – демократиянинг қон айланиш тизими, дейилиши бежиз эмас. Ахборотнинг очиқлиги, ошкоралиги, тезкорлиги халқ онгу тафаккури билан уйғунликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти шаффофлиги, жамият олдида ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилади. Янги Ўзбекистонда бу ҳақиқат англанган ҳолда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолияти учун муҳит яратилган, журналистларни тайёрлашга катта эътибор қаратилган.
Яратилган имконият ва шароитлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида журналистиканинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ мавзулар чуқур ўрганиладиган, илмий тадқиқотлар, ижодий изланишлар қилинадиган, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрланадиган маконга айланган.
Журналистик таълим йўналишлари сони ва қамрови йилда-йилга ошиб бормоқда. Университетимизда дастлабки ўқув йилида 2 та факультет, 2 та кафедра мавжуд бўлган бўлса, айни кунга келиб 4 та – босма ОАВ ва ноширлик иши, халқаро ва аудиовизуал журналистика, интернет журналистика ва медиаменежмент, халқаро муносабатлар ва ижтимоий-сиёсий фанлар факультетлари, 10 та кафедра, шунингдек, 12 та бўлим фаолият кўрсатиб келмоқда. Энг муҳими, журналистик таълим монополлаштирилмаган. Журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари сони кўпаймоқда.
Йўналишлар кенгайиб, қамров ошмоқда
Университет ташкил этилган йилда биз дифференциал таълим шаклини танладик ва журналистикани ихтисосликларга бўлиб, 8 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 10 та магистратура мутахассислиги бўйича ўқитишни бошлаган эдик. Университетда янги йўналиш, янги ихтисослик очилиши сон жиҳатидан кенгайишга, сифат жиҳатидан такомиллашишга хизмат қилмоқда. Бу ўқув йилида эса яна янги ихтисосликлар қўшилди, айни кунда 17 бакалавриат таълим йўналиши ва 17 магистратура мутахассислиги мавжуд.
Университетимиз ташкил этилган дастлабки йилда интернет журналистикаси, медиадизайн, босма оммавий ахборот воситалари журналистикаси, медиамаркетинг ва реклама, телерадиожурналистика, спорт журналистикаси, халқаро журналистика, ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар, кейинги ўқув йилларида ҳарбий журналистика, сиёсатшунослик йўналишларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Мазкур ўқув йилидан санъат журналистикаси, саёҳат журналистикаси, иқтисодий журналистика, психология, социология каби янги таълим йўналишлари ташкил этилди.
Магистратурада ҳам ноширлик иши ва муҳаррирлик, босма оммавий ахборот воситалари журналистикаси, сиёсий-ҳуқуқий журналистика, интернет журналистикаси, спорт журналистикаси, олий журналистика курслари, халқаро журналистика, телевидение ва радиоэшиттириш, ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар, медиаменежмент, PR менежмент ва PR таҳлил мутахассисликлари мавжуд эди. Энди улар қаторига амалий сиёсатшунослик, халқаро муносабатлар ва жаҳон сиёсати, ҳарбий журналистика, медиамаркетинг ва реклама, медиадизайн ҳам қўшилган.
Барча таълим йўналишидаги талабалар учун чет тил биринчи курсдан тўртинчи курсгача дарс жадвалидан тушмаяпти. Ҳар бир талаба камида иккита хорижий тилни билиши учун университетнинг тиллар марказида нафақат инглиз тили, балки турк, араб, хитой, немис, француз, рус, испан, корейс тиллари ўқитилади. Қозоқ, қирғиз, туркман, тожик тилларини ўргатиш ҳам кўзланмоқда. Айнан мана шу иккинчи хорижий тил билан қўшимча равишда турли минтақалар ҳаётини пухта биладиган халқаро журналистлар, сиёсий шарҳловчилар, сиёсатшуносларни етиштириш учун минтақашунослик кесимида кадрлар тайёрлаш сари қадам қўйганмиз.
Бугунги журналистикамиз ривожи учун жуда керак бўлган дрон журналистикаси, мультимедиа журналистика, конвергент таҳририят, робот журналистикаси, ҳарбий журналистика, спорт шарҳловчилиги, кризис даврида PR, медиасаводхонлик ва фактчекинг, копирайтинг, креатив фикрлаш каби учун янги фанлар киритиб борилмоқда.
Олдинда ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Таълим даргоҳимизни Марказий Осиёда нафақат медиа ва коммуникацияга ихтисослашган ягона, балки коммуникация базасига қурилган йирик гуманитар университет сифатида ривожлантириш мақсадидамиз.
Танаффусдан сўнг очилган йўналиш
Бизда кўп йиллар сиёсатшунослик таълим йўналиши ёпиқ эди. Ўзбекистон олийгоҳларидаги сиёсатшунослик кафедралари ҳеч қандай расмий изоҳларсиз 2010 ўқув йили учун талабаларни қабул қилишни тўхтатди. 2013 йилдан бошлаб эса кафедра ва факультетлар ёпила бошлаган. 2015 йили Ўзбекистонда сиёсатшунослик фани ўқитилмаслиги расман эълон қилинди.
Ваҳоланки, сиёсатшунослик фани ривожисиз, етук сиёсатшунос мутахассисларсиз фуқаролардан юксак сиёсий саводхонликни талаб қилиб бўлмайди. Фан ривожи, таълим йўналиши мавжудлиги аҳоли дунёқарашида соғлом сиёсий иммунитетни шакллантиришга ёрдам беради.
Университетдаги халқаро муносабатлар ва ижтимоий сиёсий фанлар факультетида ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар, сиёсатшунослик, халқаро муносабатлар, амалий психология, социология йўналишлари бўйича жами талабалар сони 525 нафарни ташкил қилади.
Республикадаги барча олий таълим муассасалари қатори Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳам кредит-модул тизимига ўтган. Бу жараёнда ҳар бир талаба биринчи курсдан тўртинчи курсга қадар 240 кредит тўплаши керак бўлади.
Амалдаги ўқув режалар анча соддалаштирилган. Аввал битта семестрда 8, 9, ҳатто 12 тагача фанни ўзлаштириш режалаштирилган бўлса, ҳозир 5 ёки 6 фанни ўзлаштириш белгиланмоқда. Фанларни шакллантириш ва семестрларга тақсимлаш талабалар сўровларидан келиб чиқиб амалга оширилади. Бу эса, ўз навбатида, гуманитар фанлар камайишига ва мутахассислик фанлар кўпайишига олиб келяпти. Масалан, бир талаба ўқишга кириб битиргунга қадар тахминан 30 та фан ўзлаштирадиган бўлса, шундан 3 таси, яъни 1 фоизи гуманитар фанларга тўғри келмоқда.
Педагоглар таркибини шакллантиришда тажриба ва илмий салоҳиятга эътибор қаратилди
Университетимизда 2022-2023 ўқув йилида 3355 талаба таҳсил олди. Дастлабки йилларда, яъни 2018-2019 ўқув йилида 119 нафар бакалавр ўқишни бошлади (танлов 1 ўринга 7,5 киши бўлган). Келаси ўқув йилда 609 талаба, пандемия пайтида 1558 талаба, ундан кейинги йил бир ярим баробар кўпайди ва 2605 нафар бўлди. Бундан шуни кўриш мумкинки, университетимизга талаб йилдан йилга ортиб бормоқда. Ўтган йили биз биринчи бакалавр қалдирғочларимизни учирма қилдик, улар 119 нафар эди. Бу йил битирувчиларимиз 552 нафар. Рақамлардаги тафовут ёшларнинг соҳага қизиқиши юқорилиги, шунингдек, мамлакатимизда медиа соҳаси мутахассисларига эҳтиёж муттасил ошиб бораётганидан далолат беради.
Қамров ошиши янги педагогик жамоани шакллантиришни тақозо этди. Биз илмий салоҳиятли, шу билан бирга, журналистик амалиётда катта тажрибага эга бўлган, ҳаётнинг пасту баландини кўрган педагоглар жамоасини шакллантиришга эътибор қаратдик. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, умуман, ҳаётий тажрибага эга инсонларни таклиф қилдик. Улар ёшларимизни сўзнинг, ахборотнинг қадрини англашга, соҳа масъулиятини ҳис қилишга, Ватанимиз, она тилимизни севишга, ўзгалар шахсини ҳурмат қилишга ўргатмоқда. Ўз касбининг устаси бўлган, ҳақиқат ва адолат йўлида хизмат қиладиган журналистларни тарбияламоқда. Ҳар бир талаба билан индивидуал ишлаш асосий талаб.
Университетимиз профессор-ўқитувчилари сони ҳам талабалар сони сингари ўсиб борди, аммо бу жараёнда илмий салоҳият кўрсаткичларимиз ҳар йили пасайиб борарди. Сабаби, сўнгги 10-15 йилда журналистика ихтисослиги бўйича илмий даража олган ўқитувчиларимиз сони саноқли эди. Қувонарлиси, илмий изланиш олиб бораётган профессор-ўқитувчиларимиз сони кўп. Шу беш йил давомида 26 ҳамкасбимиз филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва 4 нафари филология фанлари доктори (DSc) диссертациясини ёқлади. Умумий илмий салоҳият бугун 38 фоизни ташкил этади.
Университетимизда ёш олимларни рағбатлантириш, илмий салоҳиятни доимий ривожлантириш сари ҳаракат катта. Докторантурада 22 докторант, 39 мустақил тадқиқотчи илмий изланиш олиб бормоқда.
Шарт-шароит – кутилган натижа сари қисқа йўл
Сифатли ўқув жараёнини мустаҳкам моддий-техник базасиз ташкил этиб бўлмайди. Тўғри, бино, техника билим бермайди, бироқ зарур шарт-шароит яратади. Тўғрисини айтсак, университет фаолиятини нолдан ташкил этиш осон кечгани йўқ. Аввало, талабалар учун зарур шароит яратишимиз талаб этиларди. Янги университет учун шаҳар маркази, тарихий Қашқар маҳалласидан бино танланди. Жойлашув ҳақиқатан қулай эди. Бинонинг марказда жойлашиши талабалар журналистиканинг қайноқ муҳитида бўлиши, жумладан, марказий таҳририятларда амалиёт ўташига қулайлик туғдирарди. Шу ерда университетнинг янги биноси қад ростлади.
Университетимизнинг янги ўқув биноси, талабалар турар жойи зарур техника воситалари билан жиҳозланган. Дарс учун зарур интерактив доска бўладими, онлайн конференция ўтказиш учун PTZ камера бўладими, ҳаммаси бор. 396 ўринли талабалар турар жойи кир ювиш машинаси, музлаткич, телевизор, Wi-Fi router каби зарурий техника ва қурилмалар билан жиҳозланган. Университетда яшил ҳудуд яратилган, табиат бурчаклари ташкил этилган. Очиқ ҳавода дарс ўтишга мўлжалланган учта “Open Air” майдончаси, талабалар пресс-клуби мавжуд.
Германиянинг дунёга машҳур “Deutschwelle Academy” билан радиостудия, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) билан телестудия, телевизион павильон ташкил этилган. Хитойнинг “Huawei” компанияси кўмагида замонавий фотолаборатория ҳамда коворкинг марказ фаолият юритмоқда. Бу талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш имконини беради.
Университетимиз АҚШ, Туркия, Жанубий Корея, Латвия, Литва, Хитой, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хорижий университетлар билан 25 га яқин меморандум имзоладик. Буларнинг барчаси талабаларимиз ўз соҳасининг етук мутахасиси бўлиши ва замонавий медиа бозорида ўз ўрнини топиши учундир. Бугун ОАВ таҳририятларида ўз ўрнини эгаллаб бораётган ижодкорлар орасида университетимиз талабалари жуда фаол.
Олдимизда турган мақсадлар кўп. Ахборот майдони ва медиа соҳасига кириб келаётган сунъий интеллект шароитида янги кадрларга эҳтиёжни ҳисобга олиб, ўқув жараёнига замонавий фанларни киритиш, магистратура ва докторантура бўйича янги йўналишлар очиш, илмий изланиш қилаётган ёшларнинг янги трендлар билан биргаликда тарихий жараёнларда ролини, миллатимиз ойдинлари – жадидларнинг бизга қолдирган публицистик меросини чуқурроқ ўрганиш ва интеллектуал меҳнат самараси бўлган ишланмаларини тижоратлаштириш кабилар шулар жумласидандир. Буларнинг негизидаги энг асосий мақсад эса ҳақиқат ва адолат йўлида хизмат қилувчи журналист кадрларни тайёрлашдир.
“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!”. Бу менинг, сизнинг, барчамизнинг олий мақсадимиз ва фаолиятимиздаги асосий шиоримиздир. Буни амалга ошириш учун бизда салоҳият, билим, куч ва мотивация етарли. Бу шиор олий мақсадларимиз сари бизни бирлаштиради.
Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,
сиёсий фанлар номзоди, профессор