— Оҳангарон тумани ҳокимининг 2015 йил 25 декабрда фармойиши чиқди. Катта тавакалчилик асосида “Ягона дарча” нима эканлигини тушуниб тушинмай иш фаолиятимни бошладим. Дастлаб кичкина жамоа билан туманнинг иқтисод қилинган маблағлари эвазига бизга топширилган бинони таъмирладик, керакли компьютер қурилмаларини ўрнатдик. Дастлабки кунлари тадбиркорлар ва аҳолини “Ягона дарча” фаолияти билан таништириш  осон бўлмади.

 — Ишни дастлаб 16 та фаолият турини амалга тадбиқ этишдан бошладик.  Ҳамкор ташкилотлар билан янги тизимни йўлга қўйиб олиш ўзига яраша қийинчиликларни келтириб чиқарди. Шундай бўлсада Оҳангарон туман марказ фаолиятини йўлга қўйиб олдик.

 — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги фармони билан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганлиги, фуқароларнинг давлат органлари билан ўзаро алоқасининг янги босқичини бошлаб берди. Соҳадаги устувор вазифалар сифатида  давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имкониятини тубдан ошириш имконияти яратилди.

 — Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилиши фаолиятимизни янада кенгайтириш имкониятини талаб этар эди. Марказ учун янги замонавий бино барпо этиш учун туман ҳокимларига топшириқ берилди. Шунингдек, давлатимиз томонидан ҳар бир марказга аҳолига янада қулайлик яратиш, жойларга чиқиб сайёр хизматлар кўрсатиш мақсадида “Дамас” русумли автомашина ажратилди.

—2018 йил июн ойида Давлатимиз раҳбарининг Оҳангарон шаҳар Давлат хизматлари маркази биносига ташриф буюрди. Менга Президентимизни яқиндан кўриш, суҳбатидан баҳраманд бўлиш бахти насиб этди. Учрашув жараёнида келгусида аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ДХМ филиалларини очиш, халқимизга шараф билан хизмат кўрсатиш борасида топшириқлар берди.

— Туман ДХМ биносини қуриш ёки бўш турган бинони реконструкция қилиш таклифи берилди. А-373 М-39 “Ангрен-Ўш” автомобиль йўли  кенгайиб,  “Ёнариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ширкат хўжалиги биноси ДХМ учун реконструкция қилишга рухсат берилди.  Таьмирлаш ишлари олиб борилиб, 2019 йилнинг декабр ойида туман ДХМ нинг янги, замонавий биноси  ўз фаолиятини бошлади.

— Бугун халқ билан давлат ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди. Фуқароларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Тадбиркорликни ривожлантириш дейсизми, янги ишлаб чиқариш корхоналари очиш, электрон рақамли имзо калитини олиш дейсизми, қўйингки, ҳар қандай юмуш билан марказга келсангиз, ишингиз тез фурсатда битади. Бундай шароитда ишлаш биз ходимлар учун ҳам, марказ хизматидан фойдаланишга келган аҳоли учун ҳам қулай бўлиб, кўтаринки кайфият беради.

— Ўтган уч йилимизни сарҳисоб қилсак, бугунги кунда мамлакатимиз бўйича жами давлат хизматлари марказлари сони 201 тани ташкил қилиб, республикамизнинг ҳар бир туманида фаолият юритмоқда. 2018 йил бошида халқимизга 33 та давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугун давлат хизматлари сони 140 дан ошди. Жорий йилнинг охирига қадар марказлар орқали 160 дан ортиқ шаффоф, қулай ва тезкор давлат хизматларини кўрсатиш режалаштирилган.

 — Фуқаролар учун яратилган яна бир қулайлик ДХМ, ФХДЁ, Адлия, Бош вазир қабулхоналари бир жойда, бир вақтда давлат хизматларини кўрсатиб келмоқда.

 — Оҳангарон туман Давлат хизматлари маркази томонидан  2018 йилда 10 минг 236 та давлат хизматлари кўрсатилган. 2019 йилда 28 минг 118 та, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида эса 16 минг 989 та давлат хизматлари кўрсатилди.  463 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, иш ўринлари яратилди.       

Ҳисоблаб кўрсак, ўтган 3 йил давомида марказимиз томонидан жами 55минг343 та давлат хизматлари кўрсатилган. Бу рақамлар ортида қанча меҳнат, қанча қийинчиликлар турганлигини билиш қийин эмас. Ушбу кўрсаткичларнинг ўзи ҳам халқимиз томонидан Давлат хизматлари марказларига бўлган ишончнинг тобора ортиб бораётганлигидан далолат беради.

— Бугун марказимизда тадбиркорликни бошлаш истагида бўлганлар учун қулай имкониятлар яратилган. Исталган фуқаро ёки юртимиз меҳмонлариа атиги 30 дақиқа ичида давлат рўйхатидан ўтиб, ўзининг қонуний тадбиркорлик фаолиятини бошлаши мумкин. Ўтган вақт мобайнида марказимиздан Хитой, Жанубий Корея, Германия, Испания, Италия, Россия каби давлатлардан келган хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхоналар давлат рўйхатидан ўтиб, қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйди. Туманда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони 25 тани ташкил этиб, шундан 10 таси қўшма корхона, 15 таси хорижий корхоналардир. Мазкур корхоналарда бугун юзлаб туманимиз аҳолиси меҳнат қилмоқда.  

  — Бугунги кунда марказимиз томонидан турли ташкилот ва идораларда сайёр қабуллар ўтказилиб, учрашувлар ташкил қилинмоқда. Мақсадимиз,  халқимизни рози қилиш, аҳолини марказимиздаги қулайликлар билан яқиндан таништириш ва уларнинг оғирини енгил қилишдир. Ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари туман ДХМ ходимлари томонидан сайёр тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолига қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, кўрсатилаётган давлат хизматлари, хизматлардан онлайн фойдаланиш  ва унинг афзалликлари тўғрисида тарғибот тадбирлари ҳам ўтказиб келинмоқда. 

— Бугун одамларнинг гапларига қулоқ солсангиз, ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса ҳам Давлат хизматлари марказлари ҳақида гапиришганига гувоҳ бўласиз. Марказларда ташриф буюрувчиларга яратилаётган барча қулайликлар асосан вақтни тежаш, турли оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш имконини беради. Шу билан бирга,  кўрсатилаётган хизматларнинг аксарияти қисқа фурсатлар ичида бажарилмоқда. Бу хизматлардан ҳатто олис қишлоқ одамлари ҳам манфаатдор бўлмоқда. Улар учун яратилган шарт-шароит ва имконият шаҳарникидан асло қолишмайди.

Шаҳло КЎЧИМОВА,

Оҳангарон тумани

Давлат хизматлари маркази директори