Дастлаб Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Нуриллаев сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Шундан сўнг Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова сўзга чиқиб, асосий мақсад Ўзбекистонда ижтимоий демократик давлат қуриш эканлигини таъкидлади.
Бу мақсадга эришиш учун эса биринчи навбатда аҳоли кенг қатламлари фаровонлиги таъминланиши, ҳар бир оила ўзининг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларини қондириши, қулай уй-жой, узлуксиз энергия таъминоти, табиий газ ва ичимлик суви, сифатли озиқ-овқат, замонавий таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун етадиган даромад манбаига эга бўлмоғи керак.
Иккинчидан, барча соҳаларда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенгликни қарор топтириш, жамият аъзоларининг ўз ҳуқуқларини амалга оширишлари учун уларга тенг имкониятлар яратилиши зарур. Учинчидан, фуқароларнинг демократик институтлар орқали аҳолининг ижтимоий кайфиятига, зарур ҳаётий эҳтиёжларини амалга оширишга таъсир кўрсатадиган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, жамоатчилик экспертизаси ва муҳокамаларида кенг иштирок этишини таъминлаш жамиятда демократик асосларни мустаҳкамлайди.
Президентликка номзод М.Ворисованинг сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.