«Атлас байрами» фестивали миллий ҳунармандчилик ва туризмни янада ривожлантириш ва оммалаштиришга, давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга, ҳунармандлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилгани таъкидланди.

Фестивалда дунёнинг 21 та давлатидан келган анъанавий тўқимачилик ва дизайн соҳасининг етакчилари, ҳунармандлар, санъатшунослар, арт-менежерлар, анъанавий ҳунармандчиликни бошқариш соҳаси мутахассислари иштирок этганига эътибор қаратилди.

Тадбир давомида халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзолари яна бир бор таништирилиб, улар томонидан турли номинация бўйича ғолиблар эълон қилинди.

Анъанавий ҳунармандчиликдаги аҳамиятли инновациялари учун Гунжан Жаин (Ҳиндистон), Ўзбек каштачилиги анъаналарининг янгича талқини учун Мадина Қосимбаева (Ўзбекистон), тожик читгарлиги санъати анъаналарини қайта тиклаётгани учун Мирамин Саидов (Тожикистон), Бухоро зардўзлик анъаналарини сақлаб қолгани учун Бахшило Джумаев (Ўзбекистон), абр матоларининг маҳаллий анъаналарини сақлаб қолганлиги учун Набижон Тоштемиров (Ўзбекистон), анъанавий усуллар ва замонавий дизайн уйғунлиги учун Эдрик Онг Лианг Бин (Индонезия), қадимий нақшларни сақлашдаги юксак ҳунармандлик маҳорати учун Муҳаммад Абдул Жаббар (Бангладеш), ипак гиламлар тўқишдаги юқори технологик ва бадиий савияси учун Илҳом Давлетов (Ўзбекистон), этник-маданий анъаналарнинг ўзига хос талқини учун Айжан Бекқулова (Қозоғистон), ретро ва этник услуб уйғунлиги учун Ирина Шарипова (Ўзбекистон), Ҳиндистон анъанавий маданияти орқали тасвирларни очиб бергани учун Мубин Хатри (Ҳиндистон), Гламур эстетикаси ва юқори мода услуби туйғуси учун Зуҳра Инат (Латвия), абр матоларининг ранг жозибадорлигини маҳорат билан тақдим этгани учун Султон Салиев (Россия), анъанавий тўқимачиликни сақлаш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳамда «Атлас байрами» фестивалини ташкил этишдаги кўп йиллик хизматлари учун Расул Мирзааҳмедов (Ўзбекистон)га тантанали тарзда диплом ва совғалар топширилди.

Санъаткорлар, фольклор жамоалари иштирокидаги концерт дастури йиғилганларга янада кўтаринкилик бағишлади.

«Жаҳон ҳунармандлари шаҳри» деган юксак номга сазовор бўлган Марғилонда навбатдаги «Атлас байрами» бешинчи халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали ўз якунига етди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.