Ҳудудларда бўлиб ўтаётган сессиялар Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилиб, маҳаллий ҳокимиятни, барча давлат идораларини ҳалқимиз олдида ҳисобдорлигини, масъулиятни ошириш, жорий йилда амалга оширилган ишларни таҳлили ва келгуси йил устувор йўналиш ва вазифаларни белгилаб олинаётгани билан аҳамиятлидир. 

Туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра, Марғилон шаҳри 2019 йил статистик кўрсаткичлар бўйича “яшил” ҳудуд деб топилди.

Қайд этилганидек, жорий йил январ-сентябр ҳолатига 13 та корхона томонидан 4 миллион 900 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Бугунги кунга қадар шаҳар бўйича 10,7 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди.

Пандемия шароитида иқтисодиётнинг барча тармоқларини узлуксиз ишлашини таъминлаш, фаолиятини вақтинча тўхтатган корхоналар, тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўлиқ тиклаш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. Хусусан, пандемия оқибатида вақтинча иқтисодий фаоллиги пасайган 485 та корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича индивидуал ёндашилиб, улардаги мавжуд муаммолар бартараф этилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2020 йил якуни билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 885 миллиард сўмни ташкил қилди.

Аҳоли даромадларини ошириш, эхтиёжманд қатламни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида сезиларли ишлар амалга оширилди. Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий нафақалар учун 13,9 миллиард сўм маблағ тўлаб берилди.

Ишлаш мақсадида чет давлатларга кетган фуқароларнинг 1 минг 159 нафари ишга жойлаштирилди. Аҳоли орасида меҳнат шартномаси, доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий меҳнат ишлари билан банд бўлган даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этади.

Аммо шу кунга қадар уларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмас, бу эса пенсия ёшига етганда меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқаради. Президентимиз томонидан жорий йилнинг 8 июнда қабул қилинган қарор 67 та йўналишда фаолият юритиб келаётган бу каби фуқароларни норасмий фаолиятларини легаллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Пандемия шароитида, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам билан ишлаш, уларга манзилли ёрдамни ташкил этиш орқали давлатнинг ижтимоий ҳимоя борасидаги сиёсатини манзиллилигини таъминлашда мақсадида ташкил этилган “Темир дафтар”ва “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати қўл келди.

“Темир дафтар”га киритилган 6 минг 126 та оилаларга ҳозирги кунга қадар умумий қиймати 9,5 миллиард сўмдан ортиқроқ бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, нақд пул ва бошқа кўринишдаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.

Бугунги кунгача, “Темир дафтар”даги 4 минг 276 нафар ишга муҳтож фуқаронинг 4 минг 168 нафарини турли йўналишларда бандлиги таъминланди. Жумладан, тадбиркорлик йўналишида 156 нафар фуқарога  1,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратиб берилди, 84 нафар фуқарога субсидия асосида исиқхоналар қуриб берилди.

Айни пайтда шаҳрда жами 7181 та тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда.

Тижорат банклари томонидан жорий йил 1 декабрь ҳолатига барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан бизнесни ривожлантиришга, аҳоли харид қобилиятини оширишга 5 минг 795 та ҳолатда жами 297 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиб берилди.

Инқирозга қарши курашиш бўйича қабул қилинган Фармон ва қарорлар билан шаҳардаги 1076 та тадбиркорлик субъектларга 7 миллиард сўм солиқ имтиёзлари берилди. Январь-ноябрь ойларида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида 1 минг 122 талойиҳага 27,7 миллиард сўм, ҳунармандчилик соҳасидаги 217 та лойиҳага 6,8 миллиард сўм ажратилди.

Марғилонда ҳунармандчилик яхши ривожланган. Шаҳарда 1000 нафарга яқин ҳунармандлар уюшмага аъзо бўлган ҳолда ўз фаолиятларини олиб боришади.

Янги ташкил этилган  “Хунармандлар маркази”да миллий матолар ва ипак гиламлар ишлаб чиқариш йўалишида 600 нафарга яқин ишсиз аёллар бандлиги таъминланди. Бу ерда 600 нафар уста фаолият бошлаб, 200 дан ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, маиший хизмат, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Улар томонидан 2 мингга яқин хотин-қиз, ёшлар ишга жалб этилди.

Гилам цехида 250 дан зиёд аёл ва қизлар меҳнат қилмоқда. Мутасаддиларнинг қайд этишича, энг тез битадиган маҳсулот икки ойда тайёр бўлади. Лекин 2-3 йилгача ҳам битта буюртмани битириш мумкин. Бунда албатта бандлик ҳам таъминланади. 

Хориж мамлакатларида қўл меҳнатида тайёрланган маҳсулот жуда қадрланади ва қиммат нахларда баҳоланади. Ҳунармандлар марказида ҳам маҳсулотларнинг сифати юқори. Асл ипакка табиий бўёқлардан гул чизиб мато тўқилади. Шу боис бу маҳсулотларга харидор тайёр. Гиламлар асосан Туркияга, атлас, адрас матолар АҚШ, Италия, Франция, Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатларга экспорт қилинади. Шунингдек, бугунги кунда шаҳарда умумий майдони 10,5 гектар, шундан ишлаб чиқариш майдони 2,7 гектар  бўлган 2 та “Надирмат” ва “Наруз” кичик саноат зоналари ташкил этилган. 

Ушбу кичик саноат зоналарда умумий қиймати 56,2 миллиард сўм бўлган 41 та лойиҳалар жойлаштирилган бўлиб, ушбу лойихаларни амалга оширилиши натижасида 874 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. 

Мазкур лойиҳалар бўйича бугунги кунда умумий қиймати 44,2  миллиард сўмлик 30 та лойиҳалар ишга туширилди ва 592 та иш ўрни яратилди. Қолган 11 та лойиҳаларда бугунги кунда қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, шаҳарда марказлашган иссиқлик таъминоти корхонаси узоқ йиллар муқаддам ўз фаолиятини тўхтатганлиги сабабли кўп қаватли уйларни турли воситалар ёрдамида табиий газ ва электр энергияси билан иситиб келинар эди. Президент қарорига мувофиқ, Гулистон, Зухро, Саховат, Милтиқсоз ва Чилонзор маҳаллаларидаги 131 та кўп қаватли уйларни “Фарғона иссиқлик энерго маркази” орқали иссиқлик билан таъминлаш юзасидан жами смета қиймати 103,5 миллиард сўм бўлган лойиҳасини амалга ошириш учун маблағлар ажратилди.