Президентимиз ўтган йил 21-22 май кунлари Андижонга ташрифи чоғида камбағалликни камайтириш масаласига Андижон тажрибаси сифатида мутлақо янгича ёндашув ташаббуси билан чиққан эди. Ўшанда мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича кўрсатмалар бериб, ҳар бир вазирлик, идора, тармоқ корхоналари ва маҳаллий ҳокимлик вакилларига ишни хонадон, маҳалла, қишлоқ ва туман даражасида ташкил қилиш бўйича аниқ вазифалар топширилди.
Муҳими, мамлакатимиз ҳудудининг бир фоизинигина ташкил этадиган Андижон вилоятида юртимиз аҳолисининг 10 фоизи яшаши камбағалликни бартараф этиш бўйича бажариладиган ишлар ва янгича ташаббусларнинг асосий нуқтаси бўлиши ҳамда бу борада бажариладиган ишлар самарадорлигини кўрсатувчи индикатор вазифасини ўташи аниқ ва равшан тушунтирилди.
Белгиланган асосий йўналишлардан келиб чиқиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги Андижон тажрибаси сифатида қатор янгича ёндашувли ишларни бажарди. Аввало, аҳолини сердаромад, янги инновацияларга қизиқтириш ва улардан самарали фойдаланишини ташкил этиш мақсадида Марҳамат туманида 9 гектар ерда Андижон тажриба-кўргазма майдони ташкил этилди. У ўтган йиллар мобайнида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган, Андижон ҳудудига мослаштирилган янги ишланмалар ва технологиялар кўргазмалари майдони бўлиб, туман ва вилоят аҳолисининг кенг қатламига бу технологияларни тарғиб қилиш, ўргатиш ва ўз томорқа хўжаликларида, фермерлик ёки ишлаб чиқариш корхоналарида жорий этишга амалий кўмаклашиш ҳамда кейинчалик юқори самарадорликка эришиш бўйича консалтинг хизматлари кўрсатишга йўналтирилган.
Андижон тажриба-кўргазма майдони ҳудудида амарант, стевия, киноа, павловния, гожи, қушқўнмас, чиа, эйхорния, пистия ва азолла каби ўсимликлар тажриба тариқасида экилиб, парваришланмоқда. Масалан, озуқадорлиги маккажўхориникидан 56 баробар юқори бўлган, ёғи доривор саналадиган амарант ўсимлигининг андижонлик олимлар яратган, ҳудудга мослаштирилган “Марҳамат”, “Улуғнор”, “Андижон” ва “Ўзбекистон-М” каби серҳосил янги навли кўчатзорлари ташкил қилинди.
Қатор ривожланган давлатларда талаб кун сайин ошиб бораётган, Ўзбекистон учун юқори озуқавий қувватга эга бўлган янги қишлоқ хўжалиги экини — киноа кўчатзорлари намойиши ташкил қилинди. Кўргазма майдонида қайта тикланувчи энергия манба сифатида биогаз қурилмаси ўрнатилиб, унда эйхорния ва амарант ўсимликларидан биогаз олиш йўлга қўйилди. Бу усул ҳайвон гўнгидан олинадиган биогазга нисбатан бир неча марта арзон ва самарадор экани амалда исботланган. Кўргазма майдонида павловния дарахтини кўпайтириш лабораторияси, юқори оқсилли ем тайёрлаш цехи, энергетик қурилмалар цехи ҳам жой олиши кўзда тутилган.
Ушбу ҳудудда бажарилган янги ечимлардан яна бири суғориш тизимидаги инновацион изланишлардир. Кўргазма майдонига фақат оқим кучидан фойдаланиб, сувни харажатсиз юқорига кўтарувчи гидротаранларнинг турли модификациялари ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, шаршарасиз оқим суви энергиясидан фойдаланиб, сувни юқорига кўтариш қурилмасини яратиш ва ишга тушириш режалаштирилган. Бу унчалик катта бўлмаган ер майдонларини ортиқча сарф-харажатсиз суғориш имконини беради.
Андижон тажриба-кўргазма майдони трансфер ва интеграция қилиш жараёнида замонавий халқаро технологияларни тажриба-синовдан ўтказишга хизмат қилади. Вилоят ва республика миқёсида фермерлар, томорқа эгалари ушбу тажриба майдонида намойиш этилган янги технологияларни ўз майдонларида жорий этиш кўникмасини ўзлаштириш, юртимиз учун янги ҳисобланадиган ўсимлик турлари намуналаридан фойдаланган ҳолда уларни ўз участкаларида кўпайтириш ва сифатли маҳсулот олиш имкониятига эга бўлади.
Кўп ҳолларда кўз билан кўрмагунча инновациялар қудратига ишониш қийин. Бежиз “Эшитганингга эмас, кўрганингга ишон”, дейишмайди. Инновацион ривожланиш вазирлигининг Андижон тажрибаси сифатида бажарилаётган амалий ишлари бевосита ёшларнинг янгича билим олишига шароит яратиш, уларда муҳандислик кўникмасини ҳозирдан шакллантириш, дунё илм-фанидаги янгиликларни ўз она тилимизда мунтазам олишларини таъминлаш каби ёндашувлардан иборат.
Андижон тажриба-кўргазма майдони вилоят олий таълим муассасаларини қамраб олган ҳолда, Марҳамат туманини инновацион ҳудудга айлантиришда асосий драйвер бўлиб хизмат қилиши учун барпо этилган. Бундай инновацион драйверлар юртимизнинг барча ҳудудида ташкил этилиши мақсад қилинган ва уларда синовдан ўтган самарали лойиҳалар бошқалар учун намуна бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.
Бошқача айтганда, юртимизда биринчи марта ҳудудни ривожлантиришнинг драйвери сифатида иккита катта платформа ишга туширилди. Булар — Марҳамат инновацион тажриба-кўргазма полигони ва тўла қуриб битказилиб, жиҳозланган Ёшлар технопарки.
Полигон дейилганда, кўпчилик қишлоқ хўжалигига йўналтирилган янги инновацион ишланмаларни тушунади. Аслида эса бу, аввало, Андижонда, қолаверса, мамлакатда янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришда намуна бўлиб хизмат қиладиган инновацион комплекс марказ. Содда қилиб айтганда, мамлакатдаги барча инновацияларни намойиш қилиш ва сотиш майдонидир. Мисол учун, Марҳаматда биринчи марта техношоп ташкил қилинмоқда. Айтайлик, янги нав пайдо бўлса, у ерга етказилади ва экилиб, намойиш этилади. Олимларнинг янги ишланмалари намойиши қаторида ғоялар ва ишланмалар дўкони ҳам очилиб, нарх-навосигача ёзиб қўйилади. Хоҳлаган одам Марҳаматга кираверишда тўхтаб, қанақа янги инновациялар борлигига қизиқадиган бўлса, ўша жойда дарров тушунтириб берилади. Шартнома тузилиб, сотув ҳам йўлга қўйилади. Яъни бундан полигон ҳам манфаат кўради.
Иккинчи жуда муҳим жиҳат бу — аҳолининг қизиқиши. Андижонда инновацияларга рағбат юқори эканига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Марҳаматда жорий қилинган тизим шундан иборатки, мисол учун, кишилар “Нима экин бор?” деб сўраб келса, юқори самарадорликка эга кўчат турларини кўрсатамиз ва: “Агар экадиган бўлсангиз, кўчатини берамиз ва ҳосилини сиздан ўзимиз сотиб оламиз. Чунки уни қайта ишлайдиган цехлар ҳам қуряпмиз”, деймиз. Ёки силос тайёрлаш технологиясини кўрсата оламиз. Бу технологияга кўра, кишилар хом ашёни ерга кўммасдан, ўз эҳтиёжига яраша силос тайёрлаб олиши мумкин.
Паррандачилик бўйича ҳинд югурдак ўрдагини тавсия қиламиз. Юқори рентабелли бу тур уч ойда тухумга киради ва ҳар куни маҳсулот беради. Унинг тухуми қиммат ва шифобахш бўлгани учун сотиб оладиган тадбиркорлар етарлича. Яна бир парранда тури — чех доминант товуқлари бройлердан яхшироқ ҳисобланади. Чунки касал бўлмайди, тухумдан тўхтагач, вазни тез ошади, тухум бериш пайтида ҳам, тўхтаганида ҳам гўштини бемалол истеъмол қилса бўлади. Бошқа тур товуқларнинг эса тухум пайтида гўштини истеъмол қилиб бўлмайди.
Қурилиш соҳасига келсак, пенобетон чиқарадиган ускунамизни кўрсата оламиз. Уни маҳаллага ўрнатиб қўйсак, айтайлик, маълум бир хонадон пенобетон ишлаб чиқараверади. Бу маҳсулотнинг харидори кўп. Чунки ҳозир юртимизнинг барча ҳудудида жуда катта қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шу сабабли унга талаб юқори.
Инновацион қовун етиштириш иссиқхонаси ҳам шундай янгиликлардан бири. Ҳосил етиштириш жараёнини агрономмутахассис назорат қилиб туради. Экинни ўзлари экиб, ўзлари сотиб олади, қайта ишлаб экспорт қилади. Нархи — бир килоси 6–10 АҚШ доллари атрофида. Ёки қулупнай иссиқхонасини олайлик. Бу иссиқхонанинг нархи 1,5 миллион АҚШ доллари атрофида бўлиб, сафсар қулупнайлар экилади. Тайёр ҳосилнинг килограмми 25 доллар атрофида баҳоланади. Тадбиркорларни марказга мунтазам таклиф қилиб турамиз. Уларга барча инновацияларимизни кўрсатамиз, тушунтирамиз. Агар шартнома тузишса, ўзимиз қуриб берамиз. Қайси тадбиркор бу технологияга қизиқса, марказ унга иссиқхона қуриб беради, ишлашни ва парваришлашни ўргатади, керакли кўчатларни беради, маҳсулотини айтилган нархда сотиб ҳам олади.
Тупроққа ишлов бериш соҳасига келсак, янги қопламали плугларни мисол келтиришимиз мумкин. Олимларимиз яратган махсус полимер қопламали плуглар оддийларига қараганда 34 баравар кўп хизмат қилади. Шу билан бирга, Марҳаматга буғдой, бодринг, узум ва тутнинг янги навларини ҳам олиб келдик.
Яна бир жуда муҳим йўналиши — ёшлар билан боғлиқ. Андижонда бунёд этилган Ёшлар технопарки эшиклари барча учун очиқ. Ушбу технопарк инновацион фаолиятга жалб этган ҳолда, 400 нафар ёшнинг робототехника, муқобил энергия манбалари ҳамда 3D прототиплаш бўйича билим ва кўникмасини оширишга хизмат қилади.
Президентимиз ҳар бир мактаб битирувчиси ўқишдан бўш вақтида ҳунар ўрганиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Ўқувчиларни мактаб давридаёқ муайян кўникмаларга ўргатиш Андижон тажрибаси бўлиши ва уни кейин бутун республикага жорий этиш бўйича топшириқ берди. Ёшлар технопаркида зарур билимларни ўзлаштирган ёшлар Андижондаги машинасозлик, саноат корхоналарида тажриба орттиради, ўз кўникмаларини амалда қўллайди.
Вазирлик университет иқтидорли ёшлар жамоасининг моддийтехник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 3D принтер билан таъминлашни ҳам кўзда тутган эди. Ҳажмли намуналардан нусха олувчи ускуналар пайдо бўлганига 30 йилдан ошди, аммо унга узоқ вақт давомида қимматбаҳо ускуна сифатида қаралар ва шу сабабли қўлланиш доираси чегараланган эди. Бироқ кейинги йилларда бу ускунага эътибор ошмоқда. Аксарият ривожланган давлатларда 3D принтер технологияларини ривожлантиришга қаратилган марказлар ташкил этилиб, мураккаб технологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга сарфланадиган харажатлар қисқаришига эришилмоқда. Яқин келажакда айнан шу соҳа бўйича етук мутахассисларга талаб ошиши ҳам айни ҳақиқат.
Биз ҳозирдан 3D моделлаштириш асосларини ўргатишга қаратилган ўқув режалар туздик. Қолаверса, олимлар, хусусан, ёш тадқиқотчиларнинг билимини ошириш, жаҳон илм-фани билан интеграциясини таъминлашнинг самарали йўлларидан бири истиқболли мутахассисларнинг малакасини оширишни таъминлашдир. Хорижий илмий марказлар ва тадқиқот институтларида тажриба орттириш таълим ва амалиётнинг бир нуқтада кесишувига олиб келади. Илмий ғоялар, тадқиқот ва технологик тажриба алмашинуви илмийтехник тараққиётнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшади.
Андижон тажрибаси орқали қўлга киритилган ютуқ ва орттирилган тажрибани юртимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам ўзига хослигидан келиб чиқиб, босқичма-босқич жорий этиш долзарб вазифаларидан бўлади. Зеро, туман ва қишлоқлар аҳолиси учун манфаатли лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши узоқ жойлардаги иқтидор эгаларини аниқлаб, уларнинг салоҳиятини намоён этишга хизмат қилади. Қишлоқ ва туманларда яшовчи аҳоли фаровонлигини ошириш, қишлоқ ёшларининг таълим олиши ва турли замонавий кўникмаларга эга бўлиши учун шарт-шароит яратиш иқтисодиётимизнинг малакали кадрларга эҳтиёжини қаноатлантиради, истиқболда камбағалликни камайтиришга хизмат қилади.
Кўриниб турганидек, ҳамма гап янгича фикрлайдиган, замонавий тушунчаларга эга ва иқтисодиётнинг замонга мос инновацияларини англаб етган янги авлод тадбиркорларини шакллантириш устида бормоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги бу борада тадбиркорларга ўрнак бўлиши учун намуна технологияларни намойиш қилиш ва кўмаклашишдан кўзда тутган асосий мақсад ана шу янги тушунчаларни шакллантиришдир. Президентимиз таъкидлаганидек, Андижон халқи янгиликларга интиладиган мард ва танти кишилар.
Марҳамат инновацион полигонида таклиф қилинаётган “буюртмачи-тадбиркор-буюртмачи” тизими келажакда тадбиркорнинг қўлига ўтади ва унинг ўзи буюртмачига айланади. Бу эса мамлакатни инновацион ривожлантириш стратегиясида назарда тутилган “нолдан бирни яратиш” тизимининг моҳиятини кўрсатиб беради. Мазкур ташаббус кенг қулоч ёйгач, халқ орасида оммалашиши билан бир қаторда “бирдан мингни яратиш” тизими ўзўзидан ишга тушади. Тубдан янгиловчи инновациялардан кўзда тутилган мақсад ҳам ана шундан иборат.