Алишер Навоийнинг инсоният маданий цивилизациясини шаклланишидаги аҳамиятини халқаро ҳамжамиятга янада кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида кеча мамлакатимизнинг Париждаги элчихонасида ватандошлар, дипломатик корпус раҳбарлари, француз маданий-гуманитар доиралари вакиллари иштирокида Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган ижодий кеча ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги элчиси Сардор Рустамбоев иштирокчиларга буюк мутафаккирнинг ўзбек тили ва адабиётини ривожлантиришдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг беқиёс мероси туркий ва форс маданий цивилизациясини шаклланишидаги ўрни катта эканлиги айтилди. Сўнгги йилларда мазкур тарихий шахснинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Тадбир доирасида ҳайкалтарош, ЮНЕСКОнинг тинчлик бўйича элчиси Амри Аминов томонидан Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга бағишланган ҳайкал моделининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур ҳайкал Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги абадий дўстлик рамзи экани таъкидланиб, у элчихонага такқдим қилинди.
Амри Аминов буюк икки сиймонинг туркий ва форс адабиётининг тараққиётидаги бетакрор ўрни ҳакида маъруза қилди, алломаларнинг ғазалларидан намуналар ўқиб берди.
Франция ижтимоий тадқиқотлар институти илмий ходими, навоийшунос олим Марк Тутан Алишер Навоийнинг адатий тилни ривожланишидаги ўрни тўғрисида илмий маъруза билан иштирок этди. Мутафаккирнинг асарлари Европа олимлари томонидан чуқур ўрганиб келинаётганини алоҳида таъкидлади. У ҳамкасблари билан илмий изланишларида Темурийлар ва улардан кейинги даврда туркий тилнинг ривожланиши тарихини ўрганаётганини айтиб ўтди.
Фаол ёш ватандошлар томонидан буюк мутафаккирнинг ғазаллари ўқилди, “Навоий ва Гули” номли саҳна кўриниши намойиш этилди.
Тадбир доирасида, шунингдек, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Сиз Ўзбекистонни биласизми?” онлайн викторинаси ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.