Марказий банк банкоматлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига янги кўрсатмалар берди.
Қайд этилишича, қуйидаги ҳолатлар фуқароларнинг мулкий манфаатларига бевосита таъсир кўрсатмоқда:
- банк картасидан маблағ ечилган бўлса-да, банкомат томонидан нақд пул берилмаслиги ёки маблағларнинг узоқ муддат қайтарилмаслиги;
- муваффақиятсиз операциялар учун хизмат ҳақлари ва комиссиялар ушлаб қолиниши;
- карта банкоматда қолиб кетган ҳолатлар юзасидан мижозларга ўз вақтида ва аниқ маълумот берилмаслиги;
- мижозларни турли банк ва ташкилотлар ўртасида ортиқча йўналтириш ҳолатлари.
Шу муносабат билан Марказий банк бозор иштирокчиларига қатор тавсия ва талабларни билдирди.
Жумладан:
- банкомат билан боғлиқ мурожаатлар бўйича мижозларга тушунарли ва шаффоф ахборот тақдим этиш;
- нақд пул берилмаслиги ёки карта ушлаб қолиниши ҳолатларини устувор мурожаат сифатида кўриб чиқиш;
- техник хатоликлар тасдиқланган тақдирда маблағларни имкони қадар “проактив” тарзда қайтариш;
- тўлиқ бажарилмаган операциялар учун ундирилган хизмат ҳақларини автоматик равишда қайтариш;
- муваффақиятсиз операцияларни тезкор қайта ишлашга қаратилган технологик ечимларни кенг жорий этиш;
- банкоматларнинг узлуксиз ва барқарор ишлашини таъминлаш, эскирган қурилмаларни босқичма-босқич янгилаш вазифалари белгиланди.
Марказий банк банклар ва тўлов ташкилотларини банкомат хизматлари сифатини ошириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш бўйича тезкор амалий чораларни кучайтиришга чақирди.