Маълум қилинишича, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиши инфляциянинг пасайиш суръатини секинлаштирган. Жумладан, февраль ойида йиллик умумий инфляция 7,3 фоизни ташкил этган бўлса, базавий инфляция 6,3 фоизга етган.
Инфляцион кутилмалар аҳоли ўртасида 11,2 фоиз, тадбиркорлар орасида эса 10,8 фоиз даражасида шаклланган.
Шу билан бирга, иқтисодий фаоллик юқори даражада сақланмоқда. Хусусан, январь ойида чакана савдо 14,7 фоизга, улгуржи савдо 15,6 фоизга, умумий овқатланиш хизматлари 18,9 фоизга, саноат 7,8 фоизга, хизматлар 14,8 фоизга ва қурилиш 9,2 фоизга ўсган.
Марказий банк геосиёсий кескинликлар кучайиши орқали глобал таъминот занжирларида узилишлар, энергия ва озиқ-овқат нархлари ҳамда логистика харажатларининг ошиши импорт инфляциясини кучайтириши мумкинлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизгача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳоли харид қобилиятини сақлашга қаратилган.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 29 апрель кунига белгиланган.