Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлигини инобатга олиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилди. Ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси ҳам импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда.

Шунингдек, озиқ-овқат товарлари инфляциясининг пасайиши ҳамда алмашув курси барқарорлиги аҳолининг инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июнь ойида сезиларли пасайишига олиб келди. Бу эса, кутилмалар томонидан инфляцияга босимларни пасайиб боришига шароит яратади.

Базавий инфляциянинг пасаювчи динамикаси давом этиб, июнда 5,9 фоизга тенг бўлди ва йил бошидан 2,6 фоиз бандга пасайди. Бу энергия тарифлари ўзгаришининг иккиламчи таъсири кутилганидан паст бўлганлиги билан изоҳланиб, инфляциянинг келгусида ҳам пасаювчи трендининг давом этишига ишора бермоқда.

Жорий йилдаги базавий инфляция тенденцияси ва инфляцион омиллар таъсирининг кутилганидан пастроқ бўлиши ҳисобига инфляция прогнози пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди. Йил якунида умумий инфляциянинг 9 фоиз атрофида шаклланиши ва 2025 йил охирида 5 фоизлик таргет даражасига яқинлашиши кутилмоқда.

2024 йилнинг II чорагида иқтисодий ўсиш тезлашишда давом этиб, I ярим йилликда иқтисодиёт реал ҳисобда 6,4 фоизга ўсди. Саноат, қурилиш ва хизматлар соҳаларидаги юқори фаоллик иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватламоқда.

Шу билан бирга, йил якунига қадар инфляцион кутилмаларнинг жорий динамикаси давом этиши бўйича айрим ноаниқликлар ҳамда хизматлар базавий инфляцияси юқорилиги билан боғлиқ инфляцияни оширувчи хатарлар ҳам сақланиб қолмоқда.

Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишда давом этади. Бунда, асосий ставка бўйича келгуси қарорлар инфляция динамикаси ва прогнози, инфляцион кутилмалар ҳамда макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича келгуси давр маълумотлари асосида қабул қилинади.