«Марказий Осиё аёллари иқтисодий имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси АҚШ Савдо вазирлиги ва Давлат департаменти томонидан ташкил этилган. У минтақада аёллар томонидан бошқарилаётган бизнес ва тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда электрон савдони ривожлантиришга йўналтирилган.

Тадбирда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзолари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Давлат статистика қўмитаси масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан мамлакатимизда «электрон ҳукумат» ҳамда гендер тенгликни таъминлаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тақдимот билан иштирок этди.

Мулоқот давомида кўпроқ давлат хизматларини онлайн жойлаштиришга ундаш ҳамда аёлларнинг расмий иқтисодиётда фаол иштирокини рағбатлантирувчи далилларга асосланган сиёсат ишлаб чиқилишини рағбатлантириш, бизнесни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматларини мақбуллаштириш бўйича илғор тажрибалар муҳокама этилди.

Шунингдек, хусусий сектор ва давлат хизматчилари ўртасидаги мулоқотни янги даражага кўтариш, рағбатлантириш ва мустаҳкамлаш, хусусий секторга минтақадаги аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган муайян устувор йўналишларда аниқ масалаларни кўтариш имкониятлари кўриб чиқилди.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларининг адлия, статистика ҳамда гендер масалаларига масъул вакиллари ҳам ўз тақдимотлари билан қатнашди.

Иштирокчи мамлакатлар томонидан муҳокама этилган масалалар юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Ишчи гуруҳ ўз ишини 15 март куни ҳам давом эттиради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.