Форумда минтақа мамлакатларидан 100 дан ортиқ жамоат ва сиёсий арбоблар, экспертлар ҳамжамияти, оммавий ахборот воситалари вакиллари конструктив мулоқот форматида минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва вазифаларини муҳокама қилди. Бу Марказий Осиёда барқарор ривожланишнинг асосий йўналишларида экспертларнинг яхлит позициясини ишлаб чиқиш учун муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий тенденция юзага келмоқда. Бу биргаликда эришилаётган катта ютуқ, барча минтақа мамлакатларининг ҳиссаси. Бугунгача хавфсизлик, давлат чегаралари ва сувдан фойдаланиш бўйича минтақа ичидаги ўткир муаммолар тизимли равишда ҳал этилмоқда. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртта маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Рақамларга мурожаат қилсак: 2016 йилдан 2021 йилгача Марказий Осиё давлатларининг умумий ташқи савдо айланмаси 54 фоизга ошиб, 167 млрд долларни ташкил этди. Минтақалараро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ўсди. Қўшма корхоналар сони 5 баробарга ошди.
Кенг кўламли ўзгаришлар ва минтақа тараққиёти шароитида, умуман ўтиш даврида турли масалалар бўйича экспертлар таҳлили зарур. Интеграция ва яқинлашув жараёнлари янги кун тартибини шакллантиради, янги масалаларни ўртага ташлайди.
Ҳукуматлар, парламентлар ва бошқа тузилмалар томонидан муайян тармоқни, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ва концепцияларни ишлаб чиқишда мутахассислар кўмаги талаб этилади. Бунда Марказий Осиёда фаолият юритаётган “ақл марказлари” салоҳиятидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Форумда миллий ва хорижий экспертлар Марказий Осиё мамлакатларида барқарор ривожланишни таъминлаш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишда таҳлилий-тадқиқот марказларининг иштирокини кўриб чиқди.
Минтақадаги нодавлат экспертлар баҳосига ортиб бораётган эҳтиёжни қондириш мақсадида Форум иштирокчилари “Марказий Осиё мустақил экспертлар альянси” платформасида экспертлар тармоғини яратиш ташаббуси билан чиқди.
Тармоқнинг ўзига хослиги Марказий Осиёдаги асосий жараёнларни умумминтақавий даражада ўрганиш бўлади. Доимий фаолият юритувчи мустақил экспертлар платформасининг ташкил этилиши минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ишончли, конструктив ва очиқ мулоқот форматида муҳокама қилиш, Марказий Осиёдаги умумий муаммоларни ҳал этиш имконини беради.
Тадбир якунида минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш ғояларини илгари сурувчи Марказий Осиё эксперт-таҳлилчилари тармоғини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Баҳор ХИДИРОВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири