Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаган илк кунлариданоқ ташқи сиёсат соҳасида барча давлатлар билан дўстлик ва стратегик шериклик алоқаларини кенгайтириш бўйича муҳим принципиал позицияни белгилаб берди ва шу йўналишда қисқа муддатда муҳим натижаларга эришилмоқда. Бугун бу борадаги ўзгаришлар халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётгани қувонарлидир. Айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларда эришилган улкан натижалар бунга ёрқин мисодир.

Ўтган қисқа вақт ичида қўшни мамлакатлар ўртасида кўп асрлик дўстлик ва ўзаро ишонч муҳити мустаҳкамланди, кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсий стратегияси, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва қўшма саъй-ҳаракатлари туфайли узоқ йиллар мобайнида ўзаро алоқаларда ечимини кутаётган, минтақавий ташаббуслар ва лойиҳаларни амалга оширишда тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳал этилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан яқин стратегик шериклик муносабатларини ўрнатишга муваффақ бўлди. Хусусан, давлат чегараси, фуқароларнинг ўзаро борди-келдиларини ташкил этиш ва бошқа қатор масалаларда мақбул ечимларга эришилди. Транспорт, темир йўл ва ҳаво йўллари бўйича қатновлар қайта тикланди, янгидан-янги транспорт йўлаклари ишга туширилди. Сув ресурсларидан фойдаланиш борасида юқори самарадорликка эришилди, шунингдек, янги гидротехник иншоотларни қуриш лойиҳалари бўйича самарали ишлар йўлга қўйилди.

Кундан кунга ривожланаётган қардошлик алоқаларимиз глобал пандемия туфайли юзга келган мураккаб шароитда яна бир карра синовдан ўтди. Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамжиҳатлик асосида бир-бирларига мунтазам инсонпарварлик кўмаги кўрсатмоқда. Савдо-иқтисодий кўрсаткичларнинг йилдан йилга ортиб бораётгани ўзаро алоқаларнинг жадал суръатларда ривожланаётганидан далолат. Жумладан, 2016-2020 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки баробар ошиб, жами 5 миллиард долларни ташкил этди. 2016 йилдан буён рўйхатдан ўтган қўшма корхоналар сони 5 баробардан ошиб, 1600 тага етди. Ташқи инвестициявий ҳамкорлик алоқалари фаоллашиши натижада қўшма инвестиция компаниялари барпо этилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, савдо-сотиқ, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида муҳим ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳукуматлар, вазирликлар ва идоралар даражасидаги ўзаро алоқаларнинг турли форматлари яратилди. Қўшма бизнес форумлар, саноат кўргазмалари ва ярмаркаларни ўтказиш яхши анъана тусини олди. Давлатимизнинг халқаро ва минтақавий платформалар доирасида ҳамкорлик алоқалари кенгайгани янада қувонарлидир.

Зеро, бир неча йил аввал Марказий Осиё давлатларининг БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ, Туркий кенгаш ва бошқа қатор халқаро платформаларда умумий позицияда ҳаракат қилишини тасаввур этиш ҳам имконсиздек эди гўё. Айни пайтда эса минтақадаги ижобий ўзгаришлар ва ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Шу ўринда БМТ Бош Aссамблеясининг Марказий Осиё бўйича Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш ва Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюциялари қабул қилиниши фикримизнинг ёрқин далилидир. Бунинг мантиқий давоми сифатида “халқ дипломатияси”га алоҳида эътибор қаратилиб, илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт соҳасида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу эса қардош халқларимиз ўртасида тарихан бир-бирига яқин маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

2017 йилда давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси илгари сурилган эди. Ушбу ташаббус ҳамкор давлатларимиз томонидан бир овоздан маъқулланди. Бу эса Марказий Осиё тараққиётидаги долзарб масалаларга, шунингдек, ташқи муаммолар, таҳдидлар ва хавф-хатарларга нисбатан умумий ёндашувлар ишлаб чиқилишига ҳисса қўшди.

Шу йил 5-6 август кунлари Aвазада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинди. Бу кўп қиррали минтақавий шерикликни янада кенгайтириш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттириш борасидаги қатъий қарашларимизнинг амалий тасдиғидир. Бу ишлар, аввало, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт коммуникацияси, энергетика соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Президентимиз таъкидлаганидек: “Фақат биргаликда, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, юзага келадиган муаммоларни самарали ҳал қилишга, минтақанинг барқарор тараққиётини таъминлашга ва халқларимиз фаровонлигини оширишга эришишимиз мумкин. Бунинг бошқа ҳеч қандай муқобили йўқ!”.

Янгича сиёсий муҳитни шакллантириш, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашни мустаҳкамлаш, истиқболли дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон раҳбари томонидан белгилаб берилган, пухта ўйланган ва узоқни кўра оладиган янги ташқи сиёсат стратегиясининг аҳамияти беқиёс. Шу нуқтаи назардан бир йил муқаддам Президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиё халқаро институтининг ташкил этилиши том маънода юртимизда илмий-амалий тадқиқотларга асосланган, изчил, тизимли ташқи сиёсат юритилаётганидан далолат.

Бу каби ишларнинг муваффақияти, шубҳасиз, мамлакатнинг иқтисодий, молиявий, инновацион, технологик ва инсон салоҳияти ўсиши, изчил амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар самарасидир.

Aнвар НОСИРОВ,

Марказий Осиё халқаро институти директори