Тадбирда Марказий Осиё минтақаси вакиллари, нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари, 20 дан ортиқ мамлакатлар мутахассис ва тадқиқотчилари иштирок этмоқда. Анжуманда Марказий Осиё мамлакатларида олий таълимнинг халқаролашуви, минтақадаги олий таълимнинг трансформацияси, ўзгарувчан муҳитда олий таълим ва инновацияларнинг янги роли муҳокама қилиниб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.

Анжуман иштирокчиларининг фикрлари билан танишамиз:

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири:

– Глобаллашув даври биздан олий таълим тизимини қуриш учун тубдан янги ёндашувларни талаб қилади. Жаҳон таълим маконида аниқ ўрин эгаллаш учун Марказий Осиё мамлакатларининг миллий таълим тизимлари дунёда рўй бераётган ўзгаришлар ва ривожланиш жараёнларига мослашиши муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда таълим сифати ва олий таълимга қамровини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги беш йил ичида 100 дан ортиқ янги университетлар ташкил этилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги университетларнинг умумий сони 2016 йилдаги 77 билан таққослаганда 210 кўрсаткичга етди. Ўзбекистонда олий таълимга қабул қилиш даражаси 2016 йилга нисбатан тўрт баробар ошди ва жорий ўқув йилида 39 фоизга етди.

Бундан тўрт йил аввал Ўзбекистонда атиги 7 та хорижий университетлар фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 30 тага етди.

Либинг ВАНГ, ЮНEСКОнинг Бангкокдаги минтақавий офиси директори:

– Бугунги кунда олий таълимнинг инклюзивлигини ривожлантириш муҳимдир. COVID пандемияси барқарор ривожланишда таълимнинг роли қанчалик муҳимлигини яна бир бор намоён этди. Олий таълим қашшоқлик, гендер тенгсизлиги каби муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради, университетлар жамият фаровонлигида фаол иштирок этади.

Марказий Осиё тарихий ва маданий мерос масканидир. Мазкур ҳудуднинг олий таълим марказига айланиши жаҳон ҳамжамияти ўртасида билим ва тажриба алмашишга хизмат қилишига ишонаман. Марказий Осиё олий таълим тизимига энг яхши таълим амалиётларини татбиқ этиш, тажриба алмашинувини кенгайтириш зарур.

Denise WADDINGHAM, Ўзбекистондаги Британия Кенгаши директори:

– Британия кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан янги йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйган, хусусан университетларни бошқариш, таълим сифатини таъминлаш ва инклюзия.  Шунингдек, Ўзбекистонда трансмиллий таълимни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани  қувонарлидир.  

Британия Кенгаши "Change Academy" лойиҳаси доирасида вазирлик ва Буюк Британиянинг "Advance HE" ташкилоти билан бир неча йилдан бери таълим сифатига қаратилган ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Бундан ташқари Ўзбекистон олий таълим муассасаларида фаолият юритувчи аёл тадқиқотчилари учун илк бор "Women in STEM" лойиҳаси йўлга қўйилди.