Ташриф доирасида мамлакатимиз делегацияси Сеул шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламент спикерлари йиғилишида иштирок этди.

Шунингдек, унинг ишида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Ким Чжин Пхё, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси раиси Ерлан Кошанов, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Нурланбек Шакиев, Тожикистон Республикаси Мажлиси Намоянадагон Мажлиси Оли раиси Махмадтоир Зокирзода ва Туркманистон Миллий Генгеш Мажлиси раиси Дунягозел Гулмановалар, шунингдек, депутатлар ва бошқа сиёсий арбоблар қатнашди.

Парламентлараро ҳамкорликнинг «5+1» форматида ташкил этилган мазкур платформадан кўзланган мақсад   — мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали мулоқотни янада мустаҳкамлашга янги суръат ва мазмун беришдан иборат.

Тадбирнинг асосий сессияси “Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик истиқболлари ва устувор йўналишлар: кейинги 30 йил учун шиддатли ҳаракат” мавзусига бағишланди.

Унда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик кун тартибидаги анъанавий масалалар билан бир қаторда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришда парламентлараро мулоқот муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.

Сенат Раиси ўз сўзида 15 йилдан ортиқ давр давомида инвестициялар, инновациялар, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият ҳамда бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги ташаббус ва ғояларни илгари суриш бўйича иш олиб бораётган “Марказий Осиё + Корея” ҳамкорлик форматининг (2007-йилдан бери) ўрни муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, мазкур халқаро мулоқот давомида бир қатор таклифлар ҳам илгари сурилди. Хусусан, технологиялар, инновациялар ва яшил иқтисодиёт соҳасида парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш, муқобил энергия ва “яшил” водород ишлаб чиқариш соҳасида Корея сармояларини жалб қилиш ва янги технологияларни жорий этиш каби масалалар шулар жумласидандир.

Куннинг иккинчи ярмида йиғилиш икки сессияга бўлинган холда ўз ишини давом эттирди. “Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик” мавзусига бағишланган сессияда бугунги кунда дунёда тобора кучайиб бораётган қарама-қаршилик ва низолар, жаҳон иқтисодиётидаги салбий тенденциялар, беқарор халқаро савдо-иқтисодий муносабатлар шароитида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни, жумладан, парламентлараро мулоқот орқали саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Сессияда Сенат Раиси ўз фикрларини билдириб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш минтақавий ҳамкорликнинг асосий драйвери бўла олиши, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишда парламент кўмаги муҳимлигини қайд этди.

Таъкидлаб ўтилганидек, ҳозирги вақтда муаммо ва зиддиятларни аниқлаш учун транспорт ва логистика фаолиятини тартибга солувчи амалдаги меъёрий ҳужжатларни ўрганиш ва таҳлил қилиш талаб этилади. Мавжуд стандартлар ва талабларни, шунингдек, барча манфаатдор томонларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳаларни ишлаб чиқиш зарурлигига урғу берилди.

“Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасида рақамли трансформация соҳасидаги ҳамкорлик” мавзусидаги сессияда эса иштирокчилар эътибори иқтисодий тараққиёт ва Марказий Осиёнинг жаҳон миқёсидаги мавқеини мустаҳкамлашда рақамлаштириш жараёнларининг муваффақияти ва иқтисодиётнинг турли тармоқларига сунъий интеллектнинг кенг жорий этилиши масалаларига қаратилди.

Сессияда Олий Мажлис Сенати Раиси Корея Республикаси кўмагида Тошкент шаҳрида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, малакали кадрлар тайёрлаш ва минтақадаги барча мамлакатлар эҳтиёжлари учун оммабоп ИТ-маҳсулотларни ишлаб чиқишга йўналтирилган сунъий интеллектни ўрганиш ва ривожлантириш бўйича Марказий Осиё марказини ташкил этиш ҳамда рақамлаштириш соҳасида Кореянинг етакчи университетлари билан ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифларини илгари сурди.

Йиғилишда “Марказий Осиё – Корея Республикаси” парламентлараро ҳамкорликнинг навбатдаги йиғилишини 2024 йилда Ашхободда ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Тадбир сўнггида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари спикерларининг биринчи йиғилишининг Қўшма декларацияси қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.