Тошкент вилоятидаги “Аструм IТ академияси”да Марказий Осиё ёшлар форуми бўлиб ўтмоқда. Минтақада яшовчи йигит-қизлар ўртасидаги ишонч ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ёшларни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ташкил этилган анжуман ёш авлоднинг ижтимоий лойиҳа ва дастурларини муваффақиятли амалга ошириш, интеллектуал салоҳият эгаларини эзгулик йўлида бирлаштиришда ўзига хос платформа вазифасини ўтаётир.
Форумда Марказий Осиё давлатларининг ёшлар сиёсатига масъул идоралари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, жаҳон ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, халқаро тоифали ёш шахматчилар ва гроссмейстерлар, шунингдек, ахборот технологиялари соҳаси бўйича иқтидорли йигит-қизлар иштирок этмоқда.
Тадбир давомида илм-фан ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича минтақада ёшлар сиёсатини ривожлантиришга қаратилган қатор ижтимоий лойиҳалар ишлаб чиқилди. Шахсий ривожланиш бўйича тренинглар ўтказилди. Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда Марказий Осиё ёш шахматчилари турнири ташкил этилди.
Форумда қатнашаётган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларининг ёшлар сиёсатига масъул мутасаддилари билан икки ва кўп томонлама учрашувлар ҳам ўтказилди.
Алишер САЪДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори:
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё ёшлар форумида асосий урғу минтақа ёшларининг билими, салоҳияти, дунёқараши ва ғояларини ягона майдонда уйғун ҳолда кўришга қаратилди. Минтақамиз Осиё қитъасида ўз ўрни ва мавқеига эга. Эътиборли томони — аҳолисининг салмоқли қисми ёшлардан иборат. Агар биз тўғри йўл кўрсатиб, иқтидори, салоҳияти, билими, тадбиркорликка қизиқиши ва ғояларини тўғри баҳолаб, ўз вақтида қўллаб-қувватлай олсак, улар Марказий Осиёнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшади.
Бугунги форумда қўшни мамлакатларнинг ёшлар масалалари билан шуғулланувчи мутасаддилари, фаол ёшлари, жамоатчилик вакиллари ўз таклиф ва янги ғояларини муҳокама қиляпти. Бу бизга нима беради? Аввало, ҳозирги мавжуд салоҳиятимизни ошириш, жамиятдаги муштарак муаммолар ечимини топиш, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар, юқори технологиялар, IT соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу нуфузли тадбирнинг “Аструм IТ академияси”да ташкил этилгани бежиз эмас. Ҳозирги даврни ахборот технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис, ёшлар форумини иккита асосий йўналишига урғу бериб ташкил қилдик. Аввало, интеллектуал салоҳиятни оширишга эътибор қаратдик. Марказий Осиёнинг энг ёш шахматчилари бугун бу ерда жамланди. Шунингдек, форум доирасида ўтказилаётган “Заковат” интеллектуал ўйинини келгусида Марказий Осиёдаги умумий маърифий ҳаракатга айлантириш ғояси бор.
“Аструм IТ академияси” меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди. Улар шу академияга ёшларни юбориш истагини билдирмоқда. Бу ҳам мамлакатимизда IТ соҳасига қаратилаётган эътиборнинг маҳсули, десак, муболаға бўлмайди. Ҳадемай Марказий Осиёнинг энг билимли ёшлари мана шу даргоҳга келиб, таҳсил олади, янги ғоялар устида ишлайди. Бу бизнинг келажакдаги бирдамлигимиз мустаҳкамланиши, янги лойиҳа ва ташаббусларимиз рўёби учун катта туртки бўлади. “Бирлашиб юксаламиз!” шиори остида Марказий Осиё ёшлари бирлашди. Ўзбекистон мана шу ташаббуснинг марказида турибди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан келган вакиллар билан бирма-бир учрашиб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини форум доирасида муҳокама қилдик.
Эътиборли яна бир жиҳат шуки, мамлакатимиздаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти тушунтирилганда, ҳамкорларимиз академия ҳудудида “Марказий Осиё ёшлари боғи”ни барпо этиш ташаббусини билдирди. Бу ҳам рамзий маънога эга жуда катта ташаббус. Ҳар бир вазирлик ва идорадан келган вакиллар, ёш волонтёрлар буни мамнуният билан қабул қилди. Бу — ёшлар яшил макон учун, мусаффо келажак қуриш учун муштарак ҳаракат қилаётгани белгиси.
Зубайда ХЎЖАМОВА, Туркманистон Республикаси делегацияси вакили:
— Марказий Осиё давлатлари ёшлари билан танишиб, улар билан мулоқот қилиш имконияти яратилганидан мамнунман. Ёшлар форумининг асосий мақсади минтақа ёшларини бирлаштиришдир. Анжуман қизиқарли тадбирларга бойлиги билан ёдимда қолади. Тошкент шаҳри бўйлаб саёҳат, “Ёшлар боғи”даги дарахт экиш маросими, технопаркка экскурсия мароқли кечди. Хуллас, форумда ўзимга ишончим янада ортди.
Автомобилларга хизмат кўрсатиш йўналишида тадбиркорлик билан шуғулланаман. Шу йўналишдаги тадбиркорлик лойиҳалари эътиборимни тортди.
Форум доирасида 21–23 май кунлари Андижон вилоятида “Ўзбекистон — Қирғизистон ёшлар форуми”, Фарғона вилоятида “Ўзбекистон — Тожикистон ёшлар форуми”, Хоразм вилоятида “Ўзбекистон — Туркманистон ёшлар форуми” ўтказилади.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири