Қозоғистон Истеъмолчилар миллий лигаси раҳбари Светлана Романовская бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Ташриф доирасида дастлаб Самарқанд шаҳрида “Самарқанднинг туризм салоҳиятини янада оширишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда мамлакатимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик, шунингдек, истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр ва мулоҳазалар алмашилиб, қозоғистонлик қардошларимизнинг бу борадаги тажрибаси билан ўртоқлашилди.
Делегация аъзолари Наманган вилоятида ҳам бўлди. Бу ерда улар текстиль корхоналари фаолияти билан танишди, диққатга сазовор жойлар ҳамда туризмни ривожлантириш имкониятлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Меҳмонларнинг Фарғона вилоятига ташрифи Марғилон шаҳрида бўлиб ўтаётган Атлас байрами кунларига тўғри келди. Улар дастлаб шаҳардаги “Ёдгорлик” фабрикаси фаолияти билан танишгач, Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғида ташкил этилган фестиваль тадбирларида ҳам қатнашди. Олтиариқда узумчилик ва мева-сабзавотларни сақлаш усуллари, шунингдек, риштонлик уста кулоллар фаолияти билан танишди.
Куннинг иккинчи ярмида Федерациянинг водий вилоятларидаги ҳудудий ижро этувчи ташкилотлари раҳбарлари иштирокида “Марказий Осиёда истеъмолчилар халқаро ташкилоти фаолиятини ташкил этиш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Марказий Осиёдаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар манфаатларини халқаро майдонда илгари сурувчи ташкилот – ҳозирча шартли номи – “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари халқаро ассоциацияси”ни тузиш масаласи муҳокама қилинди.