Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шу йилнинг  15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ўта долзарб мавзуда, ўз вақтида ва юқори савияда ташкил этилиб, бутун дунё сиёсатчилари, экспертлари ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг диққат марказида бўлди. 

Ташқи сиёсатдаги иқтисодий-маданий ҳамкорликни ривожлантириш тенденцияси

Тошкент шаҳри ўша кунлари дунёнинг энг муҳим сиёсий майдонларидан бирига айланди. Бунинг ёрқин исботи сифатида конференцияда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарларининг ташрифи, умумий ҳисобда 600 дан ортиқ иштирокчининг қатнашиши ва 80 дан зиёд нуфузли хорижий ОАВ вакиллари бевосита Тошкентда туриб жараёнларни ёритганини келтириш мумкин.

Бугун Ўзбекистоннинг ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлилик, ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида олиб бораётган очиқ ташқи сиёсатида нафақат қўшни мамлакатлар, балки қўшни минтақалар билан яқинлашиш ва иқтисодий-маданий ҳамкорликни ривожлантириш тенденцияси яққол кўзга ташланмоқда.

Бу жиҳатдан Жанубий Осиё йўналиши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бу минтақа ўзига хос бой ички салоҳияти, халқаро сиёсий майдондаги ўрни ҳамда жаҳон бозорларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эгалиги билан ажралиб туради. Табиийки, бундай имкониятдан Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ўз манфаатлари йўлида самарали фойдаланиши мумкин. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жаҳон сиёсий майдонидаги саъй-ҳаракатлари айнан шундай эзгу мақсадларга қаратилган.

Халқаро конференциянинг Тошкентда ўтказилиши бир томондан, икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатларини мустаҳкамлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг ушбу минтақаларни боғлашда геоиқтисодий ва  геостратегик имконияти юқорилигини кўрсатди.

Минтақаларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқлик тарҳининг асосий бўғини

Тарихга теран назар ташланса, яқин-яқингача Афғонистон ва Покистонга фақат турли таҳдидлар ўчоғи сифатида қаралганига гувоҳ бўлиш мумкин. Улардан имкон қадар узоқлашиш, барча даражадаги алоқаларни расмий тусда олиб бориш анъанага айланган эди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги сиёсий муносабатлар тарихи таҳлил қилинганда Ўзбекистон бу масалага ёндашувини кескин ўзгартиргани яққол намоён бўлади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тарихда биринчи маротаба қўшни Афғонистон улкан имкониятлар мамлакати, деб эътироф этилди.

Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракати билан сўнгги тўрт йилда Марказий ва Жануби-шарқий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳити шаклланди. Бундан кўзланган асосий мақсад минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир.

Бу борадаги амалий ишлар аллақачон бошланиб, юртимиз минтақада иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида “Сурхон — Пули Хумри” электр узатиш тармоғи, Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига олиб чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик лойиҳаларни амалга оширишга киришди. Бу лойиҳалар рўёбга чиқса, мамлакатимизнинг, айниқса, Сурхондарё вилояти аҳолисининг даромади кўпаяди. Тайёрланаётган маҳсулот сифати ошади, қўшимча иш ўринлари яратилади, таннарх пасаяди, замонавий технологиялар олиб келинади. Бозор ислоҳотларини жадал ривожлантириш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун янгидан-янги бозорларга кириб борамиз. Энг муҳими, халқимизнинг фаровонлиги ошади, мамлакатимизнинг инновацион-иқтисодий ривожланиши муҳим босқичга чиқади.

Давлатимиз раҳбари “Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўл тармоғи минтақаларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий бўғинига айланиши керак”лигини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, мазкур лойиҳа тўлиқ рўёбга чиқса, бу йўл Марказий ва Жанубий Осиёни ўзаро боғловчи “янги савдо йўли”, “маданий-гуманитар алоқалар йўлаги”га айланади. Етакчи халқаро ташкилотлар томонидан бу лойиҳа ҳар икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, Жанубий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида Марказий Осиё ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудуди орқали ўтадиган энг қисқа йўлни очиш, шу билан бирга, юкларнинг туриб қолиши ва ташиш муддатларини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилиши эътироф этилмоқда.

Халқаро экспертлар ушбу темир йўлнинг қурилиши Афғонистон ташқи савдосининг 50 фоиз ўсишини, транзитнинг ўзидан қарийб 0,5 миллиард доллар миқдорида даромад келиши мумкинлигини қайд этмоқда. Ўз навбатида, Жанубий Осиё мамлакатлари нуқтаи назаридан ушбу темир йўл тармоғининг ишга туширилиши Марказий Осиё, МДҲ ва Европага товарлар етказиб бериш жараёнини тезлаштиради ҳамда минглаб янги иш ўринлари яратиш имкониятини беради.

Афғонистон ва Покистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи мамлакатлардир. Бугун Афғонистон муҳим бурилиш даврини бошдан кечираётганига қарамай, мамлакатимиз бу диёрда тинчликка эришиш учун можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш зарурлигини таъкидламоқда ва бу борада доимо фаол кўмаклашиш сиёсатини олиб бормоқда.

Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, “Марказий Осиёда минтақавий яқинлашувнинг ҳозирги тенденцияси — тарихий воқелик. Сиёсат, хавфсизлик, барқарорликни сақлаш ва тараққиёт соҳаларида минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш қўшни мамлакатлар халқларининг туб манфаатларига жавоб беради, улар ўртасидаги биродарлик ришталарининг янада мустаҳкамланиши, Марказий Осиёнинг улкан иқтисодий ва цивилизацион салоҳиятини тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади”.

Илгари сурилган ташаббусларда Ўзбекистон марказий ўринга эга экани яққол сезилди

Конференцияда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий боғлиқликни янада мус таҳкамлаш доирасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаб буслар илгари сурилди.

Бу ташаббуслардан кўзланган мақсад — Ўзбекистон халқи манфаатларидан келиб чиқиб, унинг хавфсиз, эркин ва фаровон яшаши, зиддият ҳамда ижтимоий-иқтисодий ларзалардан холи бўлган минтақалараро ҳамкорлик ва шериклик маконини яратишдан иборат.

Давлатимиз раҳбари томонидан қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий зарурат бўлиб, ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик, мулоқот ва энг асосийси, ишонч, изчил ҳамда барқарор ривожланиш, минтақаларимизда хавфсизликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг ягона йўли экани тарихий далиллар, иқтисодий таҳлиллар асосида исботлаб берилди.

Мамлакатимизнинг ташқи сиёсати, минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш борасидаги амалиёт нафақат Ўзбекистоннинг савдо ҳамда иқтисодий салоҳияти ошишига, балки бутун минтақа давлатлари ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган бундай ҳаётбахш ғоя ва ташаббуслар халқаро конференцияда иштирок этган сиёсатчиларнинг ҳам эътибор марказида бўлди.

Хусусан, иштирокчилар томонидан ушбу тадбир Марказий Осиё минтақасининг Жанубий Осиё билан ўзаро боғлиқлиги асосида янги ва замонавий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўзида мужассам этгани, ҳудудларнинг автомобиль ва темир йўллар, энергетика соҳаларини ривожлантириш истиқболлари юқори экани қайд этилди.

Кейинги беш йилда мамлакатимиз тараққиётида сайёҳлик соҳасининг ҳиссаси холис таҳлил қилиниб, уни ривожлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Конференцияда ҳам Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан сайёҳлик салоҳияти ва уни ривожлантириш борасида халқаро ҳамкорлик тўғрисидаги таклифлар, жумладан, халқларнинг тарихий ҳамда маданий меросини оммалаштиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Дарҳақиқат, Буюк ипак йўли ўтган ҳудудларда сайёҳлик салоҳияти жуда юқори. Шарқ ва Ғарб мамлакатларини бирлаштириб турган асосий карвон йўллари Амударёни кечиб, Афғонистон орқали Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга йўналганини ҳисобга олсак, Сурхондарё вилоятида тарихий археологик, диний, зиёрат, экологик, тиббий, ишбилармонлик каби сайёҳлик турларини ривожлантириш йўли билан Жанубий Осиёдан кўплаб сайёҳларни жалб қилиш имкониятини ошириш мумкин.

Биргина Термиз шаҳрида ўтказиб келинаётган турли халқаро форумлар, жумладан, 2019 йили ўтказилган “Амударё — цивилизациялар тизимида” деб номланган халқаро конференция Сурхондарё вилоятига келаётган хорижлик сайёҳлар сонининг бир неча баробар ошишига хизмат қилди.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи хабга айлантириш, олий таълимнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этиш масалалари соҳадаги концептуал вазифалар сифатида белгиланган. Бу борада ҳам Президентимиз Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш, шунингдек, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича онлайн-платформа яратиш таклифини илгари сурди. Бундай таклиф соҳага таълим сифатини яхшилаш, хорижий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш жараёнини жадаллаштириш, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш имкониятини беради.