Жанубий Осиё: геоиқтисодий салоҳият
Жанубий Осиёнинг жаҳон хўжалик алоқалари тизимидаги роли ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Умумий аҳоли сони қарийб икки миллиард кишига тенг бўлган, ЯИМ йилига 6,6-7,2 фоиз ўсаётган, номинал ЯИМ 3,461 триллион долларни ташкил этувчи ушбу минтақа бугунги кунда глобал иқтисодий марказлардан бири ҳисобланади. Ҳар икки минтақа ўртасида товар алмашинуви ҳажми ортиб бормоқда. Хусусан, 2020 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё давлатлари билан ташқи савдосининг умумий ҳажми 1,38 миллиард долларни (ёки 3,8 фоиз) ташкил этган.
Қозоғистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдосининг умумий ҳажми 2,3 миллиард долларга (2,3 фоиз) тенг. Умуман олганда, 2020 йил якунларига кўра, Марказий Осиёдаги барча давлатларнинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси қарийб 4,4 миллиард долларни ташкил этди. Демак, келгусида бу тенденция тобора ва тез суръатларда кучайиб бориши тайин.
Марказий Осиё мамлакатларининг энергетика салоҳиятига Жанубий Осиёнинг жадал ривожланаётган иқтисодиётида талаб изчил кучаймоқда. Бу Марказий Осиёдан Афғонистон орқали жанубий йўналишда электр энергияси узатиш тармоғи қурилиши бўйича лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун шарт-шароит яратади. Марказий ва Жанубий Осиё энергетика нуқтаи назаридан бир-бирини тўлдиради.
Сўнгги ўн йилликда Марказий Осиё давлатларидан Покистон ва Ҳиндистонга газ ҳамда электр энергиясини экспорт қилиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилаётгани бежиз эмас. Ана шундай лойиҳалар орасида Афғонистон электр энергетикасини ривожлантириш бўйича CASA-1000 ва Покистон, келажакда эса Ҳиндистон иштирокида минтақавий электр тармоғини ривожлантириш бўйича лойиҳалар, Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувурини ўтказиш, шунингдек, Афғонистон Ислом Республикаси энергия тизимини Ўзбекистон ва минтақанинг энергия тизимига улаш имконини берувчи “Сурхон — Пули Хумри” электр энергияси узатиш тармоғини қуриш бўйича лойиҳалар алоҳида ўрин тутади. Қўшма ишлаб чиқариш инфратузилмаси ва тегишли кенг кўламли коммуникация тармоғи яратилмаса, минтақавий интеграция самара бермайди. Бу ўринда Марказий Осиё минтақасининг муҳим транспорт коммуникациялари узели сифатидаги стратегик аҳамияти каттадир.
Минтақамиз яқин орада Шимол ва Жануб, Ғарб ва Шарқ ўртасида боғловчи бўғинга айланиши мумкин ва шундай ҳам бўлмоқда. Айни пайтда минтақа ўзининг транспорт-коммуникация салоҳиятини ва денгиз бандаргоҳларига чиқиш имкониятини ошириб бормоқда. Ҳинд океани томон янги транспорт йўлакларининг очилиши Марказий Осиё мамлакатларига Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан савдо қилишда қитъалараро ташувлар имкониятини яратади.
Айни пайтда Шимол — Жануб йўналишида юклар оқимининг кўпайиши Ғарб — Шарқ йўналиши бўйича савдо айланмасининг транспорт-логистика муаммоларини самарали ҳал қилишга, Европа Иттифоқидан ХХРга юкларнинг ҳаракатланишига нисбатан Хитойдан Ғарб томон юк оқимининг кўпайиши билан боғлиқ мувозанатсизликни тўғрилашга ҳам ёрдам бериши мумкин. АСЕАН ва умуман, Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари Жанубий ва Марказий Осиё минтақаларининг ўзаро транспорт боғлиқлигини яхшилашда том маънода ишончли ва ҳурматга сазовор ҳамкорларимизга айланишлари мумкин. Натижада улар Ҳинд океани бандаргоҳлари ҳамда Жанубий ва Марказий Осиё темир йўллари орқали Евроосиё ва Шарқий Европа бозорларига янада қулай чиқиш имкониятини қўлга киритади.
Афғонистон — минтақани ўзаро боғловчи марказ
Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий бўғини — умумий минтақамизнинг ажралмас қисми ҳисобланган Афғонистондир. Бугунги кунда Афғонистоннинг халқаро инфратузилма лойиҳаларига интеграциялашуви ва Марказий Осиё давлатларини Жанубий Осиё минтақаси билан боғлашга мўлжалланган транспорт йўлакл арини ривожлантиришнинг янги стратегик имкониятлари очилмоқда. Шу сабабли БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи доирасида давлатимиз раҳбари томонидан минтақамизнинг глобал иқтисодий ва транспорт йўлакларига чуқур интеграциялашувини таъминлаш учун БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш ташаббуси илгари сурилди.
Германиялик эксперт Г.Кнабенинг таъкидлашича, Афғонистон азалдан транзит мамлакат — тарихан трансминтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий бўғини, таъбир жоиз бўлса, ҳамкорлик кўприги ҳисобланади. Бинобарин, Афғонистоннинг кейинчалик йўқолиб қолган ана шу ўта муҳим ролини тиклаш орқали икки минтақа ўртасидаги барқарорликни “жипслаштирувчи” механизмга эга бўлишимизга шубҳа йўқ. Россиялик эксперт Т.Бордачёв эса Ўзбекистоннинг трансминтақавий лойиҳаларни амалга оширишни биринчи ўринга қўйиши мутлақо тўғри, чунки ушбу лойиҳалар Афғонистонда тинчлик учун ўзаро мақбул формулани қидириб топишнинг асосий драйверларига айланиши мумкин, деган фикрда.
Экспертларнинг таъкидлашича, Афғонистоннинг иқтисодий реконструкцияси учун янада қулай шароит яратиш, унинг минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга янада самарали интеграциялашуви ва ушбу мамлакатда узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш ҳамда барқарор ривожланишига қўшни давлатларнинг қизиқишини мустаҳкамлаш — буларнинг барчаси Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш дастурининг улкан самараси бўлиши тайин.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ташаббуси билан “Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўлининг қурилиши Афғонистон ташқи савдосининг 50 фоиз ўсишини таъминлаши ва транзитдан Кобулга йилига 400-500 миллион доллар даромад келиши мумкин. Ўз навбатида, Жанубий Осиё мамлакатлари нуқтаи назаридан ушбу темир йўл тармоғининг ишга туширилиши Марказий Осиё, МДҲ ва Европага товарлар етказиб бериш муддатини сезиларли даражада қисқартиради. Марказий Осиё мамлакатлари нуқтаи назаридан эса трансафғон йўлаги Жанубий Осиёнинг истиқболли бозорларига мутлақо янги ва энг қисқа йўлни очиб беради.
Умуман олганда, ушбу магистралнинг ишга туширилиши Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг инклюзив иқтисодий ривож ланишга эришиши учун қудратли платформани яратади. Лойиҳа Афғонистон ички транспорт-коммуникация тармоғини кенгайтириш, Марказий ва Жанубий Осиёнинг янада кенг инфратузилмавий ўзаро боғлиқликнинг ажралмас қисмига айланишига хизмат қилади. Россия, Хитой ва АҚШ мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Жаҳон банки, ОТБ, ЕТТБ, ИТБ, ОИИБ, Халқаро тараққиёт молия корпорацияси вакиллари Пешовар йўналишида темир йўл қурилишига қизиқиш билдирди.
Марказий Осиё давлатлари ва Эрон орқали Ҳиндистонга, Яқин Шарқ мамлакатларига ҳамда қайтиш йўналишида — Евроосиё ва Хитой томон транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда товарлар транзити Афғонистонга ҳам сезиларли самара келтириши мумкин. Бу йўналишда Шимол — Жануб ва Ғарб — Шарқ йўналишлари бўйлаб транспорт йўлакларини боғлайдиган Марказий Осиё транспорт йўлаклари ривожланиши алоҳида аҳамиятга эга. “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўл лойиҳасининг “Бир макон, бир йўл” кенг транспорт йўлаклари тармоғига киритилиши ва Ҳинд океани портларига чиқиши Афғонистоннинг халқаро ва минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол боғланишини таъминлайди.
Трансминтақавий магистраллар билан уланадиган “Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” трассаси каби йирик иқтисодий лойиҳалар Афғонистон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш ва бу мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти йўлидаги бирлаштирувчи саъй-ҳаракатларнинг бошланишидир. Икки минтақанинг ўзаро транспорт-иқтисодий боғлиқлигини мустаҳкамлаш Осиё қитъаси бўйлаб савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига катта ижобий таъсир кўрсатиши, Марказий Осиё минтақаси йирик транспорт ва кейинчалик иқтисодий марказга айланиши муқаррар.
Халқаро анжумандан кутилаётган натижалар
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилмоқда.
Конференция якунларига кўра, биринчи навбатда, икки минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятини амалиётга жорий этиш, истиқболли бозорларга чиқиш, экспортни кенгайтириш, инвестициялар, инновациялар ва технологияларни жалб этиш, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини фаоллаштириш бўйича аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда.
Иккинчидан, ушбу минтақаларда инновацион муҳит яратиш, йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, албатта, замонавий транспорт-коммуникация инфратузилмаси, Марказий Осиёни Жанубий Осиё ва бошқа минтақалар билан боғлайдиган телекоммуникация, ишлаб чиқариш ва технологик тармоқларни ривожлантириш учун кучли туртки бўлади.
Учинчидан, энг муҳими — минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ташаббуси дунёнинг кенг, стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудида инновацион иқтисодий ўсиш, барқарор тараққиёт ва тинчликни таъминлашга қаратилган бўлиб, унинг олға ривожланиши яқин ўн йилликда кўп жиҳатдан дунё ривожланиши динамикаси ва характерини белгилаб беради.
Тўртинчидан, халқаро конференция натижалари нафақат Президент Шавкат Мирзиёев улкан интеграция лойиҳаси ғоясининг муаллифи эканини шоён этади, айни чоғда Ўзбекистонга минтақавий ўзаро боғлиқлик сари улкан трансминтақавий йўлни очишга ҳаракат қилаётган ўзига хос "локомотив", яъни етакчи мақомини ҳам тақдим этади.
Бешинчидан, хорижлик экспертлар давлатимиз раҳбари ташаббусига Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсат стратегиясининг мантиқий давоми сифатида баҳо берадилар. Анжуман доирасида Тошкент ташқи ҳамкорларни субминтақавий миқёсдаги лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли ҳамкорликка чақиради. Бу дадил одимлар бугунги кунда Ўзбекистоннинг бутун дунё қўллаб-қувватлаётган Афғонистон борасидаги сиёсатини, айниқса, ҳар жиҳатдан тўлдиради. Дарҳақиқат, Шавкат Мирзиёев сиёсий башорат, яъни узоқни кўра билиш ва тўғри чамалашдек ноёб қобилиятга эга.