Тананг отдир, руҳинг унинг суворийси,
От озиғи суворийга озиқ бўлмас.
Бугун биз истеъмолчилар жамияти билан рўбарў турибмиз. Отга озиқ беряпмизу, уни бошқариши лозим бўлган суворийни унутиб қўяётган давр билан юзма-юзмиз. Истеъмолчилик жамияти билан юзлашиб, оддий топармон-тутармон мавжудотга айланиб қолаётган кишиларни кўриб, ҳазратнинг сўзлари залвори, юки янада ортишини англайди киши.
Халқимизда бундай гап бор:
“Ёмон сўз тузингга уради, ёмон емиш юзингга уради”.
Мавзумиз истеъмолчилик ва маромийлик экан, у бевосита бугун биз истеъмол қилаётган моддий, маънавий, ахборий “таомлар”нинг сифати, тури билан боғлиқдир.
Аввало, маромийлик деган сўзга тўхталсак. Ҳар бир нарсада меъёр, маром, мўътадиллик бўлади. Бусиз инсон ҳам, у мансуб жамият ҳам фойда кўрмайди.
Мавзуга бевосита дахлдор — АҚШдаги яқин ўтмиш воқелигига тўхталадиган бўлсак, бир қатор социологлар истеъмолчилик ғоясининг вужудга келишини Иккинчи жаҳон урушидан сўнг пайдо бўлган ортиқча ишлаб чиқариш қувватлари сақлаб қолингани билан боғлайди.
Дарҳақиқат, уруш йилларида АҚШ саноати жадал ривожланган, ҳарбий буюртмалар ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошган. Уруш тугагач эса гарчи эҳтиёж уруш давридагидек бўлмаса-да, ишлаб чиқариш қуввати сақлаб қолинди. Бу эса оммавий истеъмолни рағбатлантиришни талаб қилди. Натижада америкаликларнинг истеъмол эҳтиёжи ҳаёт тарзига сингиб, маданий қадрият сифатида шаклланди.
Бунда асосий тарғибот қуроллари сифатида турли шаклдаги реклама, ОАВ, киноиндустриядан кенг фойдаланилди. Урушдан кейинги “бахтли америкалик”нинг қиёфаси моддий бойлик, доимий харид ва дабдабали турмуш кечириш дея тасвирлана бошлади.
Ушбу ғоя, истаймизми-йўқми, жамиятимизда ҳам ўз таъсирини сездириб бормоқда. Унинг миллий қадриятлар, ёшлар ва уларнинг масъулияти, эркак ва аёл ўртасидаги ахлоқий муносабат, оиланинг маънавий илдизига салбий таъсири натижасида нафс ва ҳирсни қондириш, ёшликни ўйин-кулги билан ўтказиш ҳамда шу енгил йўлни ҳаёт тарзига айлантириш асосий ғояга айланди.
Ёшлардан энг муҳим масъулиятлар олиб ташланади, ўғил боланинг асосий сифати пул топиш ва бой бўлиш, қиз боланинг сифати гўзал ва мафтункор кўриниши билан ўлчана бошлади. Эркакларнинг асосий вазифаси бой бўлиш учун ҳар қандай пул топиш манбалари — қимор ўйинлари, ўғирлик, фирибгарлик, жиноятга қўл уришдан то тадбиркорликкача чегарасиз бўлса, аёллар жозибадор кўринишлари учун ахлоқ-одоб меъёрларини унутишлари табиий ҳолга айланди. Бойлик, моддият қаршисида соф инсоний туйғулар, фазилатлар, хусусан, меҳр ва муҳаббат эскилик сарқити сифатида четга чиқди.
Кейинчалик мазкур ғоянинг “цивилизациялашган” давлатларда кенг тарқалиши оқибатида ҳар хил ижтимоий иллатлар урчиди. Болалар ота-оналаридан узоқлашди, жамиятга қариялар уйи деган қараш кириб келди. Оилавий ажримлар ортди, қадриятлар инқирозга учради, беникоҳ яшаш табиий ҳолга айланди, диний қадриятлар, эътиқод бурчи олиб ташланиб, шунчаки маросим бўлиб қолди. Ёшлар орасида енгил-елпиликка берилиш, алкоголь, тамаки ва гиёҳвандлик моддалари истеъмоли кучайди.
Минг афсуски, ушбу ғоя чегаралардан ўтиб, бизнинг ҳаётимизда ҳам илдиз ота бошлади. Ёшларимизнинг дабдабали ҳаётга интилиши, қасрдай уй қуриш, қиммат машиналар олиш мақсади, шов-шувли тўй қилиш орзуси, бир сўз билан айтганда, маишат ва дабдабабозлик кайфияти кучайди. Эркак учун бойлик ва молиявий устунлик устувор мақсадга айланди. Аёл эркакнинг олдига янги ортиқча талабларни қўя бошлади.
Эшитилиши қўполроқ бўлса-да халқимизда чуқур мазмунга эга “Эр-хотин — қўш ҳўкиз” деган нақл бор. Унда оила юкини ҳамжиҳатликда тортиш, аҳил яшаш, бирга молиявий ривожланиш, фарзанд тарбиялаш, муаммоларни ҳал қилиш каби қимматли тамойиллар акс этган. Лекин янги истеъмолчилик ғояси таъсирида бу тушунчалар четга чиқа бошлади.
Талайгина диний қадриятлар инкор этилиб, нафс ва манфаатлар олдинга чиқди. Никоҳда маҳрга кўп ҳолларда келин куёвдан уй, автомобиль, қимматбаҳо буюмлар беришни, умра ва ҳажга олиб боришни талаб қилмоқда.
Жамиятимизда исрофгарчилик ва моддиятга берилиш иллати шиддат билан олға интилмоқда. Натижада ёшлар турмушга тайёргарликни билим олиш, касб-ҳунар ўрганиш, фарзанд тарбиялаш кўникмаларини ўзлаштиришга эмас, тез бойишда деб ҳисобламоқда. Бунга эришиш учун эса чет элда ишлаш, қимор ва тез пул келтирувчи бошқа ўйинлар ўйнаш, шу боис, кечроқ турмуш қуришни танлаш ёшларнинг таянган нуқтаси бўлиб қолди. Бу эса жамиятдаги маънавий ва ахлоқий мувозанатга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистонда никоҳлар сони 267 мингни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилдагига нисбатан 4,7 мингтага камайган. Ажримлар сони эса деярли 47 мингга етиб, 2024 йилдагидан 1,8 мингтага ошган.
Никоҳлар сони камайиши, аввало, никоҳ ёшининг кечикиши, иқтисодий барқарорликка интилиш билан изоҳланади. Ажрашишлар ошиши эса оилавий муносабатлардаги сифат ўзгаришларидан далолат беради. Айниқса, ажримларнинг 60 фоиздан ортиғи шаҳарларга тўғри келаётгани шаҳар муҳитида индивидуал эркинлик ва иқтисодий мустақиллик юқорилигини кўрсатади.
Қизиқ, эркинлик, молиявий мустақиллик каби иборалар бир қарашда жуда ёқимли эшитилади. Инсон пул ва моддият билан етарлича таъминланса, бунинг нимаси ёмон дейиш мумкин. Аммо айни шу омиллар ўзгача маъно касб этиб, алдамчи ниқобга айланиб, ажримлар кўпайишига, никоҳ камайишига, пировардида демографик салбий ўзгаришларга сабаб бўлаётирки, буни инобатга олишимиз зарур.
Яна бир ачинарли жиҳат шуки, бугун ахборот тарқатишда энг устувор восита бўлган ижтимоий тармоқлар ҳам антимаромийлик — меъёрни бузиш ғоялари тарғиботчисига айланди. Контентларнинг аксарияти гедонизм — ҳаётдан лаззат олишга мойиллик, экзистенциализм — ҳаёт маъносини инсоннинг ўзи яратиши, романтик нигилизм — жамият қоидаларини рад этиш, исёнкорлик ва ўз-ўзини йўқ қилишга мойил руҳият каби ғояларни оммалаштириш қуролига айланди.
Ижтимоий тармоқлар вайнерлари доим дабдабали ҳаёт, қиммат ва чиройли буюмлар, эксклюзив саёҳатлар, глобал тажрибаларни кенг тарғиб қилиб, аёллар ва ёшларнинг онгига гўзал ҳамда навқирон кўриниш, ҳаётдан фақат ўйин-кулги ва моддий лаззат олиш каби қарашларга урғу беряпти. Маром ва меъёрга салбий таъсир этувчи ғоялар маънавий ва ахлоқий масъулиятни камситиш, нафс ҳамда истеъмолчиликка мойилликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Шу ўринда Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари, олимлар ва зиёлилар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган маромийлик ғоясига тўхталиб ўтсак. Бу ғоя юқоридаги каби тенденцияларга қарши қаратилган бўлиб, инсонни нафс эмас, ақл ва маънавият бошқариши лозимлигини тарғиб этувчи муқобил ва барқарор ғоядир.
Маромийлик инсон ҳаётида меъёр, масъулият, сабр, маънавий маром ва келажакни ҳисобга олган ҳолда яшаш тарзини англатади. Дабдаба ва анъанага ўранган истеъмолчилик эса, аксинча, ҳозирни, бугунги лаззатни биринчи ўринга қўйиб, келажак масъулиятини иккинчи даражага туширади.
Таҳлилларга кўра, бундай истеъмолчилик инсонда сунъий эҳтиёжлар яратади, қаноат ҳиссини йўқотади ва доимий қониқмаслик ҳолатини шакллантиради. Бу жараён, айниқса, ёшлар онгида хавфли тус олади. Чунки дунёқараши ҳали тўлиқ шаклланмаган ёшлар учун истеъмолчилик меҳнат ва сабр ўрнини тез бойиш истаги билан, маънавий камолот ўрнини ташқи кўриниш ва дабдаба билан, оилавий масъулият ўрнини шахсий манфаат билан алмаштиради.
Жамиятимизнинг маънавий иқлимидаги асл манзарани кўриш, оғриқ нуқталаримиздан бохабар бўлиш мақсадида 2024-2025 йилларда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан барча ҳудудларимизда социологик тадқиқот ўтказилди. Сўровларда 378 минг юртдошимиз иштирок этди. Қуйида тадқиқот натижасида аниқланган айрим маълумотларни келтириб ўтамиз.
Урф-одат ва маросимларнинг серхаражатлиги 14,6 фоиз ҳолатда оилавий ажрашишларга сабаб бўлмоқда. Тадқиқотда иштирок этган респондентларнинг атиги 21 фоизи бугунги кунда оилавий тадбирлар Covid-19 пандемияси вақтидаги каби кўпи билан 30 кишини таклиф қилган ҳолда камхарж ўтказилишини қўллаб-қувватлайди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 5 фоиз камайган.
Респондентлардан жамиятдаги энг керакли қадриятлар ҳақида сўралганида “меҳнатсеварлик” деган жавоб 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2 фоиз камайган, яъни бугунги кунда жамиятда ҳалол меҳнат орқали ижтимоий эҳтиёжларини қондириш даражаси пасаймоқда.
Сўровнома вақтида 26,5 фоиз респондент ортиқча маблағини фарзандлар тарбияси ва уларни хорижда ўқитишга сарфлашга тайёрлиги аниқланди. Ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос давридагига нисбатан 3,7 фоиз пасайган, яъни фарзандларининг таълим-тарбиясига инвестиция киритиш истагида бўлган фуқаролар улуши камаймоқда.
Ташқи мафкуравий таъсирлар ва оммавий маданиятнинг жамиятимизга кириб келиши сабабли ёшларнинг хулқ-атвори ва маънавиятидаги ўзгаришлар ўрта ёш ва кекса аҳоли вакиллари томонидан 69,3 фоиз ҳолатда салбий баҳоланмоқда.
Ушбу муаммоли нуқтада Республика Маънавият ва маърифат маркази миллат зиёлиларини ўз атрофида бирлаштириб, маънавий қадриятларимизга, жамият бирдамлиги ва ижтимоий ҳаётига салбий таъсир қилаётган иллатларга қарши чоралар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни энг муҳим вазифалардан бири сифатида ўз олдига қўйди.
Бу вазифалар доирасида маромийлик концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, маромийлик тарғиботини, айниқса, ёшлар орасида кенг йўлга қўйиш, катта авлоднинг, зиёлиларнинг, турли соҳа фаолларининг тарғиботчилик хусусиятларини янада оширишга эътибор қаратилади. Ёшлар онгида истеъмолчилик таъсирини камайтириш ва маънавий барқарорликни таъминлаш учун барча соҳаларда, айниқса, таълим ва ижтимоий ташкилотларда тарғибот ва маърифий ишларни кенг йўлга қўйиш лозим.
Антимаромийлик ғояларига қарши барқарор маърифий муҳит яратишда ижтимоий тармоқларнинг ҳиссаси ниҳоятда катта. Шу маънода, яна бир устувор вазифа сифатида медиаконтентларнинг жамиятдаги меъёр ва мўътадилликка салбий таъсир қилувчи ғоялар тарғиботини доимий мониторинг қилиш, уларга қарши таъсирчан ғояларни илгари сурувчи медиарежаларни амалга ошириш чоралари кўрилади. Миллий контентлар меъёр тарғиботини кучайтиришга ва маромийликни кундалик ҳаёт тарзимизга айлантиришга йўналтирилади.
Маромийликнинг таълим муассасалари ва ижтимоий ташкилотларда кенг тарғиб этилиши маърифий дастурлар, семинарлар ва машғулотлар орқали амалга оширилади. Мазкур ғоя тарғиботида ўқитувчи ва мураббийлар, устозлар улушини ошириш ғоянинг тарбиявий жиҳатларини, маънавий қийматини ёшлар онгига сингдиришга самарали хизмат қилади.
Маромийликни таъминлашда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, бу ғояни ривожлантириш учун ёшлар томонидан илгари сурилган лойиҳа ва ташаббусларни ўрганиш, уларнинг қалбига қулоқ тутиш концепциядан кутилаётган натижани оширади.
Аслида, маромийлик деган тушунча бизга бегона эмас, кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Ҳаётда ҳам, оилада ҳам кишилар билан муносабатларда меъёр, маром, мўътадиллик, мувозанат лозим. Минг йиллар давомида халқимиз шундай қадриятлар асосида яшашган. Бугунги глобал даврда эса миллий қадриятларига таянган, уни ҳурмат қилиб, замонавий дунё билан юзлаша оладиган масъулиятли авлодларгина яшаб қолади, келажакка хизмат қила олади.
Боту АЛИМОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
раҳбарининг биринчи ўринбосари