Ўзбекистондаги очиқлик ва шаффофликка асосланган прагматик сиёсат хорижий мамлакатлар вакилларининг юртимизга қизиқишини, инвестор, турист сифатидаги интилишини оширяпти. Ўз навбатида, ўзбек йигит-қизлари ҳам билими ва касбий тажрибасини ошириш учун ривожланган чет давлатларга боряпти. Тадбиркорликка кенг йўл очилгани, аҳоли даромадларининг ошаётгани юртдошларимизнинг тадбиркорлик, сайёҳлик мақсадида хорижга сафар қилишига туртки бермоқда. Шубҳасиз, бу муносабатларда чет тилини билиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитишга қаратилган эътиборни бугун ҳар қачонгидан юқори деб баҳолаш мумкин.

Чет тиллар бўйича малакали мутахассислар тайёрлашда Самарқанд давлат чет тиллар институтининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Бугунги кунда олий таълим муассасамизда Ўн иккита тил бўйича бакалавр ҳамда магистрлар тайёрланяпти. Хорижий мамлакатлар билан алоқаларимиз мустаҳкамлангани сайин институтимизга ўқишга кириш учун ҳужжат топширувчилар ҳамда талабалар сони йилдан йилга тобора ортиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан янгидан-янги ўқув бинолари, талабалар турар жойлари ва кутубхоналарни қуришни, жумладан, янги таълим йўналишлари, факулътетлар ҳамда филиалларни очишни тақозо этмоқда.

Президентимиз ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида фаоллар билан учрашди. Мулоқот асносида давлатимиз раҳбари вилоят миқёсида олий таълим тизимида катта ўзгаришлар бўлишини маълум қилди ҳамда масъулларга қатор вазифа ва кўрсатмалар берди. Ушбу топшириқларга биноан, 2021-2022 ўқув йилида вилоятнинг Нарпай ҳамда Пайариқ туманларида институтимизнинг мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (инглиз тили) ҳамда хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили факультетларини ташкил этяпмиз. Шу ўринда “Нега айнан ушбу икки туманда очиляпти?” деган савол туғилиши табиий.

Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, Нарпай туманидаги хизмат кўрсатиш техникуми ҳамда Пайариқ туманидаги иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежлари Самарқанд давлат чет тиллар институти тасарруфига ўтказилган. Ушбу икки тумандаги иншоотлар ҳам эскириб, фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Биз буларни тўлиғича қайта таъмирдан чиқарамиз, талабаларнинг замонавий таълим олиши учун зарур имкониятларни яратамиз. Бу борада бажариладиган вазифаларни белгилаб олдик.

Соҳага тегишли вазирлик масъуллари билан бирга мазкур икки туманда очиладиган факультетларнинг ҳар бирига юз нафардан абитуриентни талабаликка қабул қилишни режалаштиряпмиз. Бундан кўзланган асосий мақсад чекка ҳудудлардаги ёшларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг олий таълим муассасаларига қамровини оширишдир.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ўқиш даврида талабаларни ётоқхона билан таъминлаш, ижара пулининг муайян қисмини тўлаб бериш бўйича олий таълим муассасалари зиммасига баъзи вазифалар юкланган. Улар ижроси билан ҳам шуғулланяпмиз.

Айни пайтда Самарқанд давлат чет тиллар институтида 7 минг 803 нафар бакалавр ва магистрант таҳсил олмоқда. Уларнинг 638 нафари муассасамиздаги мавжуд талабалар турар жойида яшайди. 1 минг 979 нафари институт атрофидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонлар ижарада истиқомат қилмоқда. Қолган талабалар Самарқанд шаҳри ва яқин туманлардан қатнаб ўқийди.

Эҳтиёжимиздан келиб чиқиб, 2021-2022 ўқув йили учун 20 миллиард сўмга давлат-хусусий шериклик асосида 600 ўринлик талабалар турар жойи, шунингдек, институт маблағлари ҳисобидан уч қаватли замонавий ахборот-ресурс маркази қурилади.

Ҳозир мавжуд ва фойдаланишга яроқсиз минг ўринлик тўрт қаватли ўқув биноси ҳамда икки юз кишилик талабалар турар жойи тўлиқ мукаммал қайта таъмирдан чиқарилиб, бу йил ноябрь ойида фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз. Биз бу ишларни бажариб, талабаларни турар жой билан тўлиқ таъминлаймиз. Шунингдек, йигит-қизларнинг замон талабларига мос жиҳозланган ўқув хоналарида таълим олишига шароит ҳозирлаймиз.

Бундан ташқари, мазкур фармонга мувофиқ, институт атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган “Темир дафтар”, “Ёшлар” дафтари” рўйхатида турган уюшмаган ёшларни бирлаштириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда бандлигини таъминлаш учун қатор ишларни бажаришни мақсад қилиб олдик. Жумладан, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича психологик марказ ташкил этмоқчимиз. Шунингдек, компьютер саводхонлиги, тадбиркорлик ва касбга йўналтириш, чет тили курслари, китобхонлик, стол тенниси, футбол, волейбол, шахмат-шашка тўгараклари, “Заковат”, “Қувноқлар ва зукколар” клублари, “Таржимон” театр студияларига ёшларни жалб қиламиз.

Ушбу тизим орқали уч юз ёшнинг бандлигини таъминлаш, икки юз йигит-қизни касб-ҳунарли қилиш, яна шунчасининг тил билиш даражаси ошириш, уч юз эллик ёшни олий таълим муассасасига қамраб олиш, минг нафар ёшнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишни мақсад қилганмиз.

Институтимиз талабаларининг қизиқишидан келиб чиқиб, Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда мусиқа ижрочилиги, анъанавий хонандалик ва рақс санъати бўйича ҳаваскорлик ансамбллари ташкил этилади. Вилоят маданият бошкармаси билан ҳамкорликда институтда ҳафтада икки марта, талабалар турар жойида ҳафтада бир марта таниқли маданият ва санъат ходимлари билан ижодий учрашувлар, спектакллар, концерт-томоша дастурлари, миллий мақом куйлари кечаларини ташкил этиш режалаштирилди.

Бу ишлар замирида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларга янада кўпроқ имконият ва енгиллик бериш мақсади мужассам. Ушбу саъй-ҳаракатлар ўзбек ўғил-қизларининг жамиятда ўз ўрнини топиши ҳамда халқаро доирада рақобатбардош, юртимиз номини юксакка кўтарадиган мутахассислар бўлиб етишишига хизмат қилади.

Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор